28.09.2022

Лоқайдлик энг ёмон иллат

Ҳар бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша юртда тараққиёт бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган даврига назар ташласак,  юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю -томошалар, байраму- шодиёналар бўлмоқда. 

Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб бормоғимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида марҳамат қилиб: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, - деганлар.

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини айримлар тушунмайди. Пайғамбар (алайҳиссалом) таъкидлаганларидек: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”. 

Ислом динида тинчликни улуғлаш комил мўминликнинг муҳим белгиларидан бири ҳисобланади. Тинчликни қадрлаш, осойишта ҳаёт учун шукроналик, уни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашнинг зарурий шарти ҳисобланади. Ислом таълимотида масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Қуръони каримда “Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур” (Исро,83), - деб қайд этилганини фикримизнинг исботи бўла олади

Мавжуд тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етмаслик, тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга лоқайдлик, бепарволик билан қараш берилган ушбу бебаҳо неъматга нисбатан улкан ношукрликдир. 

Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларидаги ушбу қимматбаҳо фикрларни келтириш ўринлидир: “Азалдан маълумки,  бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради. 

Машҳур файласуфлардан бири ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур таҳлил этиб, қуйидаги ҳаққоний фикрларни баён қилган: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.

Улуғ бобомиз Алишер Навоий: “Дўстлар фикридан ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва бу иш надоматдин ўзга натижа бермас”дея таълим беради. 

Лоқайдлик ва бепарволик инсониятга катта зарарлар келтириши ҳақида Абдураҳмон Жомий шундай дейди: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир”.

Ҳар бир вужудга келадиган ҳолатлардан огоҳ бўлиб, дарҳол олдини олиш зарурлиги ҳақида яна бир улуғ бобомиз Мирзо Бобур шундай дейди: 

Кучинг етар экан, оловни шу он ўчир.

Агар аланга олса, жаҳонни куйдиради.

Бизнинг  динимиз муқаддас Ислом  дини ўз  номи  билан тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги  асосий даъват инсонларни  тинчликка чақириш, Ер  юзида  осойишта ҳаёт  ўрнатиш,  кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга,  дини,  миллати, ирқидан  қатъий  назар, ўзаро иззат-ҳурмат  кўрсатишга, бепарво ва лоқайд бўлмасликка  чорлашдир. Қуръони  каримда  бу ҳақда   Аллоҳ  таоло шундай  марҳамат  қилади:

يَا ايّها الذّينَ آمنوا ادْخلوا في السّلم كَآفَّة...

          “Эй,  иймон келтирганлар! Ёппасига итоатга  киришингиз  ва шайтоннинг  изидан   эргашмангиз!...” (Бақара  сураси, 208-ояти).

          Ушбу  ояти каримадаги  “Коффатан” (яъни  ёппасига)  сўзи араб  тили  қоидасига биноан ҳол   вазифасини  бажармоқда. Тафсир  китобларида келтиришича,  мана  шу биргина  сўз  бир жиҳатдан барча  инсонлар  бирлашган ҳолда  тинчлик  йўлини тутишлари  лозимлигини  билдирса, бошқа  жиҳатдан  тинчликни барқарорлаштириш  учун   қайси йўл билан  бўлса  ҳам ҳисса  қўшиш  зарурлигини билдиради. 

Бу бoрaдa Муҳтарам Юртбoшимизнинг қуйидaги фикрини келтириш ўринлидир:

“Бир ҳaқиқaт ҳaммaмиз учун aён бўлиши кeрaк: ҳушёрлик, oгoҳ бўлиб яшaш, бу бир кунлик ёки бир oйлик мaсaлa эмас, бaлки кундaлик иш , кундaлик aмaлий ҳaрaкaт бўлиши кeрaк”. 

Ҳар бир мусулмон киши ер юзида тинчлик, осойишталик ва адолат ўрнатиш учун Аллоҳ олдида масъулдир. Динимизда барча халқларнинг осойишталиги ва хавфсизлигига раҳна соладиган ўзбошимчалик хатти-ҳаракатлари ҳамда террорнинг барча кўринишлари бузғунчилик ва фасод амал саналади. Бу амаллар эса Қуръони каримда мунофиқларнинг амали сифатида баҳоланади: “(Олдингиздан) кетганида ерда фитна­ фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчилик) ёқтирмайди” (Бақара, 205). 

Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик ва ҳушёрлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, бепарволик ва лоқайдлик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади.

                                                                                                  

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим 

муассасаси ўқитувчиси Мардонов Ҳайрулло

Izoh qoldirish

Izohlar