09.08.2022

АЛЛОҲ КИМНИ ХОҲЛАСА, ЎШАНИ ҲИДОЯТ ҚИЛАДИ

Мусайяб ибн Ҳазн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Абу Толибнинг вафоти яқинлашганда унинг олдига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кирдилар. Унинг ҳузурида Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ибн Муғийра ҳам бор эди. Шунда у зот: «Эй амаки, «Лаа илааҳа иллаллоҳу» десанг, Аллоҳ ҳузурида сен ҳақингда шоҳидлик қиламан», дедилар. Абу Жаҳл ва Абдуллоҳ ибн Абу Умайя эса: «Абдулмуттолибнинг динидан юз ўгирасанми?» дейишди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга ўшани (калимаи тоййибани) арз қилишда, икковлари ўз гапларини қайтаришда давом этдилар. У бўлса, ўзининг охирги сўзида Абдулмуттолибнинг динидалигини айтди, «Лаа илааҳа иллаллоҳу»ни айтишдан бош тортди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳга қасамки, агар қайтарилмасам, сен учун истиғфор айтаман», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло: «Набий ва мўминлар учун мушрикларга истиғфор айтиш тўғри келмас» оятини нозил қилди. Аллоҳ Абу Толиб ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қарата «Албатта, сен ўзинг севган кишингни ҳидоят қила олмассан. Лекин Аллоҳ кимни хоҳласа, ўшани ҳидоят қилади»(ояти)ни нозил қилди».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Манба

Izoh qoldirish

Izohlar