14.11.2022

Ният – қалб амалидир

Мусулмон инсон шунчалар бахтли инсонки, у ўз ҳаётининг ҳар бир лаҳзасини, ҳар бир амалини Аллоҳга ибодатга айлантириши мумкин. Мусулмон инсоннинг ибодатга айланмайдиган амали йўқ, унинг шахсий, оилавий, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва бошқа амаллари барчаси ибодат бўлиши мумкин. Бунинг учун эса ундан кўп нарса талаб қилинмайди. Ўз динининг кўрсатмаларини ўргансаю, ниятини шунга мосласа, кифоя. Шу билан бутун бошли бир ҳаёт ибодатга айланади. Мусулмон киши дунё ҳаётида қилаётган ҳар бир ишини ибодат даражасига кўтаришга ҳаракат қилиши керак. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:  “Мен жинлар ва инсонларни фақат Ўзимга ибодат қилишлари учунгина яратдим” (Зориёт сураси, 56-оят). Шунинг учун ҳар бир банда чинакам маърифатга эришиш учун яхши ният орқали эзгу амалларни кўпайтириши лозим. Дарҳақиқат, биз қиладиган амалларимиз учун ниятимизга кўра ажр-савобга эришамиз. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Амаллар фақат ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади” (Муттафақун алайҳ). Ушбу ҳадисга кўра, ҳар бир катта ёки кичик ишни яхши ният билан бажарсак, савоб оламиз. Масалан, ейиш, ичиш каби мубоҳ амаллар ибодат ва касбу корга қувват бўлиш ниятида бажарилса, ибодатга айланиб, эвазига ажр олинади. Аммо фақат қорнини тўйдириш учун еб-ичилса, савоб бўлмайди.  Киши ризқ ахтариб кўчага чиқишдан олдин “Аллоҳ таоло аҳл-оилам нафақасини зиммамга фарз қилган, шуни адо этиш учун Ўзидан ёрдам сўраб, ишга чиқяпман, агар Аллоҳ муваффақ қилса, оилам олдидаги шариат юклаган вазифани бажараман, топган пулимдан муҳтожларга ва хайрли ишларга эҳсон қиламан” деб яхши ният қилса, унинг ҳар бир қадами ва олган ҳар бир нафаси ибодатга айланади.  Кишининг масжидда ўтиришидан мақсади намозни кутиш бўлса, ўтирганини ўзига савоб олади. Дам олиш ниятида ўтирса, дам олиши мумкин, лекин савоб олмайди. Киши уйқуга ётиш олдидан “ухлаб тетиклашиб олсам, Аллоҳга янада кўпроқ ибодат қиламан”, деб ният қилса, унинг уйқуси ҳам ибодатга, савобли амалга айланади.Илм талаб қилишдан мақсад “талаби илм – фарз” деган ниятда бўлса, савоб олади, келажакда илм орқали мол-дунё ва мансабга эришиб, ўзига ва ўзгаларга манфаат етказишни ният қилган бўлса, унга алоҳида савоб олади. Бу қоида инсон ҳаётидаги ҳар бир нарсага нисбатан қўлланилаверади. “Ислом дини – осон дин” дейилишининг маъноси ҳам шу. Хулоса исломда одат ва зарурат ҳисобланган нарсаларни ҳам ибодатга айлантириш жуда осон. Ният – динимиздаги энг муҳим амаллардан бири бўлиб, оддий ишлар ҳам ниятни яхшилиги сабабли савобли амалларга айланади ва ниятнинг ёмонлиги туфайли гуноҳ ишлар қаторига киради. Ният – қалб амалидир. Агар қалбдан ният қилиб, уни тилда ҳам зикр этса, янада яхши. савоб ва эзгу ишларимизнинг кўпайишини ният қилиб, яқинларимизга ҳам ушбу тилакларни билдириб, жонажон Ватанимизга тинчлик ва барқарорлик, меҳрибон ва меҳнаткаш халқимизга фаровонлик тилайлик! Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишимизда яхши ниятни ҳамроҳ айлаб, ҳаётимизни эзгу ва савобли ишлар билан ўтказишимизни насиб айласин!

 

Обиджон Исмоилов - Сариосиё туман "Имом 

Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом хатиби.

Izoh qoldirish

Izohlar