26.10.2022

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қимматбаҳо насиҳатлари

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларга Қиёмат кунигача дарс бўладиган, энг муҳим ва зарур масалаларни барчасини баён қилиб бердилар. “Видолашув ҳажи”даги хутбада ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом сиз-у биз умматларига қалбларининг тўридаги қимматбаҳо насиҳатларни қилганлар. Ислом тарихидан маълумки, ўнинчи ҳижрий санада Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Исломдаги биринчи ва охирги ҳажларини қилдилар. Бу ҳаж “Видолашув ҳажи” деб номланишининг сабаби, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ундаги ҳатти ҳаракатлари ва айтган сўзлари билан бу видолашув ва хайрлашув ҳажи эканини билдирдилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу ҳаждан кейин Расулуллоҳ алайҳиссалом икки ойдан озгина ўтиб, бу фоний дунёдан боқий дунёга сафар қилдилар. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаж қилишлари хабари тарқагач, Мадина атрофидаги мусулмонлар Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга ҳаж қилишга отландилар. Натижада видолашув ҳажида бир юз қирқ мингдан ортиқ мусулмонлар иштирок этдилар. Бу ўша вақтлар ўлчовида мисли кўрилмаган катта жамоа эди. Мана шу ҳаж асносида Пайғамбаримиз алайҳиссалом Арофотда туриб, биз умматларга Қиёмат кунигача дарс бўладиган, энг муҳим ва зарур масалаларга қисқача тўхталиб ўтдилар. Одатда ота ёки она вафотидан олдин ўз фарзандларига насиҳат қиладиган бўлса, қалбининг энг тўридаги ва унга тугиб қўйган энг қимматли сўзлар билан насиҳат қилади. “Видолашув ҳажи”даги хутбада ҳам Расулуллоҳ алайҳиссалом сиз-у биз умматларига қимматбаҳо насиҳатларни қилганлар. Ибн Ҳишомнинг “Ас-сийратун набавия” китоблари асосида ушбу насиҳатдан баъзилари қуйида баён қилинади. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Эй, одамлар! Гапларимга қулоқ солинглар, чунки шу йилдан кейин яна бу жойда сизлар билан учрашмаслигимиз мумкин”. “Эй, одамлар! Қонингиз, молингиз ва обрў-эътиборингиз бир-бирингизга ҳаромдир!”. “Шундай экан, эй одамлар, менинг сўзларимга эътибор беринг! Мен сизларга шундай нарсани қолдирдимки, агар уни маҳкам ушласангиз, ҳеч қачон адашмайсиз. Бу нарса – Қуръони карим ва ҳадиси шарифдир!”. “Эй, одамлар! Гапларимга қулоқ солинг ва тушунинг! Биласизки, ҳар бир мусулмон мусулмонга биродардир. Мусулмонлар – ўзаро биродардирлар. Шундай экан, кишига биродари чин кўнглидан рози бўлмагунча, унинг моли ҳалол бўлмайди”.  “Сизлар Парвардигорингизга рўбарў бўласизлар. У сиздан аммалларингиз ҳақида сўрайди. Мен буни сизга етказдим! Кимда омонат бўлса, уни омонат қўйган кишига қайтарсин!”. “Жоҳилият давридаги судхўрлик бекор бўлди. Лекин, дастмояларингиз – ўзингизгадир. Зулм ҳам қилмайсиз, зулм қилинмайсиз ҳам. Аллоҳ таоло рибо йўқ, деб ҳукм қилди”. “Эй одамлар! Аёллар борасида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ўлароқ олдингиз ва уларни Аллоҳнинг Каломи билан ҳалол қилдингиз. Аёлларга яхшилик қилингиз! Чунки улар сиз учун – ўзларидан бошқа ҳеч нарсага эга бўлмаган ёрдамчидир”. “Огоҳ бўлинг! Албатта, аёлларингиз устида сизларнинг ҳаққингиз бор ва сизлар устингизда ҳам аёлларингизнинг ҳақлари бор. Аёлларингиз сиздан бошқани хонангизга қўймасинлар ва сизлар ёмон кўрадиган кимсани уйингизга киргизмасинлар ҳамда беҳаё ишларни қилмасинлар! Агар шу ишларда сизга итоат қилсалар, сизнинг зиммангизда уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш мажбурияти бордир”.  “Эй, одамлар! Парвардигорингиз – бир, отангиз – бир, ҳаммангиз Одам алайҳиссаломдандирсиз! Одам алайҳиссалом эса – тупроқдан эдилар. Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлироғингиз – тақводорроғингиздир! Арабларни ажамлардан афзаллиги йўқ, фақатгина тақвоси билан афзал бўлиши мумкин. Эй одамлар! Етказдимми? Эй, Аллоҳим! Ўзинг гувоҳ бўл!” Дарҳақиқат, бу насиҳат ўнинчи ҳижрий (милодий 631) сананинг Зулҳижжа ойида бўлган бўлса, Расулуллоҳ алайҳиссалом ўн биринчи ҳижрий сананинг Рабиул аввал ойи 12 санасида вафот этдилар. Русулуллоҳ алайҳиссаломнинг ушбу муборак насиҳатларидан мусулмоннинг қонини тўкиш, молини ноҳақ ўзлаштириб олиш ва обрўсини тўкиш ҳаром экани маълум бўлади. Афсуски, ҳозирги кунда бу муборак насиҳатдан бехабар баъзи шахслар гуноҳ иш қилган кишини кофир деб, уни қони ва молини ҳалол санамоқда. Ваҳоланки, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” деб турган шахсни кофирга чиқариш хатарини бир қанча ҳадиси шарифларида баён қилганлар. Шунингдек, Русулуллоҳ алайҳиссаломнинг юқоридаги муборак насиҳатларидан хабари йўқ баъзи ёшлар ижтимоий тармоқлар орқали тўғри келган кимсани ғийбат ва бўҳтон қилиб, қанчадан-қанча мусулмонларнинг обрўсини тўкиб, гўё ижтимоий тармоқлар орқали ғийбат ва бўҳтон қилишга рухсат бордек, ҳаром иш қилмоқдалар. Афсуски, ҳозирги кунда баъзилар ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўз раъйларича тафсир ва таржима қилиб, баъзи диний атамаларни нотўғри талқин қилиб, ўзларини ғаразли мақсадларини амалга оширишга урунмоқдалар. Натижада ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштирмоқдалар. Ваҳоланки, Қуръони карим ва ҳадиси шарифлар бизни тўғри йўлга бошлайдиган энг катта ва энг тўғри дастурул амал ҳисобланади. Қуръони каримни нотўғри тушуниш оқибатида хавфли оқибатлар келиб чиқади. Бунинг энг ёмон тури етарли илми бўлмаса ҳам Қуръонни ўзича тушуниш, Суннатга ўзича амал қилиш ва тўрт мазҳабдан бирортасига қатъий эргашмасликдир. Тўғри динни саҳобаларнинг тушунчасидан ва уларнинг диний таълимотларни кундалик ҳаётларига қандай татбиқ қилишларидан ўрганиш керак. Чунки, дин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали уларга бевосита етказилган. Демак, уларга эргашиш шунчаки бир чақириқ эмас, балки бу энг тўғри йўлдир. Бир қанча ояти карима ва ҳадиси шарифларда мусулмон мусулмонга биродар ва ака-ука экани баён қилинган. Агар биз ушбу илоҳий кўрсатмани яхши тушуниб етсак ва шунга амал қилсак, ўртамизда ҳар хил зиддият, ихтилоф чиқариш, турли кўнгилсиз ҳодисалар ва бир-бирини молини ноҳақ ва турли алдов йўллар билан ейиш бўлмас эди. Ҳар биримиз бир кун келиб Аллоҳнинг ҳузурида қилган амалларимиздан сўроққа тутилишимизни эсимиздан чиқармасдан, бу қисқа умримиз давомида кўплаб хайрли амалларни қилиб олишимиз ва бизда кимни омонати ва ҳаққи бўлса, тезроқ ундан халос бўлиб, зиммамиздаги масъулиятни енгиллаштиришимиз лозим. Насиҳатнинг давоми судхурлик ёмон иллат экани, аёлларни Аллоҳ таолодан омонат қилиб берилганини, ҳар бир эр-хотин зиммасидаги шариатимиз томонидан юкланган вазифаларни билиб, шунга амал қилиш лозимлиги айтилган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мазкур муборак насиҳатларининг охири бизни Парвардигоримиз – бир, Пайғамбаримиз – бир, динимиз – бир, ота-онамиз – бир ва мақсадимиз – бир, яъни – жаннатга кириш – бўлганидан кейин ўзаро иттифоқ бўлиб, тинч-тотув ва роҳат-фароғат билан яшашимиз керак. Шунингдек, шариатимиз буюрган амалларни бажариб, қайтарган нарсалардан сақланиб, тақводор кишилардан бўлиб, мол-у давлатимиз ёки наслу насабимиз билан асло фахрланмасдан, хайрли ва савобли ишларда бардавом бўлишимиз зарур эканлиги таъкидланган. Хулоса шуки Расулуллоҳ алайҳиссалом сиз-у биз умматларига қалбларининг тўридаги қимматбаҳо насиҳатларни мазмун-моҳиятини англаб чин ихлос билан амал қилсак  икки дунё саодатига мушарраф бўламиз. Аллоҳ таоло барчамизга Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг мазкур муборак насиҳатларига амал қилиш бахтини насиб қилиб, икки дунё саодатига мушарраф айласин! Омин!

 

Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий"

 жоме масжиди имом  хатиби Обиджон Исмоилов

Izoh qoldirish

Izohlar