21.11.2022

Дунё ҳаёти

Мусулмон киши ҳар куни дини ва ўз соҳасини ўрганиш учун вақт ажратиши – айни муддаодир. Дунё ҳаёти бандаларга катта-катта савобли амалларни бажариб олишга имконият ва фурсатдир. Дунё ҳаёти мўмин-мусулмонларга берилган катта имконият бўлиб, бундан фойдаланиб, ҳар бир банда дунё ва охиратини обод қилиши зарур. Динимиз кўрсатмаларига кўра, киши дунёсини деб охиратини ва охиратини деб дунёсини унутмаслиги лозим. Киши дунё ҳаёти даврида охиратига катта захиралар қилишга доимо ҳаракатда бўлмоғи – динимиз талабидир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва (ҳар бир) жон (эгаси) эртанги кун (қиёмат) учун нимани (қандай амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқингиз! албатта, Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир (Ҳашр сураси 18-оят). Демак, дунё ҳаётини ғанимат билиб, унда ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишимиз, ҳамиша динимиз, халқимиз ва Ватанимиз учун манфаатли, хайрли амаллар устида бўлишимиз зарур. Дунё ҳаёти жуда ҳам қисқа муддат экани ҳақида Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Бу дунё охират олдида ҳеч нарса эмас. Фақатгина сизлардан бирингиз бармоғини денгизга солганига ўхшайди. Назар солсинчи, бармоғига нима илашибди” (Имом Муслим ривоятлари). Ушбу ҳадиси шарифда охират ҳаёти денгиздаги сувга ва дунё ҳаёти эса, денгизга солинган бармоққа ёпишган сувга ўхшатилмоқда. Демак, инсонни дунёдаги ҳаёти жуда ҳам кам муддат экан. Лекин афсуски, шунга қарамасдан кўпчилигимизда дунёга бўлган муҳаббатимиз жуда ҳам кучлидир. Банда дунё матосига алданмаслиги ва унга муккасидан кетмаслиги учун дунё ҳаёти охират учун экинзор эканини англаб етиши керак. Ҳар бир мўмин-мусулмон дунё ҳаёти вақтинча ва фоний экани, охират ҳаёти абадий ва тугамас эканини яхши англаса, дунё ҳаётидаги вақтини қадрига етади ва ундан унумли фойдаланади. Баҳор фаслида деҳқон ўз ерига уруғ экиб, уни парваришлаб, кузда ҳосил олгани каби, биз ҳам бу дунёдаги қисқа умримизда охиратдаги абадий ҳаётимиз учун ҳосил тайёрлаймиз. Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам елкамдан тутиб туриб: “Бу дунёда худди мусофир ёки йўловчидек бўлинг”, – дедилар (Имом Бухорий ривоятлари). Дарҳақиқат, мусофир киши турган жойидан тез фурсатда ўзини асл манзилига кетишини билгани учун ҳам турган жойига асосий эътиборини қаратмайди. Балки асосий эътиборини асл ватанини обод қилишга қаратади. Хулоса, бизни дунёдаги ҳолатимиз ҳам мусофир каби бўлиши лозим. Дунё ҳаёти охират учун экинзор бўлганидан кейин ҳар бир мўмин-мусулмон киши барча яхши ва савобли ишларда бошқалар билан мусобақа қилишга ҳаракат қилиши муқаддас динимиз талабидир.

 

Обиджон Исмоилов - Сариосиё туман Имом 

Низомиддин Сангардакий жоме масжиди имом хатиби.

Izoh qoldirish

Izohlar