Абу Ҳанифа(раҳматуллоҳи алайҳ)нинг тобеъин эканликлари ҳақида
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг саҳобалар даврида туғилганига шубҳа йўқ. Кўпгина муҳаддис ва тарихчилар унинг бир неча саҳобалар билан учрашганини қайд қилганлар. У зот учрашган саҳобалар борасида ҳар хил фикрлар бўлса-да, лекин машҳур саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан учрашгани ҳақида барча манбалар маълумот беради. Шундай бўлса-да, баъзилар уни тобеъин эмас, балки табаъа тобеъин эканини айтганлар. Бу Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг туғилган санаси аниқ белгиланмагани билан боғлиқ. Машҳур тарихчи ва муҳаддис олим Шамсиддин аз-Заҳабий раҳимаҳуллоҳ у зотни табаъа тобеъин дейдиганларнинг гапини рад этиб, тобеъин бўлганини исботлашга ҳаракат қилганлар.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тобеъинлар жумласидан бўлгани инкор этиб бўлмайдиган бир ҳақиқатдир! Зотан, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг туғилишлари саксонинчи ҳижрийда бўлган. Бу вақтда Кўфада Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳу бор эдилар. Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг у зотни зиёрат қилмай қолишлиги мумкин эмас эди. Яна Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Маккага қилган бир қанча зиёратлари асносида саҳоба Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни зиёрат қилганлар.
Бундан ташқари, Аллома ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ «Табйиз ас-саҳифа»да бир неча ривоятларни нақл қилганлар. Улардан маълум бўладики, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ Ҳазрати Анас, Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Абдуллоҳ ибн ал-Ҳорис ибн ал-Жазъ, Абдуллоҳ ибн Унайс, Восила ибн Ал-Асқаъ, Ойша бинти Ажрад розияллоҳу анҳум ажмаъин каби саҳобалардан ривоятлар эшитганлар.
Абу Маъшар ал-Қаттон (ваф. 478/1085) номи билан танилган қироат олими Абдулкарим ибн Абдуссамад ат-Табарий раҳимаҳуллоҳ мустақил рисолада бу мавзуни ёритганлар. Унда Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тўғридан-тўғри саҳобалардан эшитган ривоятлари жамланган. Бу китобда юқоридагилардан бошқа саҳобалардан Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳу, Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ҳам Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг эшитганлиги баён қилинган. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ каби ҳадис билимдонлари бу ривоятларнинг ҳаммасини санад эътиборидан заиф деган тақдирда ҳам, лекин унинг қатъий ботил бўлишига ҳеч ким ҳукм қила олмайди. Агар фазоил ва маноқиб мавзуларида заиф ривоятларнинг қабул қилинишини эсласак, бу ривоятлардан Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг илмий фазилати зоҳир бўлмай қолмайди. Бундан ташқари, Аллома ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ «Табйиз ас-саҳифа»да машҳур бир ривоятни Ҳофиз Абу Маъшар раҳимаҳуллоҳнинг ҳаволаси билан нақл қиладилар:
عن أبي حنيفة عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم يقول "طلب العلم فريضة على كل مسلم"
«Илм талаб қилишлик ҳар бир мусулмонга фарздир!»
Имом ас-Суютий раҳимаҳуллоҳ бу ривоятни келтирар эканлар, унинг саҳиҳ даражада эканлигини айтганлар.
Ҳофиз ал-Миззий раҳимаҳуллоҳнинг фикри шуки, «таъаддуди туруқ» – «ривоят йўлларининг кўплиги» эътиборидан мазкур ривоят ҳасан даражасига келади.
Агар мазкур ҳадис олимларининг бу фикрларини қабул қиладиган бўлсак, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг саҳобаларни кўриб, улардан ҳадис эшитганлигига бирон-бир шубҳа қолмайди! Агар фаразан саҳобалардан ҳадис эшитганлиги аниқ бўлмаса ҳам, лекин уларни зиёрат қилганлиги аниқ. Шунинг учун Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тобеъинлиги, муҳаққиқ олимлар наздида, тан олингандир. Чунончи, Ибн Саъд, Имом аз-Заҳабий, Имом ас-Суютий, Ибн Ҳажар ал-Асқалоний раҳимаҳумуллоҳ каби муҳаддислар Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг тобеъин бўлганини очиқ-ойдин эътироф этганлар.
Эшбоев Шахзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar