27.09.2022

ЎРТА АСРЛАРДА «СУНАН ТЕРМИЗИЙ»ГА ЁЗИЛГАН ШАРҲЛАР (Биринчи қисм)

Ушбу мақолада “Сунан Термизий”нинг ўрта асрларда ёзилган шарҳлари ва у шарҳ китобларнинг муаллифларининг исм-шарифлари, яшаган даврлари ёхуд вафот этган йиллари ҳақида қисқача таҳлилий маълумотлар баён этилган. Шунингдек, ушбу шарҳ китобларнинг йўналиши, қамрови, мукаммал ё маълум бир қисмини шарҳланганлиги борасида ҳам маълумот берилган. Қолаверса, “Сунан Термизий”нинг учта қисқартма ва сайланмалари ҳақида сўз юритилган. 

Имом Термизийнинг «Сунан Термизий» асарига Аллоҳ таоло мақбуллик бағишлаган бўлиб, у кейинги давр олимлари, аҳли илмлари томонидан қайта-қайта ўрганилган, тадқиқ ва таҳлил қилинган. Ҳозиргача бу муқаддас анъана давом этиб келаётгани қувонарлидир. Асрлар давомида «Сунан Термизий» қўлёзмалари дунёнинг турли томонларига тарқаб кетган. Машҳур ва моҳир хаттотлар уни қайта-қайта китобат қилганлар. Жумладан, Қуддусда яшаган Абу Наср ал-Мўътаман ас-Сожий (445 - 507/1053 - 1113) муҳаддис бобомизнинг мазкур тўпламини олти марта тўлиқ кўчириб чиққанлиги нақл қилинган.

Имом Термизийнинг «Сунан Термизий» асари матни илк бор Мисрнинг Булоқ шаҳрида 1292/1875 йили нашр қилинган бўлиб, унинг ҳошиясида «ал-Азҳар»нинг уламоларидан Аҳмад ар-Рифоъий ал-Моликийнинг изоҳлари ўрин олган эди. Шундан сўнг Деҳлида бир неча бор нашр қилинган.

«Сунан Термизий»га қанчадан-қанча тажридлар, мустахражлар, ҳошиялар, мухтасарлар тузилган. Жумладан, Ибн ал-Кайсароний (448 - 507/1057 - 1114) «Сунан Термизий»нинг «атроф»ларига бағишланган 10 жилдлик манба яратган. «Атроф» ҳадис китобларининг бир тури бўлиб, бугунги кундаги кўрсаткичлар туркумига киритиш мумкин.

«Сунан Термизий»га битилган шарҳларнинг саноғини аниқлаш имконсиз. Мазкур шарҳлар ўрганилар экан, уларни нашр этилган, қўлёзма шаклида мавжуд, лекин чоп этилмаган ҳамда бугунги кунгача сақланиб қолмаган каби учта туркумга тасниф қилиб ўрганиш мумкин. Олимларнинг асарларни шарҳлашда қўллаган услуб ва шартлари уларнинг оммалашуви ва эътироф этилишида муҳим омил ҳисобланади. «Сунан Термизий»га нафақат аҳли суннат ва жамоат олимлари, балки ундан ташқари бўлган тоифа вакиллари томонидан ҳам шарҳ ва таълиқлар битилганини айтиб ўтиш ўринли. Лекин асарга битилган шарҳ ва таълиқларнинг кўпчилиги аҳли суннат ва жамоатнинг энг катта ва салмоқли мазҳаби – ҳанафийлик олимлари ҳиссасига тўғри келади. Шарҳларнинг аксарияти борасида бу ерда маълумот беришни лозим топдик:

1) «Шарҳ Жомеъ Термизий». Унинг муаллифи «ал-Ҳоким ал-Кабир» лақаби билан танилган Абу Аҳмад Муҳаммад ибн Муҳаммад ан-Найсобурий ал-Каробисий (285 - 378/898 - 988) дир. Ушбу шарҳ бизнинг кунимизгача етиб келмаган бўлиб, «Сунан Термизий»га битилган илк шарҳлардан бири ҳисобланади. Ал-Ҳоким ал-Кабир ан-Найсобурий раҳимаҳуллоҳ бир муддат қадим Шош - Тошкентда козикалон бўлиб фаолият олиб борган.

2) «Оризату-л-аҳвазий би-шарҳ «Саҳиҳ Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи моликий мазҳабининг таниқли фақиҳи ва муҳаддиси Абу Бакр Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн ал-Арабий ал-Муъофирий ал-Ишбилий (468 – 546/1076 – 1151) бўлиб, у зот «Ибн ал-Арабий ал-Моликий» номи билан танилганлар. Шарҳ анча батафсил бўлиб, асосан, унда муаллиф Абу Исо Термизийнинг фиқҳга оид фикрларини шарҳлашга ва уларни тўлдиришга эътибор берганлар. Шунингдек, шарҳда ҳар бир ҳадис тўрт жиҳатдан таҳлил қилинган:

– Ҳадис исноди таҳлил қилинган; 

– Ҳадис матни наҳвий жиҳатдан кўриб чиқилган; 

– Ҳадисдан олинадиган фиқҳий ҳукмлар таҳқиқ этилган; 

– Ақидавий жиҳатига эътибор қаратилган. Шунинг учун кейинги даврнинг барча муҳаддис шориҳлари ушбу асарга мурожаат этганлар.

Шунингдек, «Оризату-л-аҳвазий»да «ал-Илалу-с-сағир» асари ҳам шарҳланган.

Китоб 1299/1882 йили ва 1350 – 1352/1931 – 1933 йилларда Конипур ва Қоҳира шаҳарларида 13 жилдда ҳамда 1997 йили Байрут шаҳрида жойлашган машҳур «Дору-л-кутуб ал-илмия» нашриётида 14 жилдда чоп қилинган.

3) «Ан-Нафҳу-ш-шазий фий шарҳ «Жомеъ Термизий». Бу шарҳнинг муаллифи Ҳофиз Абу-л-Фатҳ Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Яъмурий (671 - 734/1273 — 1334) бўлиб, у зот «Ибн Саййид ан-Носс ал-Андалусий» номи билан машҳур. Бу шарҳ кенг тарқалган бўлса-да, муаллиф уни охирига етказа олмаган.[1] Яъни Ибн Саййид ан-Носс «Жомеъ Термизий»ни бошидан 316 та ҳадисни шарҳлашга улгурган. Тадқиқотчилар мазкур шарҳ агар охирига етказилганида, «Жомеъ ас-Сунан»нинг энг мукаммал ва энг муфассал шарҳларидан бири бўлар эди деганлар. Гарчанд у ўн жилддан иборат шарҳ битган бўлса-да, унинг охирига етказиш учун фурсат топмаган. Шарҳнинг бунчалик чўзилиб кетишлигининг боиси шундаки, муаллиф ўз асари доирасини фақат ҳадис фанига алоқадор масалалар билан чекланиб қолмай, балки унга бошқа фанларга доир маълумотларни ҳам киритган.

Аллома Чалабий шундай деган: «Агар муаллиф ўз шарҳида фақат ҳадис фани билан чегараланганда эди уни тамомига етказар эди, лекин у (муаллиф) Аллоҳга ҳамд айтамизки, ҳимматли иш қилган. Сўнгра ундан қолганларини охирига етказган ал-Ҳофиз Зайнуддин Абдураҳим ибн Ҳусайн ал-Ироқий бўлиб, «ал-Алфия»[2] нинг муаллифи (ваф. 1403)дир. Бу китобнинг тўлиқ бир нусхаси Мадинаи Мунавварадаги кутубхонада сақланади.

4) «Такмила «ан-Нафҳу-ш-шазий». Ушбу шарҳ юқорида айтилган Ибн Саййид ан-Носснинг «ан-Нафҳу-ш-шазий» номли шарҳининг тўлдирувчиси ҳисобланади. Асар Зайнуддин Абдурраҳмон ибн Ҳусайн ал-Ироқий ал-Курдий (725 – 806/1325 - 1404) қаламига мансуб. Зайниддин ал-Ироқий мазкур шарҳни ҳақиқий шориҳнинг услубида давом эттириб охирига етказишга ҳаракат қилиб кўрган. Лекин у зот ҳам уддасидан чиқа олмаган, вафоти туфайли бу шарҳ ҳам охирига етмаган.

5) «Шарҳ завоид Термизий ъала-с-Саҳиҳайн». Ушбу шарҳ муаллифи Сирожуддин Абу Ҳафс Умар ибн Али ибн Аҳмад ал-Ансорий ал-Андалусий (723 – 804/1323 – 1402) «Ибн ал-Мулаққин» куняси билан танилган. Китобда Имом Бухорий ва Имом Муслимнинг саҳиҳ ҳадислар тўпламларида келтирилмаган ҳадислар шарҳ қилинган. Шунингдек, «Сунани Абу Довуд»да келмаган ҳадислар шарҳига катта эътибор қаратилган. 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:

  1. Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун. 1-жилд. – Байрут: Дор эҳё ат-турос ал-арабий, 2004. – Б.320.
  2. Ҳожи Халифа. Кашф аз-зунун ан асмомил кутуб вал-фунун. – Истанбул: Дорус-салом.1941- 43. Ж. 1, 2. –Б.122.
  3. Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий, 1-жилд. – Риёз: Дору Таййиба, 2005. – Б.563.
  4. Ҳ.Аминов, М.Исмоилов, Ҳ.Абиев, Б.Абдуллаев. “Шарҳ Сунан Термизий”. – Тошкент:Ирфон Нашр. 2021. – Б.400.

 

 

Низомиддинов Ҳошимжон Муҳаммаджонович

Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси докторанти

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar