15.03.2026

МЕН ҲАМ БОЙ БЎЛГАНИМДА ЯХШИЛИК ҚИЛАРДИМ

 Муқаддас динимиз бўлмиш ислом дини Одам боласини, инсониятни фақатгина яхшилик қилиш, ширинсухан бўлиш, бировни оғирини енгил қилиш, етимни бошини силаш, канбағалга ёрдам бериш, силаи раҳм қилмоқ, қўшнига озор бермаслик каби жуда кўплаб-кўплаб яхши ишларни қилишга буюради.

Аллоҳ таолонинг Каломида келтирилган оятлар ва шу билан бирга Расулуллоҳнинг  соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларига бир назар ташласак. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“Тақволи зотларга: Раббингиз (Ўз Пайғамбарига) нимани нозил қилди? дейилганида улар: Яхшиликни, дейишади. Бу дунёда яхшилик қилганлар учун чиройли мукофот бўлур (Наҳл, 30)”.

Аллоҳ таоло яхшиликни бундай баён этади:

“(Яхшилик) бўйинни (қулликдан) озод этиш, ёки очарчилик кунида бирор қардош етимга ё муҳтож бечора-мискинга таом беришдир (Балад, 13-16)”.

Яна,

“Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса. Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга, ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир (Бақара, 177)”.

Юқоридаги оятлардан сўнг, ўйлайманки яхшилик тўғрисидаги фикр ва қарашларимиз анча кенгайди. Демак, яхшилик қилиш ҳар биримизнинг бурчимиз. Хўш, биз бурчимизни қай даражада бажаряпмиз? Дунё ишин бир зумга четга суриб, ўтган кунларингизга бир назар солинг. Кимга қандай яхшилик қилдингиз? Атрофимиз тўла муҳтож инсонлар. Уларга қанчалик ёрдам бера олдингиз? Қанчалар ожиз эканлигимизни шу саволларга жавоб бера олмай, бошимизни қуйи солганимизда ҳис қиламиз. Баъзи инсонлар “Мен ҳам бой бўлганимда яхшилик қилардим” дейди. Лекин яхшилик деганда фақат моддий томондан кўрсатилган ёрдам тушунилмайди. Мазлумларнинг, етим-есирларнинг бошини силаб, кўнглини кўтариш, ширин сўзини ўзгадан қизғонмаслик, меҳрини аямаслик ҳам бир яхшилик. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким етимнинг бошини раҳм қилиб силаса, Аллоҳ таоло унга қўли теккан ҳар бир соч миқдорича яхшилик ёзади, ҳар бир соч миқдорича ёмонликларини ўчиради ва ҳар бир соч миқдорича унинг даражасини кўтаради». Бошқа бир ривоятда айтилади: «Ким етимнинг бошини силаса, фақат Аллоҳ учун силаса, қўли силаб ўтган ҳар бир соч учун унга ҳасанот бордир. Ким ўзининг олдидаги етимларга яхшилик қилса, у билан мен жаннатда мана шундай бўламиз», деб Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки бармоқларини бир бирига яқинлаштирдилар. Ибн Аббос (р.а.) нақл қиладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Ким мусулмоннинг етимлари орасидан бир етимнинг овқатига, ичимлигига қўшса, Аллоҳ уни беҳожат қилиб қўяди ва унга жаннатни, албатта, вожиб қилади, илло Аллоҳ кечирмайдиган амаллар қилган бўлса, (ундай бўлмайди). Кимнинг кўзини Аллоҳ кетказган бўлса ва у сабр қилса, албатта, унга Аллоҳ жаннатни вожиб қилади, илло Аллоҳ кечирмайдиган амал қилган бўлса, (ундай бўлмайди)”. Шундай экан биз моддий томондан муҳтожларга ёрдам беришга қурбимиз етмаса, маънавий томондан уларни қўллаб-қувватлашимиз ҳам бир  яхшиликдир.

Аллоҳ таоло ҳар биримизни бу дунёда ўзгаларга манфаат етказадиган инсонлардан қилсин.

 

Омонов Оллоёр – “Имом Термизий” ЎМИТМ, Ўқув услубий бўлим бошлиғи

 

 “Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar