Қурбонлик қилишнинг вақти, қурбонликни сўйилиш тартиби (3-қисм)
Қурбонлик қилишнинг вақти, қурбонликни сўйилиш тартиби (3-қисм)
Қурбонлик қилишнинг вақти
Қурбонлик қилишнинг вақти зулҳижжа ойининг ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи кунлари яъни, Қурбон ҳайитининг биринчи куни тонг отиши билан бошланиб, учинчи куни қуёш ботишигача давом этади. Лекин ҳайитнинг биринчи куни сўйилиши афзалироқ. Шаҳарларда ва ҳайит намози ўқиладиган жойларда қурбонликни ҳайит намозидан кейин сўйиш шартдир. Бунга далил ушбу ҳадиси шарифдир.
عَنْ الْبَرَاءِ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إِنَّ أَوَّلَ مَا نَبْدَأُ بِهِ فِي يَوْمِنَا هَذَا أَنْ نُصَلِّيَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ مَنْ فَعَلَهُ فَقَدْ أَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلُ فَإِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ قَدَّمَهُ لِأَهْلِهِ لَيْسَ مِنْ النُّسُكِ فِي شَيْءٍ فَقَامَ أَبُو بُرْدَةَ بْنُ نِيَارٍ وَقَدْ ذَبَحَ فَقَالَ إِنَّ عِنْدِي جَذَعَةً فَقَالَ اذْبَحْهَا وَلَنْ تَجْزِيَ عَنْ أَحَدٍ بَعْدَكَ. رَوَاهُ البخَارِيُّ.
Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, ушбу кунимизда энг аввал бошлайдиган нарсамиз, намоз ўқимоқлигимиздир. Сўнгра, қайтамиз ва сўйиш сўямиз. Бас, кимки ўшандоқ қилса, бизни суннатимизни топибди. Ким ундан олдин сўйса, ўз аҳлига гўшт тақдим қилибди, холос. Ибодатдан ҳеч нарса йўқдир –дедилар. Абу Бурда ўрнидан турди, у сўйиб бўлган эди. Бас, у: “Менинг мусиннадан яхшироқ жазаъам бор?” деди.
“Уни сўй! Аммо, сендан кейин, бирор кишидан кифоя қилмас”, дедилар у зот”. Имом Бухорий ривояти.
عَنْ عَامِرٍ عَنْ الْبَرَاءِ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ صَلَّى صَلَاتَنَا وَوَجَّهَ قِبْلَتَنَا وَنَسَكَ نُسُكَنَا فَلَا يَذْبَحْ حَتَّى يُصَلِّيَ
Яна ўша кишидан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга сўйиш куни, намоздан кейин хутба қилиб: “Ким намозимизни ўқиса, қибламизга юзланса ва қурбонлигимизни қилса, намоз ўқилмасдан олдин сўймасин!” дедилар”. Тўртовлари ривоят қилган.
Қурбонликнинг охирги вақтига далил.
عَنْ مَالِك عَنْ نَافِعٍ أَنَّ عَبْدَ اللَّهِ بْنَ عُمَرَ قَالَ الْأَضْحَى يَوْمَانِ بَعْدَ يَوْمِ الْأَضْحَى
Имом Молик Нофеъдан қилган ривоятда “Ибн Умар қурбонлик ийд кунидан кейин икки кундир дер эди”, дейилган. Имом Молик “Муваттоъ”ла ривоят қилган.
Бироқ ҳайит намози ўқилмайдиган жойларда ҳайит куни тонг ота бошлаши билан сўйилиши мумкин.
Биринчи кун завол вақти киришидан олдин ҳайит намози ўқилмаган бўлса, қурбонлик қилиш жоиз эмас. Фақат ҳайитнинг биринчи куни завол вақтигача ҳайит намози ўқилмаган бўлса, завол вақтидан кейин қурбонлик қилиш жоиз бўлади. Агар ҳайит намозининг ўқилиши иккинчи ёки учинчи кунга қолдирилган бўлса, бу кунларда қурбонлик завол вақтидан олдин ҳам, кейин ҳам сўйилиши мумкин. Ҳайит намозини ўқилишини кутиш шарт эмас. Чунки ҳайит намози билан қурбонлик сўйишнинг орасида тартиб, адохида (ўз вақтида) шарт бўлиб, қазоида (кечиктириб, қазосида) шарт эмас. Бизга маълумки ҳайит намозининг вақти қуёш бир ёки икки найза юқорига кўтарилишидан завол вақтигача бўлган вақтдир.
Мабодо қурбонлик сўйилганидан кейин у куннинг ҳайит эмас арафалиги маълум бўлса, қилинган қурбонлик қурбонликка ўтади. Чунки бу хил хатолардан ҳар доим сақланмоқ мумкин эмас.
Қурбонлик вожиб бўлиши учун вақтнинг охирига эътибор қилинади. Яъни Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан олдин бой бўлган одам қурбонлик сўйиши керак. Аксинч, ўша куни қуёш ботишидан олдин камбағал бўлган ёки ўлган одамдан қурбонлик мажбурияти кетади. Бой бўлган одам қурбонлик сўймайю, ҳайит кунлари ўтгач камбағал бўлиб қолса, унинг қурбонлик мажбурияти кетмайди.
Шунингдек, муқимлик ва мусофирлик учун ҳам вақтнинг охирига эътибор қилинади. Яъни Қурбон ҳайитининг учинчи куни қуёш ботишидан олдин муқим бўлган одам қурбонлик қилиши керак. Аксинча, ўша куни қуёш ботишидан олдин мусофир бўлган кишидан қурбонлик мажбурияти кетади.
Камбағал одам қурбонлик қилгандан кейин қурбонлик қилинадиган кунларда бой бўлса саҳиҳ қарашларга кўра яна қурбонлик қилиши керак.
Бой кимса қайсидир сабаб билан ҳайит кунлари қурбонлик қилмаган бўлса, бир қурбонлик қўйнинг қийматини камбағалларга садақа қилиш керак. Кейинги йилларга қолдирилмайди. Кишининг Қурбон ҳайитида сўйиш нияти билан олган ҳайвонини сўймаса, натижада қурбонлик кунлари ўтиб кетса, бой киши бўлса, хоҳласа ўзини (яъни ўша ҳайвонни), хоҳласа, қийматини беради, камбағал бўлса, ўзини садақа қилади. Қайси бир киши ҳайит кунларида сўйиш учун атаб олган бир ҳайвонни ҳайит кунларида сўймаса, бой киши бўлса ҳам, камбағал бўлса ҳам у ҳайвонни камбағалларга садақа қилиши керак.
Қурбонлик қилинадиган кунларда тунда қурбонлик қилиш макруҳдир.[1]
Қурбонликнинг сўйилиши
Қурбонлик қиблага қараб ётқизилади, кейин дуо нияти билан:
انَّ صَلاتِي وَ نُسُكِي وَ مَحْيَايِ وَ مَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ لاَ شَرِيكَ لَهُ.َ
“Менинг намозим, ибодатим, яшашим ва ўлимим оламларнинг Раббиси бўлган Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқдир”. (Анъом сураси, 162-163-оятлар) ояти калимаси ўқилгандан кейин “Бисмиллаҳи Аллоҳу акбар” деб сўйилади. Қурбонлик сўймоқни яхши қилса, яъни, забҳ қилмоқнинг шартларини билса ва ҳайвонни сўймоққа қодир бўлса қурбонликни эгаси ўз қўли билан сўймоғи мустаҳабдир[2].
عَنْ أَنَسٍ قَالَ ضَحَّى النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِكَبْشَيْنِ أَمْلَحَيْنِ أَقْرَنَيْنِ ذَبَحَهُمَا بِيَدِهِ وَسَمَّى وَكَبَّرَ وَوَضَعَ رِجْلَهُ عَلَى صِفَاحِهِمَا
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита катта шохли қўчқорни қурбонлик қилдилар. Уларни ўз қўллари билан сўйдилар, тасмия айтдилар, такбир айтдилар ва оёқларини бўйнига қўйдилар”. Бешовлари ривоят қилган.
Агар ўзи қурбонликни сўймоққа қодир бўлмаса ва шартларини билмаса, бошқа кишига буюради ва лекин сўядиган жойда ўзи ҳозир бўлади.
عَنْ عِمْرَانَ بن حُصَيْنٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ:"يَا فَاطِمَةُ، قُومِي فَاشْهَدِي أُضْحِيَّتَكِ، فَإِنَّهُ يُغْفَرُ لَكِ بِأَوَّلِ قَطْرَةٍ مِنْ دَمِهَا كُلُّ ذَنْبٍ عَمِلْتِيهِ، وَقُولِي: إِنَّ صَلاتِي وَنُسُكِي وَمَحْيَاي وَمَمَاتِي لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ، لا شَرِيكَ لَهُ، وَبِذَلِكَ أُمِرْتُ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ"
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз алайҳиссалом қизлари Фотима розияллоҳу анҳога: “Туринг, қурбонлигингизга ҳозир бўлинг, албатта, қурбонликнинг аввалги бир қатра қони томиши биланоқ сиз қилган ҳар бир гуноҳингиздан мағфират қилинурсиз ва : “Менинг намозим, ибодатим, яшашим ва ўлимим оламларнинг Раббиси бўлган Аллоҳ учундир. Унинг шериги йўқдир ва мен муслмонларданман”,- деб айтинг. (Анъом сураси, 162-163-оятлар)”-дедилар”. Табаронийнинг “Мўжамил кабир” асарида ривоят қилинган.
Қурбонликни китобий номусулмон сўйиши макруҳдир, яъни, унга буюриб сўйдириш макруҳдир. Зероки, қурбонлик Аллоҳга қурбат ва яқин бўлмоқдир. Пировардида номусулмондан дин ишларига ёрдам талаб қилиб бўлмайди.
Қурбонликни гўшти
Қурбонлик гўштининг ҳаммасини камбағалга садақа қилиб бериш ёки ўзи ва болалари учун олиб қолиш жоиз бўлсада, мақбул бўлгани қурбонлик гўштини учга бўлиб, бир қисмини фақирларга садақа қилиб тарқатмоқ, бир қисмини бой бўлса ҳам қўшниси ва яқинларига икром қилмоқ, бир қисмини рўзғори учун айирмоқдир. Агар қурбонлик қилувчи болажан, серфарзанд ва моддий аҳволи ҳам ўртача бўлса. Гўштнинг ҳаммасини уларнинг ейиши учун олиб қолиши мустаҳабдир.
Қурбонликнинг сўйилган жойидан бошқа бир жойга кўчирилиши танзиҳан макруҳдир. Лекин кишининг қариндошларига ёки янада муҳтожроқ бўлганларга юборишида зарар йўқ.
Ейиш мумкин бўлмаган қисмлар
Қурбонлик бўлса ҳам, бўлмаса ҳам сўйилган ҳайвоннинг қуйидаги қисмларини еб бўлмайди. Улар:
- Оққан қони;
- Эркаклик жинсий олати (закари);
- Урғочилик жинсий аъзоси;
- Тухумлари;
- Сийдик халтаси;
- Ғуддаси;[3]
- Ўт пуфаги.
Шерикчилик билан қилинган қурбонлик гўштининг тақсими
Шерикчилик билан қилинган қурбонлик гўшти қуйидагича тақсим қилинади:
Туя ёки қорамол каби ҳайвонлар шерикчилик билан сўйилганда, гўшти шериклар орасида тортилиб, тенг бир шаклда тақсимланиши керак. Чамалаб (тахминан) тақсимлаш жоиз эмас. Чунки бу жинснинг жинс билан ўзгариши ҳукмида бўлгани учун ортиқчаси фоиз бўлади. Лекин бош, тери ва оёқларидан бир нарсалар гўштга қўшилса жинснинг жинс хилофига ўзгаргани учун чамалаб тақсимлаш жоиз бўлади.
Бир оила аъзолари учун сўйилган шерикчилик қурбонлигининг гўштини эса тақсимлаш шарт эмас.
Камбaғал бир одам қурбонлик нияти билан сотиб олиб сўйган ҳайвонининг гўштини ейиш мумкинми ёки мумкин эмаслиги тўғрисида икки хил нуқтаи назар бор. Чунки унга қурбонлик вожиб бўлмагани ҳолда, бундай қурбрнлик олиб сўйиши назр ҳукмидадир. Бошқа бир қарашга кўра назр ҳақида сўз юритилмагани учун фақат қурбонлик нияти билан сотиб олинган жонлиқ назрга ўтмаслиги учун ейишда бир зарар йўқдир. Фатво шу нуқтаи назарга кўрадир.
Қурбонлик териси
Киши ўз қурбонлигининг терисини ишлатиши ёки ўзи фойдаланадиган бир нарса билан алмаштириши жоиз бўлса ҳам, мақбул бўлгани уни бир йўқсилга (камабағалга) садақа қилиб беришидир. Қурбонликнинг терисини сотиш жоиз бўлмагани каби уни қассоб ҳақи қилиб бериш ҳам жоиз эмасдир.
Довутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] “Мухтасар”. 247-б. Тошкент. “Чўлпон” нашриёти. 1994 й.
[2]Мажмаъ ул-Мақсуд - 2”. “Қурбонлик китоби”. 335-б. Мақсуд хўжа ибн Мансурхўжа. Тошкент. “Мовароуннаҳр”. 2005.
[3] Тери билан гўшт орасида ҳосил бўлган шиш, без.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar