Бидъатдан сақланайлик (1-қисм)
“Бидъат” сўзини таърифига киришадиган бўлсак, “бидъат” сўзи луғатда “ўхшаши бўлмаган янги нарсани пайдо қилиш, диний ақидаларга киритилган ўринсиз ислоҳ”, – деган маънони билдиради. Истилоҳда эса Аллома Иззиддин ибн Абдуссалом шундай таърифлаганлар:
اَلْبِدْعَةُ فِعْلُ مَا لَمْ يُعْهَدْ فِي عَصْرِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ
яъни: “Бидъат – Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсани амалга оширишдир” (“Қавоидул аҳком” китоби).
Демак, ибодатларда асри саодатда учрамаган, балки, кейинчалик динда янги пайдо бўлган амаллар бидъат ҳисобланар экан.
Динга янгилик киритиш, гўёки, Аллоҳ ва унинг Расули билмаган нарсани “мен топдим”, – деган даъво қилишдир. Ваҳоланки, Ислом – Аллоҳ томонидан юборилган мукаммал ва баркамол диндир. Биз мусулмонларнинг вазифамиз – динимизнинг моҳиятини тўғри англаб етиб, ҳаётимизга татбиқ қилиш ва турли бидъат-хурофотларни пайдо қилмасликдир.
Уламоларимиз бидъатни икки қисмга бўлганлар: бидъати ҳасана (яхши бидъат) ва бидъати саййиа (ёмон бидъат).
Бидъати ҳасана – шариатда асли бўлган амални шу аслга таяниб, уни шакллантириш учун жорий қилинган қўшимча амалларга айтилади. Бунга ҳазрати Умар разияллоҳу анҳунинг ишларини мисол қилиш мумкин. Суннат амал бўлган Таровеҳ намозини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам жамоат билан ўқимас эдилар. Ҳазрати Умар эса халифалик даврларида мазкур намозни имомга иқтидо қилиб, жамоат билан ўқишни жорий қилдилар ва: “Қандай яхши бидъат бўлди”, – дедилар.
Шунга биноан диний илмлар ўргатиш учун алоҳида мадрасалар қуриш, китоблар чоп этиш, масжидларга гилам солиш, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васалламни гўзал сийратларини тарғиб қилиш учун мавлид ўқиш сингари дин асосларига зид бўлмаган амаллар – “бидъати ҳасана” бўлади. Яъни, мақталган, яхши бидъат саналади.
Бидъати саййиа эса – шаръий асосга эга бўлмаган бирор амал ёки эътиқодни жорий этишдир. Бундай бидъат айни залолат бўлиб, уни шариатимизда рад этилгандир.
Уламоларимиз бидъати ҳасана ва бидъати саййиа ўртасини ажратиб олиш учун асосий мезон бу – шариатимизнинг умумий қоидаларидир, деганлар. Яъни, Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида кузатилмаган бирор бир амал ушбу шариат қоидаларига мувофиқ келса, залолатга бошловчи бидъат саналмайди. Аксинча, мақталган, яхши бидъат саналади.
Омонов Оллоёр – “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar