ВАТАНГА БЎЛГАН МУҲАББАТ – ИНСОН ҚАЛБИДАГИ ТУҒМА ТАБИАТДИР.
Имом Муҳаммад Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деганлар: “Инсон ўз туғилиб ўсган ерини ва ундаги нарсаларни, гарчи у жой одам яшамайдиган саҳро бўлса ҳам, яхши кўради. Ватанга бўлган муҳаббат – инсон қалбидаги туғма табиатдир. Бу нарса инсонни ватанида бўлганида хотиржам, мусофирликда соғинадиган, унга ҳужум қилинганда ҳимоя қиладиган, ҳурматсизлик қилинганда ғазабланадиган қилиб қўяди”.
Абу Амр ибн Ало раҳматуллоҳи алайҳ: “Кишининг вафодорлиги унинг ўз ватани учун қайғуришидан, яқинларини соғинишидан ва умрининг зое кетказган лаҳзаларига ўкиниб яшашидан билинади”, – деганлар. Исломда Ватан тушунчаси кенг қамровли бўлиб, аввало у истиқомат маскани, яъни уй-жой маъносида ишлатилади. Маълумки, инсонга берилган энг бебаҳо неъматлардан бири – ўз Ватанида яшашдир. Чунки Ватан унинг киндик қони тўкилган, гўдаклик чоғи ўтган, илк қадамларини қўйган, ёшлик, кексалик даврларини сурадиган, хотиралари муҳрланган, ота-боболарининг юрти, фарзанду набиралари улғайган заминдир! Аллоҳ таоло ҳар бир инсонга ватанни севиш ва унга муҳаббат қўйиш табиатини ато этган. Ватанни севишимизга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, Аллоҳ таоло тақдиримизни шу ерга битди. Шу ватанда туғилиб ўсдик, тарбия топдик. Бу ватанда энг севимли қариндошларимиз, яқинларимиз яшашади. Бунинг устига бу заминни сон-саноқсиз улуғ зотлар, Аллоҳнинг дўстлари ватан тутишган. Шундай экан, ҳар биримиз ўз ватанимизга бўлган муҳаббатимизни янада ошириб, тинчлигини қадрига етиб, унинг ободлиги ва ривожланиши йўлида ўз ҳиссамизни қўшиб, кундан-кунга кўпайиб бораётган ислоҳот ва ютуқларига шукр қилиб, ҳар хил ёвуз ниятдаги кимсалардан уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаб, Ватан равнақи йўлида хизмат қилаётган шахсларнинг ҳаққига дуолар қилиб, ибодатларимизни ўз вақтида бажариб умргузаронлик қилишимиз мақсадга мувофиқдир.
Аллоҳ таоло азиз ва мўътабар Ватанимизни бунданда фаровон ва осмонини мусаффо қилиб, халқимизни тинч ва осуда Ҳақ таоло барчамизни Ватанимиз тараққиёти ва фаровонлиги йўлида олиб бораётган хайрли ишларимизга ривож берсин! Юртимиз мустақиллигини бундан ҳам мустаҳкам айлаб, мустақил юртда униб-ўсаётган фарзандларимизни буюк аждодларимизга муносиб, ўз ватани ва халқига фидоий, юрт корига ярайдиган авлодлар бўлиб етишишларини насиб айласин!
Азиз юртдошлар! Маълумки, шу кунларда катта хурсандчилик–давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида турибмиз. Аллоҳ таоло Ватанимизни доимо обод, фаровон ва тинч юртлардан қилсин!Ватанимиз равнақи йўлида астойдил, фидокорона меҳнат қилаётган раҳбару ходимларнинг хайрли ишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлсин!
✍️ Обиджон Исмоилов, Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом хатиби
Izohlar