Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига ўқишга қабул қилиш тартиби
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига ўқишга кириш:
Таълим йўналиши – исломшунослик Таълим шакли – кундузги
Абитуриентлар ёши: 18 ёшга тўлган коллеж, лицей ва 11-синфни тугатган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари. Ўқиш муддати – 4 йил
Ўқув шартнома пули (2023-2024 ўқув йили учун ) Стипендияли – 14.831.290 сўм, Стипендиясиз 12.631.290 (янги ўқув йили учун ўқув шартнома пули ошади) Ажратилган квота – 15 нафар
Қабул муддати: 20 июндан 20 июлгача
Қабул ҳайъати иш вақти: 9:00 дан 17:00 гача.
Қабул имтиҳонлари ва таълим давлат тилида олиб борилади.
Абитуриентларнинг ҳужжатларини уларнинг дунёқараши юзасидан суҳбат асосида таълим муассасасида қабул қилинади.
Абитуриентлар қуйидаги фанлар бўйича қабул имтихонларини топширадилар:
Хорижий тил (тест синови) | 30 * 3.1 = 93 балл |
Тарих (тест синови) | 30 * 2.1 = 63 балл |
Маънавият ва маърифат (тест синови) | 30 * 1.1 = 33 балл |
Жами | 189 балл |
Тест синовларида 30 тадан умумий 90 та тест берилади. Синов учун 3 соат белгиланади.
Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг кириш имтиҳонлари Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги талабига кўра, тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши белгиланган.
Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасига тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхати:
– қабул ҳайъати раиси (таълим муассасаси директори) номига ариза;
– маълумоти ҳақида ҳужжат: ўрта мактабни битирганлиги ҳақида шаҳодатнома (аттестат), лицей ёки ўрта махсус таълим муассасасини битирганлиги ҳақида диплом (асли);
– 6 дона фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
– паспорт ёки ID карта нусхаси (асл нусхаси кўрсатилади);
Хорижлик фуқароларни олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларига қабул қилиш алоҳида низом асосида амалга оширилади.
Айни пайтда хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида жорий этилган.
Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига ўқишга кириш учун қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
– Қабул ҳайъати раиси (таълим муассасаси директори) номига ариза;
– маълумоти ҳақидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси;
– соғлиғи тўғрисидаги тиббий хулоса;
– миллий паспорт (амалдаги визаси билан);
– 6 дона рангли фотосурат (3,5 х 4,5 ҳажмдаги);
– фуқаролиги бўлган мамлакатнинг муфтийси (Агар ўша юртда бундай лавозим бўлмаган тақдирда дин ишлари бўйича тегишли давлат бошқаруви органи) томонидан берилган тавсиянома (ёки йўлланма).
Хорижлик фуқаролар диний таълим муассасаларига Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ўтказиладиган ижодий суҳбат (имтиҳон) натижаларига кўра ўқишга қабул қилинади.
Мазкур имтиҳон хорижлик фуқароларни ўқишга қабул қилиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси тузилган Махсус комиссия томонидан амалга оширилади.
Абитуриент чет тили сифатида маълумоти тўғрисидаги шаҳодатнома ёки дипломида кўрсатилган чет тили бўйича тест топширади. Абитуриент ўз ихтиёрига кўра маълумоти тўғрисидаги шаҳодатнома ёки дипломида кўрсатилган чет тилидан бошқа чет тили бўйича тест синови топшириши мумкин. Бунда танлаган чет тилини ўзлаштирганини тасдиқловчи диплом ёки сертификат тақдим этиши лозим (бошқа чет тилини ўзлаштириш бўйича ўқув курсининг давомийлик муддати олти ойдан кам бўлмаслиги керак).
Тест синовларини ўтказиш санаси Давлат тест маркази билан келишган ҳолда Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан белгиланади.
Тест топшириқлари умумий ўрта таълим мактабларининг умумтаълим фанлар ўқув дастурлари асосида тайёрланади. Мажмуанинг ҳар бир фани 30 та топшириқни ўз ичига олади. Вақт меъёри 90 та саволга -3 соат миқдорида белгиланади.
Тест синовларини ўтказиш, имтиҳон натижаларини эълон қилиш, имтиҳон натижалари бўйича апелляциялар юзасидан қўшимча тартиб-қоидалар Давлат тест маркази томонидан ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан келишган ҳолда тасдиқланган Низом талаблари асосида амалга оширилади.
Тест синовлари натижалари Давлат тест маркази имтиҳон комиссияси қарорига асосан таълим муассасалари томонидан эълон қилинади.
Таълим муассасаларига қабул барча учун тенг ҳуқуқлилик, ягона қабул қоидалари ва ягона танлов асосида амалга оширилиб, тест синовларида энг юқори балл тўплаган абитуриентдан бошлаб кетма-кетлик бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тасдиқланган қабул квотасига мувофиқ қабул қилинади.
Жавоблар варақаси тўғри тўлдирилиши учун абитуриент шахсан жавобгардир. Жавоблар варақасидаги тегишли доирачаларни нотўғри белгилаган абитуриентларнинг эътирози кўриб чиқилмайди.
Абитуриент томонидан уяли телефонлар ва бошқа алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш қатъиян таъқиқланади.
Тест синовлари ўтказиладиган бинога киришда абитуриент микрокалькулятор, жадвал, китоб, уяли телефон, компьютер, телекоммуникация воситалари ва шпаргалкалар олиб киришга ҳаракат қилса ёки олиб кирган бўлса, тест синовлари давомида тест материалларини бошқа абитуриентга узатса ёки ёрдам берса, абитуриент тест синовларини ўтказиш тартибини бузган ҳисобланади ва кузатувчилар томонидан далолатнома тузилиб, тест жараёнидан четлаштирилади.
Тест синови жараёнида абитуриент томонидан саволлар китобининг варағи йиртиб олинганлиги аниқланса, тест синовларини топшириш коидалари бузилган ҳисобланади ва тест синовидан четлаштирилади.
Белгиланган вақтда тест синовларига келмаган абитуриентлар учун кўшимча тест синовлари ўтказилмайди.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar