20.09.2022

Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш садақадир

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шуни алоҳида таъкидлайдиларки, ислом дини инсонга, унинг дунё ва охират ҳаётига доир барча ишларни ислоҳ этиш ва тартибга солиш учун келган бўлиб, дин ва дунё, ижтимоий ва руҳий ҳаёт ўртасини асло ажратмайди.Онгли мусулмон тасаввурида инсоннинг барча нияти ва амали Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат каби бўлади. Шунинг учун ҳам мусулмон кишига яхшилик эшиклари доимо очиқ. У Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва марҳамати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.  Ана шундай савоб ишлардан бири инсонлар ўртасини ислоҳ қилишдир. Бу дунё имтиҳон дунёсидир. Ўзидан яхши ном қолдириш истагида бўлган ҳар қандай киши ҳаётини эзгу амаллар, гўзал хулқлар билан ўтказиши лозим. Барча инсонларга бирдек яхшилик қилиш, мурувват кўрсатиш, меҳр-оқибатли бўлиш ва ўзаро келиша олмай қолган инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш инсоний фазилатдир. Бу тўғрида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб айтади:Албатта, мўминлар ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз” (Ҳужурот, 10). Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этиш садақадир. Бир кишининг уловига минишига ёрдам бериш ва юкини уловига юклаб бериш садақадир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтиш садақадир. Намоз сари босган ҳар бир қадами баробарида садақа бор ва одамларга азият берадиган нарсаларни йўлдан олиб қўйиш садақадир”, дедилар (Бухорий ривояти).Инсонлар ўзаро аҳил-иноқ яшашлари ва бир-бирларига меҳр-оқибатли бўлишлари жамият фаровонлигидандир. Ҳатто ўзаро келишмовчилик, адоват, гина-кудурат оқибати ёмонлиги сабабли муқаддас динимизда инсонлар орасини ислоҳ этиш баъзи нафл ибодатлардан афзал эканлиги баёни келади. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга (нафл) рўза, намоз, садақа даражасидан афзал ишни хабарини берайми?” Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулаллоҳ!” дедилар. Шунда у зот: “Келишолмай қолганларнинг орасини ислоҳ қилиш. Чунки, келишмовчиликнинг фасоди “қирувчидир” (худди сартарош сочни қириб олганидек)”, дедилар (Баззор ривояти).  Инсонлар ўртасини ислоҳ қилиш шу даражада муҳимлигини қарангки, бу иш сабабли бандачиликда қилган баъзи гуноҳларимизга каффорат бўлар экан.      Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким инсонлар ўртасини ислоҳ қилса, Аллоҳ унинг ишини ислоҳ қилади ва улар учун айтган ҳар бир сўзига бир қул озод қилганлик савобини беради, у улар олдидан гуноҳларидан кечирилган ҳолатда қайтади”, дедилар(Асбаҳоний ривояти).     Демак, мусулмон киши бу амалларни қилиш орқали улуғ савобларга эришиши билан ўзи яшаётган жамият фаровонлиги, саодати йўлида хайрли ишларни адо этган бўлар экан. Бугун мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик, хонадонимиздаги осойишталик дастурхонларимиздаги тўкинлик Яратганнинг биз бандаларига кўрсатаётган чексиз раҳматидандир.Яхшиликлар, савобли амаллар бардавом бўлган эл-юрт мустаҳкам бўлиб, тараққий этади. Аллоҳ таоло ўзаро аҳил-иноқ яшаш ва бир-бирламизга меҳр-оқибатли бўлиб жамият фаровонлигида ўз ҳиссамизни қушишга муваффақ этсин!

Сариосиё туман Имом Низомиддин 

Сангардакий жоме масжиди имом хатиби 

Обиджон Исмоилов

Izoh qoldirish

Izohlar