06.10.2023

…У ЗОТ САЛЛОЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМГА БЎЛГАН МУҲАББАТИНИНГ МЕВАСИДУР

Ҳижрат сафарида Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан ҳамроҳ бўлган ва Савр ғорида у зот саллоллоҳу алайҳи васаллам безовта бўлмасин деб, оёқларини илон чаққанда ҳам миқ этмаган Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг бу иши У зот саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Мадинада Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этди деган гап тарқалди. “ Муҳаммад ўлди деганни бошини узаман” дея, талвасага тушган ва у зот саллоллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этганига ишонмаган Умар розияллоҳу анҳунинг бу ҳолати У зот саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Табук ғазотига аскарларни тайёрлаётган Набий саллоллоҳу алайҳи васалламнинг қўйниларига минг динор(ҳозирги кунда 4 килограмм олтин) тангани енгларида олиб келиб тўккан, Усмон розияллоҳу анҳунинг бу саҳийлиги  У зот саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам вафот этгач, У зотни қабрга қўя туриб, шашқатор келаётган кўз ёшларини тия олмаётган ва “Тириклигингизда ҳам гўзал эдингиз, вафот этганингизда ҳам гўзалсиз” деган, Али розияллоҳу анҳунинг бу гаплари  У зот саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Уҳуд куни Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг муборак юзларига дубилғанинг икки ҳалқаси кириб кетди. Бу ҳалқаларни у зотга азият бермай деб, тиши билан сўғириб олиш жараёнида тишларидан айрилган, Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг бу ҳатти-ҳаракати У зот саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

Бадр куни “Аллоҳ сизни буюрган томонга қараб юринг, биз  сиз билан бирга юрамиз. Шояд Аллоҳ таоло биз томонимиздан сизнинг кўзингизни қувнатадиган нарсани кўрсатса” деб айтган, Саад ибн Муоз розияллоҳу анҳунинг бу қовллари У зот саллоллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатининг мевасидур.

 

Хамидов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar