Оламларга раҳмат бўлган зот
Пайғамбаримиз алайҳиссалом билан хурсанд бўлиш – Қуръони каримнинг талаби ва амри ҳамдир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилган: “Айтинг: «Аллоҳнинг фазли ва раҳмати билан, бас, (албатта), шулар сабабли (мўминлар) шодлансинлар! У тўплаган нарса (бойлик)ларидан яхшироқдир” (Юнус сураси 58-оят). Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумо мазкур оятдаги “фазл” сўзини “илм” ва “раҳмат” сўзини “Муҳаммад алайҳиссалом”, деб тафсир қилганлар. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳмати билан хурсанд бўлишимизни буюряпти. Пайғамбаримиз алайҳиссалом эса энг улуғ раҳматдирлар. Қуръони каримда бу ҳақда шундай дейилади: “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз” (Анбиё сураси 107-оят). Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларига хос хусусиятлари – охирги пайғамбар бўлишлари ва У Зотга охирги илоҳий китоб туширилгани эди. У Зотдан кейин пайғамбар ҳам, илоҳий китоб ҳам келмайди. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “Муҳаммад сизларнинг эркакларингиздан бирортасига ота эмасдир, балки у Аллоҳнинг элчиси ва пайғамбарларнинг муҳридир. Аллоҳ барча нарсани билувчи зотдир” (Аҳзоб сураси 40-оят). Бу ерда Аллоҳ таоло Муҳаммад алайҳиссаломни "Пайғамбарларнинг муҳри" деб атади. Зеро, ҳар бир муҳим ёзма ҳужжат сўнггида муҳр босилгани каби охирги пайғамбар келгач, пайғамбарлар китобига ҳам муҳр босилгандек бўлди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни Қиёматгача келадиган умматларга ўрнак қилиб қўйди. У Зот Исломни яшаб кўрсатдилар, бунга минг-минглаб одамлар гувоҳ бўлдилар. У Зотнинг ўзгаларда тўпланиши амри маҳол бўлган гўзал хулқларини дўстлар, ҳаттоки душманлар ҳам эътироф этишди. У Зотдан ўрнак олиш учун тарихлари, сийратлари, айтган сўзларини ўрганишимиз ва келажак авлодга ўргатишимиз керак. Мазкур нарсаларни билмасдан туриб, У Зотнинг мукаммал меросларидан фойда ололмаймиз. Зеро, Пайғамбаримизга тегишли суннат – динимизда иккинчи муҳим манбадир. Қуръони каримда қанча илм ва ҳукмлар бўлса, ҳадиси шарифда ҳам шунча илму ҳикматлар бор. Бу иккисини бир-биридан ажратишга уринган кимсалар жуда қаттиқ адашади. Зеро, Пайғамбаримиз динга тегишли бирор сўзларини ўзлари томондан гапирмаганлар. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади: “(Яна у Қуръонни) хомҳаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм сураси 3-4-оятлар). Аллоҳ таолонинг хоҳиш иродаси шуки, Ислом дини Муҳаммад алайҳиссалом орқали қабул қилинади ва ўрганилади. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг буюк мартабаларини баён қилиб, Пайғамбаримиз алайҳиссаломга салавот айтишга буюради: “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга салавот айтурлар. Эй, мўминлар! (Сизлар ҳам) унга салавот ва салом айтингиз!” Муҳаммад алайҳиссаломга салавот ва саломлар тилаб дуо қилиш жуда ҳам улуғ, савоби катта иш ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда ҳам унга тарғибот кўп. Уламолар Имом Кархий раҳимаҳуллоҳнинг сўзларини олиб, Муҳаммад алайҳиссаломнинг номлари қачон зикр этилса, салавот айтиш керак деганлар. Мазкур оят жуда ҳам таъсирли, чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи Пайғамбарини мақтаб турган ва фаришталари дуо қилиб турганда, наҳотки уммат бўлиб биз салоту салом айтмасак?! Ҳадиси шарифда салавот айтган кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлиши хабари берилган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар: биз Расулуллоҳ алайҳиссаломга муҳаббатли бўлишга, У Зотнинг йўлларига эргашишга, доимо У Зотга салавот ва саломлар йўллашга буюрилганмиз. Гарчи бу амалларга мунтазам, ҳар доим амал қилиб келган тақдиримизда ҳам, Мавлид ойи кириши бизларни ушбу амалларни янада кўпайтиришимизга ва уларга аҳамиятлироқ бўлишимизга сабаб бўлади холос. Пайғамбар алайҳиссалом доимо нафл рўза тутишга одатланган бўлсаларда, душанба кунида рўза тутишга алоҳида эътибор берар эдилар. Бунинг сабаби сўралганда, душанба куни таваллуд топганликлари ва шу куни пайғамбар бўлганликларини айтар эдилар. Шундан, душанба куни нафл рўза тутиш суннат бўлиб қолди. Шундай экан, нима учун Расулуллоҳ алайҳиссалом таваллуд топган ойларида У Зотни кўпроқ эслаш, таржимаи ҳоллари бўлмиш Мавлидларини ўқиш, кўпроқ салавот айтиш мумкин бўлмасин?! Жалолиддин ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Менинг наздимда, аслида мавлид амалида одамларнинг тўпланиши, Қуръони каримдан қироат қилиш, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таваллуд топганларида рўй берган мўжизалар ҳақида ворид бўлган хабарларни ривоят қилиш, кейин дастурхон ёзилиб, таомлардан тановул қилиш, буларнинг ҳаммаси бидъат ҳасана (кейин пайдо бўлган бўлсада, шариатга зид бўлмаган) ишлардан саналиб, уни ташкил этганларга савоб бор. Чунки бунда Пайғамбаримиз алайҳиссаломни улуғлаш, таваллуд топганлари учун хурсандчилик ва шодликни изҳор этиш бор” (“Ҳуснул мақсад фи ъамалилл мавлид” китоби). Бошқа кўплаб эътиборли олимлар ҳам мавлид маросимларини ўтказишни дуруст деб билганлар. Демак, Мавлид ойидан ҳам унумли фойдаланиб, бу вақтни илм-маърифатимизни ошириш йўлида сарфлайлик. Суюкли Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг фазилатларини, гўзал хислатлари, олий хулқларини санаб адоғига етказиб бўлмайди. Биз уммат ўлароқ инсониятнинг энг буюги – суюкли Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, гўзал шамоиллари ва юксак ахлоқларини қунт билан ўрганишимиз ва ёш авлодларга ўргатишимиз зиммамиздаги олий бурчимиздир. Алҳамдулиллаҳ, ҳозирда Ҳабибимиз алайҳиссаломнинг муборак сийратларига бағишланган турли-туман китоблар нашр этилган. Биз оила аъзоларимиз даврасида шу китоблардан мутолаа қилишни жорий қилайлик. Фарзандларимиз қалбида Набий алайҳиссаломга нисбатан муҳаббатни уйғотайлик. Аллоҳ таоло барчамизга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашишни, У Зотдан ўрнак олишни насиб этсин!
Сариосиё туман Имом Низомиддин Сангардакий
жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов
Izohlar