Истиғфорнинг фазилати
Истиғфор – бу банда ўз гуноҳини тан олиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўраши демакдир. Мўмин киши ҳар доим тавба ва истиғфор билан яшайди. Чунки истиғфор қалбни поклайди, ризқни кенгайтиради ва бандани Аллоҳга яқинлаштиради.
Аллоҳ таоло Қуръонда марҳамат қилади:
فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا
يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُمْ مِدْرَارًا
وَيُمْدِدْكُمْ بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَلْ لَكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَلْ لَكُمْ أَنْهَارًا
(Нуҳ сураси, 10–12-оятлар)
«Парвардигорингиздан мағфират сўранг. Албатта, У жуда мағфиратли зотдир. У сизларга осмондан мўл-кўл ёмғир ёғдиради, сизларни мол-дунёлар ва фарзандлар билан кўпайтиради, сизларга боғлар ва анҳорлар ато қилади».
Бу оят истиғфор нафақат охират учун, балки дунё ҳаёти учун ҳам сабаб бўлишини кўрсатади.
Расулуллоҳ ﷺ марҳамат қиладилар:
وَاللَّهِ إِنِّي لَأَسْتَغْفِرُ اللَّهَ وَأَتُوبُ إِلَيْهِ فِي الْيَوْمِ أَكْثَرَ مِنْ سَبْعِينَ مَرَّةً
(Имом Бухорий ривояти)
«Аллоҳга қасамки, мен бир кунда етмиш мартадан кўп Аллоҳдан истиғфор айтаман ва Унга тавба қиламан».
Пайғамбаримиз ﷺ гуноҳсиз бўлсалар ҳам, ҳар куни кўп истиғфор айтганлар. Бу эса уммат учун катта ибратдир.
Яна бир ҳадис
Расулуллоҳ ﷺ дедилар:
مَنْ لَزِمَ الِاسْتِغْفَارَ جَعَلَ اللَّهُ لَهُ مِنْ كُلِّ هَمٍّ فَرَجًا وَمِنْ كُلِّ ضِيقٍ مَخْرَجًا وَرَزَقَهُ مِنْ حَيْثُ لَا يَحْتَسِبُ
(Абу Довуд ривояти)
«Ким истиғфорни доимий қилиб олса, Аллоҳ унга ҳар бир ғамдан чиқиш йўлини беради, ҳар бир торликдан нажот беради ва уни ўзи кутмаган томондан ризқлантиради».
Истиғфор – мўминнинг энг буюк қуролларидан биридир. У билан гуноҳлар ўчади, қалб покланади ва ҳаётда барака пайдо бўлади. Шунинг учун ҳар бир мусулмон, айниқса илм талаб қилаётган инсон кунига имкон қадар кўп:
«Астағфируллоҳ» деб юришини одат қилиши керак.
Аллоҳ таоло бизларни истиғфорни кўп айтадиган бандаларидан қилсин.
Жўраев Шербой – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 4-босқич талабаси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar