РАСУЛУЛЛОҲ ЭНГ БУЮК МУАЛЛИМ!
Одам фарзандларини илм ўрганиш ва ва унга амал қилиш билан жамики мавжудотдан фазилатли қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.
Араб ва ажамларнинг саййиди бутун умматнинг устози бўлган, биз умматга барча хайрли ишларда намуна бўлган, буюк бир зот жаноби Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламга саловату дурудлар ёғилсин ва у зотнинг аҳли байтлари, асҳоби киромларига Аллоҳнинг саломи бўлсин.
Аллоҳ таоло бандаларини ўзигагина ибодат қилишлари учун яратди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади.
وَمَا خَلَقْتُ الْجِنَّ وَالْإِنْسَ إِلَّا لِيَعْبُدُونِ
Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилиш учунгина яратдим(Зариатсураси 56-оят)
Аллоҳ таолони танитиш учун Аллоҳ таолонинг ўзи бизларга илтифот марҳамат қилиб пайғамбарларни юборди. Шу жумладан пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам биз уммат учун Аллоҳ таолони танитадиган улуғ бир устоз бўлиб келдилар. Аллоҳ таоло бу ҳақида Бақара сурасининг 151-оятида шундай марҳамат қилади.
كَمَا أَرْسَلْنَا فِيكُمْ رَسُولًا مِنْكُمْ يَتْلُو عَلَيْكُمْ آيَاتِنَا وَيُزَكِّيكُمْ وَيُعَلِّمُكُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَيُعَلِّمُكُمْ مَا لَمْ تَكُونُوا تَعْلَمُونَ
Шунингдек, ичингизга ўзингиздан, сизларга оятларимизни тиловат қиладиган, сизларни поклайдиган, сизларга китобни, ҳикматни ва билмайдиган нарсаларингизни ўргатадиган Пайғамбар юбордик. (Бақара сураси 151-оят).
Бу ояти каримдан пайғамбарнинг вазифалари тушунилади. Пайғамбар алайҳиссаломнинг вазифалари шу эди, яъни умматни тарбиялаш ва уларга Аллоҳни танитиш, умматга ҳақиқий устозлик қилиш эди.
Жобир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
Аллоҳ таоло мени қийинлаштирувчи қилиб юбормади, балки осонлаштирувчи ва муаллим (таълим берувчи) қилиб юборди. Бу ҳадиси шарифдан маълумки Аллоҳ таоло биз бандаларига фақатгина яхшиликни ва енгилликни истайдиган, барча ишларда тўғри йўл кўрсатадиган, бизлар учун барчадан меҳрибон бўлган бутун умматга устоз қилиб Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни юбордилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда ҳақиқий мураббийга керакли барча комил хислатлар мавжуд. Агар дунёда барча устоз ва мураббийлар эргашиши шарт бўлган фақатгина битта инсон бўлса, шубҳасиз у Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдир. Бунга далил сифатида қуйдаги ҳадисни келтиришнинг ўзи етарлидир.
Муовия ибн Ҳакам Суламий розияллоҳу анҳу ўзи Ислом динини қабул қилган пайтда бўлган бир воқеани қуйидагича ёдга олади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларида намоз ўқиётган эдим. Қавмдаги кишилардан бири акса урди ва мен “Ярҳамукаллоҳ”, дедим. Шунда одамлар менга қарашди”. Мен: “Нима учун менга бундай қараяпсиз?!” деган эдим, улар қўлларини сонларига ура бошлашди. Улар мени жим қилмоқчи бўлганларини билганимдан кейин жим бўлдим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқиб бўлганларидан сўнг мени чақирдилар. Ота-онам у зотга фидо бўлсин! Бундан аввал ҳам, кейин ҳам у зотдек гўзал таълим берадиган муаллимни кўрмадим! Аллоҳга қасамки, у зот мени жеркимадилар ҳам, койимадилар ҳам, айбламадилар ҳам. Балки “Ушбу намозда одамларнинг сўзларини бўлиш дуруст эмас, у фақат тасбеҳ, такбир ва Қуръон қироатидир”, дедилар» (Имом Муслим ривояти).
Мана ҳақиқий Ўқитувчи мураббий учун керакли бўлган фазилатлар. Аслида муаллимнинг қандай эканлиги, унинг шогирдларидан билинади . Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг шогиртлари саҳобалардир. Улар ҳар бирлари эргашишга арзийдиган йўлчи юлдуз бўлганлар. Аллоҳ таоло бизларни Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тарбияларини олиб, у зотга ҳос уммат бўлишни насиб этин.
Хайрулло Мардонов – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ўқув-ишлари бўйича директор ўринбосари
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar