Таомни ёмонламаслик!
Ҳар куни дастурхонимизга қўйилган неъматларга эътибор берсак, кўпинча уларни мақташ ўрнига айблашга ўрганиб қолганимизни сезамиз. Овқат ҳақида “шўр бўлибди”, “сув кўп экан”, “мазаси йўқ” каби гаплар оғзимиздан осон чиқади. Афсуски, бу ҳолат аста-секин одатий ҳолга айланиб бормоқда.
Аслида эса бу одат гўзал исломий ахлоққа зид, балки суннатга ҳам хилофдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва салламнинг бу борадаги одобларига назар солайлик:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ أنه ما عاب طعاما قط إن اشتهاه أكله وإن لم يشتهه تركه
Маъноси: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алйҳи ва саллам ҳеч қачон таомни ёмонламаганлар. Агар иштаҳалари тортса, ер эдилар, ёқтирмасалар эса, шунчаки тарк этар эдилар.
(Абу Довуд ривояти, 3757-ҳадис)
Бу ҳадис бизга жуда нозик, лекин муҳим одобни ўргатади. Таомни айбламаслик бу нафақат суннат, балки инсонийлик ва аҳли аёлга ҳурмат белгиси ҳамдир.
Нимага таомни айбламаслик керак?
1. Неъматга ҳурматсизлик
Ҳар бир луқма Аллоҳ таолонинг неъмати. Уни камситиш аслида неъматни қадрламаслик ҳисобланади. Ҳолбуки, бошқа жойларда одамлар бир парча нон тополмай қийналаётганини ижтимоий тармоқларда кўриб турибмиз.
2. Меҳнатни қадрламаслик
Дастурхонимизга келгунча таом ортида кимларнингдир меҳнати ётади: уни пиширган инсон, маҳсулотни етиштирган деҳқон, олиб келган инсонлар. Биргина “ёқимсиз” деган гап уларнинг меҳнатига қадрсиздек муносабатда бўлишдир.
3. Инсон қалбини оғритиш
Кўпинча таомни яқинларимиз - она, опа-сингил ёки турмуш ўртоғимиз тайёрлайди. Таомни танқид қилиш уларнинг қалбини оғритади. Бу эса оиладаги меҳрни камайтиради.
Тасаввур қилинг, она меҳр билан тайёрлаган овқатни “мазаси йўқ” деб қўйиш унинг қалбига оғир ботади. Бу четдан қараганда қандай ҳам ёмон ва ёқимсиз ҳолат.
Аслида эса, ёқмаса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам каби жим туриб қўйиш энг гўзал йўл.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак таомни айбламаслик кичик амалдек кўринса-да, катта одобдир. Бу орқали инсон неъматни қадрлайди, бошқаларнинг меҳнатини ҳурмат қилади, яқинларининг қалбини асрайди ва энг муҳими — суннатга амал қилган бўлади. Келинг, бугундан бошлаб оддий бир одатни ўзгартирайлик:
ёқмаган таомни ёмонламайлик, балки сукут билан тарк этайлик. Аллоҳ таоло бизни неъматларни қадрлайдиган, гўзал хулқли бандаларидан қилсин.
Жуманазаров Ҳабибулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ натбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar