БАЙРОҚ – ИСТИҚЛОЛ НИШОНАСИ
Ҳар бир давлат мустақиллигининг асосий рамзларидан бири, шубҳасиз байроқ ҳисобланади. Байроқ халқнинг шонли ўтмишини, буюк тарихини ўзида акс эттирувчи, ватанга бўлган меҳр-муҳаббатни юксалтирувчи давлат рамзлари қаторига киради. Байроқ азалдан ватан озодлиги, миллат бирлиги ва ҳамжиҳатлиги рамзи бўлиб келган. Худди шундай мустақил Ўзбекистон ўз истиқлолини қўлга киритгач, 1991 йил 18 ноябрда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи” тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Ушбу ҳужжат орқали байроқ Ўзбекистон Республикаси суверенитетининг рамзи эканлиги қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, ушбу қонун қабул қилинган кун халқимиз ҳаётидаги жуда муҳим ижтимоий-сиёсий воқеа ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни ифодаловчи муқаддас рамз бўлиб, давлат ва таълим муассасалари бинолари, корхона ва ташкилотларда ифтихор билан ҳилпираб турибди. Шунингдек, истиқлолимизнинг рамзи бўлган байроғимиз мамлакатимизнинг хорижий давлатлардаги элчихоналари ва халқаро ташкилотлардаги ваколатхоналарида, БМТ биноси олдидаги мустақил давлатларнинг байроқлари қаторида ғурур билан қад ростлаган.
Байроғимизнинг ҳар бир ранги халқимизнинг кўп асрлик анъаналари ва миллий қадриятларини ўзида мужассам этган. Жумладан, мовий ранг қадимдан куч ва қудрат, тинчлик, тенглик ва донишмандликнинг рамзи бўлиб келган. Оқ ранг - халқнинг фаровонлиги, саховати ва самимийлиги тимсолидир. Яшил ранг янгиланиш рамзи, қизил чизиқлар эса ҳаётийлик нишонасидир. Байроқдаги ярим ой ва юлдузлар тасвири эркинлик, эътиқод ва барқарорлик, эртанги кунга ишонч белгиси бўлса, Шарқда ўн икки рақами комиллик тимсолини англатган.
Умуман айтганда, мамлакатимиз байроғи халқимизга хос бўлган олийжаноб фазилатлар, хусусан ватанга бўлган муҳаббатнинг олий тимсолидир. Тарихий қадриятлар асосида яратилган, ўтмишимиз, бугунимиз ва келажагимиз рамзи бўлган давлатимиз байроғида буюк аждодлар ўгитлари билан сингдирилган улкан қудрат, юксак ақл ва ирода ўз ифодасини топган. Барча давлат рамзлари қаторида Давлат байроғи халқимизнинг қадр-қиммати, ғурур-ифтихори, миллий ўзликни англаш туйғуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этган. Бу юксак бахт ва мустақиллик тимсоли, ўзини шу замин фарзанди деб билган ҳар бир инсоннинг чексиз ғурурига сабаб бўлади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar