11.11.2022

Саломнинг ниҳояси баракот

Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи ва саллам нафақат инсоният, балки бутун мавжудотнинг энг афзалидирлар. Биз мўмин-мусулмонлар Расулуллоҳ алайҳиссаломни кўпроқ танишга, У зотнинг сийратларини ўрганишга ҳаракат қилишимиз керак. Шунда У зотга бўлган севгимиз ва муҳаббатамиз зиёда бўлади. Иймонимиз комил бўлиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришамиз. Зеро, бундан бошқа йўл йўқ. Ҳасан Басрий айтадилар: «Инсонларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатларининг аломати Росулининг суннатига эргашиш бўлди». Мусулмон кишининг Аллоҳ таолонинг наздидаги мартабаси Унинг Пайғамбарига эргашиши билан ўлчанади. У суннатни қанчалик кўп татбиқ этса, Аллоҳ таолонинг наздида шунчалик олиймақом ва мукаррам бўлади. Шу боисдан ҳам мусулмонларнинг кундалик ҳаётида, ибодатлари-ю истироҳатларида, ейиш-ичишларида, одамлар билан муомалаларида, қўшничилик алоқаларида, борингки, барча ҳаракат ва саканотларида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини иҳё қилишни йўлга қўйиши мақсадга мувофиқ бўлади. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти). Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга сиздан олдинги умматларниинг дарди: ҳасад ва ёмон кўришлик ўрмалаб кирди. У қирувчидир. Сочни қирувчи демайман. Лекин у динни қиради. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Бир бирингизга муҳаббат қўймагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларга ўша нарсангизни собит қиладиган нарсани айтайми? Орангизда саломни тарқатинг”, дедилар”. Салом бериш Пайғамбар алайҳиссаломнинг кўрсатмалари (суннат), унга алик олиш эса Аллоҳ таолонинг буйруғи (фарз) ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Аббос: «Ҳар бир нарсанинг ниҳояси бор, саломнинг ниҳояси баракотдир», деганлар. Хабарларда келишича, энг яхши амал очларни тўйдириш ва таниган танимаган кишига салом беришдир. Қаранг, бу жуда ҳам осон, келинг биз ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари “Бир-бирингиз билан саломлашиб юринглар, шунда ўрталарингизда меҳр-муҳаббат уйғонади” деган сўзларига амал қилайлик. Хулоса, мана шу биргина салом сўзи кишини эзгуликка, меҳр-шафқат ва покликка, ҳақиқий инсонийликка чорлайди. “Ассалому алайкум” – “Сизга тинчлик тилайман”, “Ва алайкум ассалом” – “Сизга ҳам тинчлик бўлсин” сўзларида улкан маъно, эзгу тилак мужассам.

 

Обиджон Исмоилов - Сариосиё туман 

"Имом Низомиддин Сангардакий"

 жоме масжиди имом хатиби.

Izoh qoldirish

Izohlar