ИНСОНПАРВАРЛИК ВА ЯХШИЛИК ДИНИ.
Динимиз инсонпарварлик, яхшилик дини бўлиб, доим инсонларга манфаат етказиш ва яхшилик қилишга чорлайди. Шундай экан, мўмин киши доим халқ хизматида бўлишга ҳаракат қилади ҳамда халққа наф етказиш, дардига малҳам бўлишни ўзига шараф деб билади. Динимизда киши ўзганинг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унинг ҳожатини раво қилади, дейилган. Бу ҳақда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Ким ўзганинг ҳожатини раво қилса, Аллоҳ унинг ҳожатини раво қилади. Ким бир мусулмоннинг ташвишини аритса, Аллоҳ унинг Қиёмат кунидаги ташвишларидан бирини аритади” (Имом Бухорий ривояти).
Мусулмонларга ёрдам қилиб, уларнинг ҳожатини чиқариш иймон келтириш каби савобли ишлардан эканлиги ҳақида Ибн Ҳажар Асқалоний ўзининг “Мунаббиҳот” китобида қуйидаги ривоятни келтиради: “Икки хислат борки, улардан афзал нарса йўқ: Аллоҳга иймон келтириш ва мусулмонларга фойда келтиришдир. Ва икки хислат борки, улардан ёмонроқ нарса йўқ: Аллоҳга ширк келтириш ва мусулмонларга зарар етказишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда мархамат қилди “Бас, хайрли (савобли) ишларда бир-бирингиздан ўзишга ошиқингиз”! (Моида сураси, 48-оят)
Шундай экан, охиратимиз учун захира бўладиган савобли ишларда мусобақалашайлик! Саҳобаи киромлар бунга яққол мисол бўладилар: “Мадина шаҳрининг ташқарисида ёши улуғ, кўзи ожиз бир кампир бор эди. Ҳазрати Умар разияллоҳу анҳу ҳар куни эрталаб ўша кампирнинг юмушларини қилиб келардилар. Бир неча кундан кейин, ўзларидан аввал кимдир келиб уй юмушларини қилиб кетаётганини пайқаб қоладилар. Буни аниқлаш учун таҳажжуд намозини ўқибоқ, бомдоддан олдин келиб кўрсалар ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу кўзи ожиз кекса онанинг уй юмушларини қилиб, уйни саронжомлаб, оҳисталик билан чиқиб кетаётган эканлар”. Мана шундай тарзда саҳобалар яхшилик қилиш борасида мусобақалашар эдилар. Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугунги кунда юртбошимиз бошчиликларида барча соҳа вакилларига, хусусан, тадбиркорлар, тижоратчилар ва инвестиция киритувчиларга ниҳоятда катта имконият ва шароитлар яратилмоқда. “Бир мўмин-мусулмон мен сабабли ишли бўлиб қолсин”, дейдиган ғайратли кимсаларга барча хайрихоҳ инсонлар раҳмат ва тасаннолар айтмоқда. Шундай экан, ҳар биримиз юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан унумли фойдаланиб, эл-юртимиз равнақи йўлида жонбозлик қилмоғимиз даркор. Аллоҳ таоло дунёдаги барча нарсаларни инсоннинг фойдаси учун яратди. Шундай экан, инсон ҳам шунча имкониятлардан фойдаланиб Аллоҳнинг буйруқларини бажариш насиб айласин!.
✍️ Обиджон Исмоилов, Сариосиё туман "Имом Низомиддин Сангардакий" жоме масжиди имом хатиби.
Izohlar