09.08.2022

ИНСОНЛАР ЯХШИНИ ҚЎЙИБ, ЁМОНГА ИНТИЛАДИ

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.

Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

إِنَّمَا ذَلِكُمُ الشَّيْطَانُ يُخَوِّفُ أَوْلِيَاءهُ فَلاَ تَخَافُوهُمْ وَخَافُونِ إِن كُنتُم مُّؤْمِنِينَ

«Албатта, ана ўша – шайтон ўз дўстларидан қўрқитур. Бас, агар мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, Мендан қўрқинглар» (Олим Имрон сураси, 175-оят).

Яъни, «Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар» деган хабардан қўрқинчга тушсангиз, бу ҳолингиз шайтондандир. У сизларни ўз яқинларидан қўрқитади. Шайтон ўзига эргашганлар сизнинг кўзингизга кучли бўлиб кўринишини истайди. Худди улардан фойда ёки зарар етадигандек, улардан қўрқишингизни хоҳлайди. Агар ҳақиқий мўмин бўлсангиз, улардан қўрқманглар, уларнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Улар фойда ҳам, зарар ҳам етказа олмайдилар. Мендан қўрқинглар», – дейди Аллоҳ таоло. Чунки ҳақиқий фойда ва зарар етказувчи фақат Ўзидир.

Кейин Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга хитоб қилиб, кофирларнинг ўзларини тутишидан хафа бўлмасликка, кўнгилларини чўктирмасликка даъват қилади:

وَلاَ يَحْزُنكَ الَّذِينَ يُسَارِعُونَ فِي الْكُفْرِ إِنَّهُمْ لَن يَضُرُّواْ اللّهَ شَيْئاً يُرِيدُ اللّهُ أَلاَّ يَجْعَلَ لَهُمْ حَظًّا فِي الآخِرَةِ وَلَهُمْ عَذَابٌ عَظِيمٌ

«Куфрга ошиқаётганлар сени маҳзун қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар. Аллоҳ уларга охиратда насиба қўймасликни истай ирода қиладир. Уларга буюк азоб бордир» (Олим Имрон сураси, 176-оят).

Инсоннинг иши қизиқ: кўра-била туриб, яхшини қўйиб, ёмонга интилади, иймонни тарк этиб, куфрга ошиқади. Кофирларнинг куфрга ошиқаётганини кўрган ҳар бир мўминнинг қалби ҳасратга тўлади. Кишиларнинг ўзларини ҳалокатга ураётганларини кўриб, хафа бўлади. Кофирларнинг ёмонликларини, мусулмонларга бераётган азобларини кўриб, Набий алайҳиссаломнинг қалблари ҳам қаттиқ изтиробга тушар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Набий алайҳиссаломга ва у зот орқали барча мўминларга таскин бериб:

«Куфрга ошиқаётганлар сени маҳзун қилмасин. Албатта, улар ҳаргиз Аллоҳга бирор зарар етказа олмаслар», – демоқда.

Аллоҳ таоло кофирларнинг Исломга ва мусулмонларга қарши олиб бораётган ишларини Ўзига қарши олиб борилаётган иш деб баҳоламоқда. Бечора, ожиз банда бўлмиш кофирлар ҳар қанча уринмасинлар, Аллоҳ таолога ҳеч бир зарар етказа олмайдилар. Улар Аллоҳнинг динига қанчалик қаршилик қилмасинлар, мусулмонларга зарар етказишга қанчалик уринмасинлар, барибир, қўлларидан ҳеч бир иш келмайди.

Ундай бўлса, нима учун Аллоҳ уларни тек қўйиб қўймоқда? Нима учун улар хоҳлаганларини қилишмоқда? Ҳатто баъзан қўллари баланд келиб, ғолиб ҳам бўлмоқдалар?! Бунинг ҳикмати шулки:

«Аллоҳ уларга охиратда насиба қўймасликни истайдир».

Барча насибаларини шу дунёда олиб қолишларини хоҳлайди. Барча ризқларини беш кунлик дунёда тугатиб, барча азоб-уқубатларга ҳақдор бўлишларини истайди. Зеро, охиратда

«Уларга буюк азоб бордир».

Бу дунёда, энг асосийси, у дунёда албатта улкан азобга дучор бўладилар. Шунинг учун ҳам кофир ва мунофиқларнинг куфрга ошиқаётганларидан Набий алайҳиссалом ва мўминларнинг хотирлари паришон бўлмасин, хафа бўлмасдан, қалблари тинч бўлаверсин.

  «Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Манба

Izoh qoldirish

Izohlar