Соф ақида — Аҳли сунна вал жамоа ақидасидир!
Раддия
Усулиддин — дин асосларини ўрганувчи илм бўлиб, энг шарафли илмлардан биридир. Чунки илмнинг шарафи ўзи ўрганаётган илмнинг қадрига қараб белгиланади. Бандаларнинг бу илмга бўлган эҳтиёжи бошқа эҳтиёжлардан устундир. Унга бўлган зарурат ҳам барча заруриятлардан кучлидир. Зеро, қалбларнинг ҳаёти, роҳати ва хотиржамлиги ўз Робби, Маъбуди ва Яратувчисини исми сифатларини таниши билан бўлади. Банда Аллоҳ таолони бошқа барча нарсадан кўпроқ севиши ва У Зотга яқинлаштирадиган амалларни бошқа барча нарсалардан устун қўйиб, уларга интилиши лозим. Меҳрибон Роббимнинг раҳмати инсонларга Ўзини танитувчи, Унга чорловчи, итоат қилганларга хушхабар берувчи ва Унга осий бўлганларни огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди. Пайғамбарларнинг даъватларининг асоси ва рисолатларининг моҳияти-инсонларни Аллоҳ таолонинг исмлари, сифатлари ва амаллари билан таништиришдан иборат эди. Ҳақиқий ҳидоят фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган таълимотдадир. Шунинг учун ҳар бир инсон у зот олиб келган ҳақиқатга шубҳа, гумон ва иккиланишсиз иймон келтириши лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олиб келган нарсаларни зарур даражада билиш ҳар бир мукаллаф кишининг зиммасидаги муҳим вазифадир. У зотдан кейин энг яхши авлодлар - саҳобаи киромлар ва уларга яхшилик билан эргашган тобеинлар шу йўлда давом этдилар. Аввалгилари кейинги авлодларга васият қилар, кейинги авлодлар эса аввалгиларига эргашар эдилар. Уларнинг барчаси Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиб, у зотнинг йўлларини маҳкам тутдилар. Кейинчалик ҳавойи нафсларига эргашган ва турли фирқаларга бўлиниб кетган авлодлар пайдо бўлди. Шунда Аллоҳ таоло бу уммат орасида дин асосларини асраб қоладиган, ҳақни баён қиладиган ва суннатни ҳимоя қиладиган олимларни етиштирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Умматимдан бир тоифа доимо ҳақ устида зоҳир бўлиб туради. Уларни тарк этганлар уларга зарар етказа олмайди...» Ҳақни ҳимоя қилган буюк мусулмон олимлар орасида тўрт имом — Имом Абу Ҳанифа, Имом Молик, Имом Шофеъий ва Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳимаҳумуллоҳлар ҳам бор. Улар дин масалаларида ортиқча тортишувларга берилмай, саҳиҳ нақл ва очиқ-ойдин далилларга таянганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «Ал-Фиқҳул Акбар» номли асарларида дин асосларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаганлар. Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ яшаган даврда ҳам ҳавойи нафсга эргашган айрим тоифалар Қуръони каримдаги Аллоҳ таолонинг исм ва сифатларига оид оятларни ўз ақллари ва шахсий қарашлари асосида талқин қила бошладилар. Улар саҳобалар ва тобеинлардан келган саҳиҳ ривоятларга таянишдан узоқлашдилар. Натижада Аҳли сунна вал жамоа тутган йўлдан четлашишлар юзага келди. Шайтон банданинг қалбидаги Аллоҳга бўлган иймонни заифлаштириш ёки ундан маҳрум қилишни истаса, кўпинча унинг қалбига нотўғри эътиқод ва шубҳаларни солиш орқали ҳаракат қилади. Шунинг учун ҳар бир мўмин ўз ақидасига эътиборли бўлиши, уни Қуръон ва суннат асосида ўрганиши ҳамда ишончли уламоларнинг таълимларига мурожаат қилиши зарур.
Хусусан эътиқодлар тебраниб турган бир замонда мусулмон киши ўз ақидасини Қуръон ва саҳиҳ суннатга, саҳобаи киромлар ва уларга яхшилик билан эргашган уламоларнинг йўлига асослаши лозим. Зеро, тўғри ақида мўминнинг қалбига ҳузур бағишлайди, иймонини кучайтиради ва унинг ҳаётида солиҳ натижаларни юзага чиқаради. Бузуқ ақидалар эса қалбни қорайтиради, Роббисини танишдан узоқлаштиради, ишончни заифлаштиради ва диндаги собитликка путур етказади.
Ҳатто бундай нотўғри эътиқодлар ёмон хотиманинг сабабларидан бири бўлиши мумкин. Аллоҳ таолодан офият сўраймиз. Келинг, Қуръон ва суннатга маҳкам ёпишиб, саҳобалар ва солиҳ салафлар йўлини тутган ҳолда Аҳли сунна вал жамоа ақидасида бирлашайлик. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳақни ҳақ деб билиб, унга эргашишга, ботилни ботил деб билиб, ундан сақланишга муваффақ қилсин. Қалбларимизни тўғри ақидада собит, иймонимизни мустаҳкам ва хотимамизни гўзал қилсин.
Тўхтаев Насрулло – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar