03.10.2023

КЎП КУЛИШНИНГ ЗАРАРЛАРИ

Ҳар Бир нарсани аниқ ўлчов билан яратган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар бўлсин. Аллоҳнинг энг сўнги динини барчамизга мукаммал тарзда етказган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га саловату саломларимиз бўлсин.

Аллоҳ таоло муқаддас Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

“Қилган касблари туфайли оз кулиб, кўп йиғласинлар” (Тавба сураси 82- оят) 

Улуғларимизнинг ҳаёт йўлларини ўрганиш асносида уларнинг ҳеч қачон бутун вужудлари билан берилиб, оғизларини ҳатто очиб, қаҳ-қаҳа отиб кулганларни билмаймиз. Чунки улар ўзларининг Аллоҳ розилиги йўлида ҳолис амалга оширган ибодатларини оз санашар қолаверса бу ибодатларини нуқсонликлардан иборат деб ҳисоблар эди. Албатта кулишнинг ҳам ўз ўрни, шарт – шароити ва қолаверса одоби ва чегараси бор. Ўз ўрнида ва меёрида бўлган ҳеч бир нарса жумладан кулгу ҳам зарар қилмайди. Лекин кўпчилигимиз юқорида келтирилган ояти каримага эътибор берадиган бўлсак кулишга нисбатан кўпроқ йиғлашимиз лозим экан. Шунга қарамасдан кўпчилигимиз Аллоҳдан гуноҳларимизни кечиришини сўраш ўрнига хандон отиб кулишдан турли кўнгилочар ўйинларни ўйнаб ўзимизни – ўзимиз хурсанд қилишдан бўшамаймиз. Ҳаддан ортиқ кулгига берилиш аввало инсоннинг қалбини ўлдиради ва шунинг ўзи барча мусибатларнинг бошидир. Зотан ўлган қалбда Аллоҳнинг зикри, ҳисоб-китоб ва ўлим ҳақида тафаккур бўлмайди. Шу ўринда Росулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари табассум даражасида бўлганлигини айтиб ўтмоқчимиз. Табассум деганда қаҳ-қаҳа отмасдан оғизни ичи кўринадиган даражада очмасдан кулиш тушинилади. Бу борада Пайғамбармиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оғизларининг ичи кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот табассум қилар эдилар”. 

Ҳужжатул ислом имом Ғаззолий бу ҳақда шундай деганлар: “Кўп кулги ва мол-дунёга хурсанд бўлиш инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У ҳавф, маҳзунлик, ўлим  ва қиёматни эслаш каби ҳусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу эса қалбни ўлишидир”.

Шу ўринда ҳар қандай кишида “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаи киромлар ҳам кулганларку”, деган эътироз пайдо бўлиши табиий. Тўғри, бу инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Лекин уларнинг кулгулари билан бизларнинг кулгимиз ўртасида эр билан осмонча фарқ бор. Қолаверса, улар ҳеч қачон қаҳ-қаҳа отиб, оғизларини катта очиб кулмаганлар. Балки, табассум қилганларки, бунда тишларининг оқи кўринар эди, холос. Қолаверса, Аллоҳ таоло ояти каримасида “Мутлақо кулмасинлар” эмас, балки “оз кулиб йиғласинлар”, демоқда. Демак, кулиш мумкин, лекин инсоннинг ҳаёти ва асосий машғулоти кулишдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. 

Зотан, яшашдан мақсад, ҳаётнинг моҳияти ва мазмуни кулишдангина, хурсандчиликдангина иборат эмаслигини ҳар биримиз яхши билишимиз керак. Улуғларимизнинг ҳикматли сўзларида “Кўп кулиш олимларнинг виқорини юқотади, саловатини кетқазади”, дейилган. 

Аллоҳ севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига тўлиқ амал қилиш орқали икки дунё соадатига эришишни насиб этсин. Омин!!! 

“Таълим ва тарбия китоби” асосида тайёрланди.

Менглиев Беҳзод- Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати 

Izoh qoldirish

Izohlar