13.02.2026

“ТУҲФАТУ-Л-АҲВАЗИЙ” – “СУНАНИ ТЕРМИЗИЙ”ГА ЁЗИЛГАН ШАРҲИ

Машҳур муҳаддис аждодимиз Абу Исо Термизийнинг “Сунани Термизий” асарига ҳозиргача кўплаб шарҳлар ёзилган. Ушбу шарҳ китоблар ичида Абул Яъло Муҳаммад Абдурраҳмон ибн Абдурраҳим Муборакфурий (ваф. 1935) қаламига мансуб Туҳфату-л-аҳвазий” (تحفة الأحوذي) асари бугунги кунда “Сунани Термизий” шарҳлари ичида жуда машҳур китоблардан бири ҳисобланади. Унинг муқаддимасида ҳадис илмига оид муҳим маълумотлар келтирилган. Имом Шавконий ҳам “Найлу-л-автор” китобини ёзишда ушбу асардан унумли фойдаланган. Абдурраҳмон Муборакфурий аҳли ҳадислардан бўлиб, буни “Туҳфату-л-аҳвазий” асаридаги шарҳлаш услубидан яққол кўриш мумкин. Муаллиф асарни 10 жилдда шарҳлаган. Ушбу шарҳни муқаддима сифатида 2 жилдли рисола ёзиш билан бошлаб, “ал-Илал”га шарҳ сифатида “Шифоу-л-ғилал фий китоб ал-Илал” китобини ёзиш билан якунлаган. Кейинчалик асар 9, 11 ва 16 жилдда ҳам нашр этилган. 

Абдурраҳмон Муборакфурийнинг “Туҳфату-л-аҳвазий” асарида қуйидаги услуб ва хусусиятларни кўриш мумкин[1]:

  • Асар машҳур тўрт мазҳаб доирасида ёзилмаган, балки муаллиф ўзининг аҳли ҳадис эканлигидан келиб чиқиб шарҳлаган;
  • Асарнинг аввалги 3 жилдида ҳадисларни батафсил шарҳлаб, кейинги жилдлардан қисқароқ шарҳлаш услубига ўтган;
  • Ҳадислар санадидаги ровийлар ҳақидаги маълумотларни (тарожумларни) келтиришга алоҳида эътибор қаратган ва бунда Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Тақрибу-т-таҳзиб” асаридан ҳамда Сафиюддин Хазражийнинг “Хулосату таҳзиб ал-камол” асарларидан кенг фойдаланган;
  • Ҳадисларни тахриж қилишда фақат “Кутуби ситта” доирасида чекланган;
  • Ҳадисларнинг мартабасини келтиришга ҳаракат қилган ва бу борада баъзан Имом Термизийга зид ҳукмлар берган;
  •  Ғариб – кам ишлатиладиган, нодир сўзлар ва тушунарсиз сўзларни шарҳлашда Қуръон оятлари, ривоятлар, шеърлардан кўпроқ фойдаланган;
  • Ҳадисларнинг санади ва матнига доир муаммоларга ечим беришга ҳаракат қилган;
  • Имом Термизий бирор ҳадисни саҳиҳ деб ҳисоблашда енгилроқ қараган бўлса, Муборакфурий ўша ҳадисдаги эътибордан четда қолган ўринга эслатма қилган; 
  • Имом Термизий бирор масалада таржиҳ қилмаган бўлса, Муборакфурий бу борадаги устун деб билган қавлни танлаб берган;
  • Муборакфурий ушбу асарини “ал-Илал” китобига шарҳ ўлароқ “Шифоу-л-ғилал фий китоб ал-Илал” китобини ёзиш билан якунлаган;
  • Матн ва санаддаги мубҳам ўринларни аниқлаштириб кетган. Масалан, ҳадисда “Бир киши келди” деб келган бўлса, унинг кимлигини бошқа манбалар асосида айтиб ўтган[2];
  • Нусха кўчиришда содир бўлган хатоларни баён қилган[3];
  • Исмлардаги чалкашликларни тўғрилаган[4];
  • Ҳадис матни ё санадидаги нотаниш шахсларни ёритган;[5]
  • Ақидага доир ҳадисларга алоҳида эътибор қаратган. Жумладан: Аллоҳ таолонинг сифатлари, Аллоҳ таолодан билвосита сўраш, катта гуноҳ қилганларнинг жаҳаннамда абадий қолмаслиги каби мавзуларга кенг тўхталган;
  • Турли фирқалар, хусусан, Ҳиндистондаги адашган оқимлар ҳақида огоҳлантирган;

“Туҳфату-л-аҳвазий” асарига нисбатан баъзи танқидий сўзлар ҳам мавжуд[6]. Жумладан:

  • Муборакфурий ҳадис ровийларини келтирганда биринчи келтиришнинг ўзидаёқ тўлиқ маълумот бермай, кейинги ўринларда батафсил тўхталган. Масалан, Жоруд исмли ровийни бир неча бобдан кейин иккинчи марта зикр қилинганда у ҳақда маълумот берган. Албатта, бу иш ўқувчига қийинчилик туғдиради.
  • Айрим гапни қисқа қилиш керак ўринларда тафсилотни кўпайтирган бўлса, баъзи ўринларда аксинча йўл тутган. Баъзан кўчирма гаплар келтириб, уни изоҳламаган. Ҳатто бошқа тилда, хусусан, форс тилидаги маълумотни таржима ва изоҳсиз келтирган[7];
  • Баъзи ровийлар ҳақида маълумотни такрор-такрор келтирган, жумладан, Шарик ибн Абдуллоҳ Нахаий ҳақида кўп ўринларда такрор маълумот берган;
  • Айрим ҳадисларнинг иллатларини баён этмаган;
  • Фиқҳий масалаларни далиллашда фиқҳий манбалар ўрнига “Фатҳу-л-Борий”, “Субулу-с-салом” каби шарҳ китоблардан фойдаланган;
  • Тўрт мазҳабдан бирига тақлидий эргашадиганларни айблашда ҳаддан ошган. Масалан, аср намозини тезлатиб ўқиш ва кечиктириш масаласида[8];
  • Ҳанафий мазҳабига эргашувчиларга нисбатан ўта қаттиққўл ва кўп ўринларда эътироз ҳамда раддиялар билдирган. Масалан, “Туҳфату-л-аҳвазий”нинг биринчи жилдидида ҳанафийлар ҳақида шундай деган: “Шу билан бирга кўпчилик ҳанафийлар хўроз чўқишига ўхшаб чўқийдилар. Билиб туриб “таъдилул аркон” (намоздаги рукнларни ўз ўрнида керагича бажариш) амалини тарк қилишади. Ҳатто бирор намоз ўқиётган киши таъдилул аркон қилаётганини кўришса, уни ҳанафий эмас, деб ҳисоблашади. Аллоҳ уларни тўғри йўлга бошласин”[9].
  • Имом Абу Ҳанифага нисбатан бир неча ўринларда ноўрин ва асоссиз таъналар етказган. Мисол учун “хотираси ёмон” деб айблаган;
  • Ровийлар ҳақида маълумот берганда баъзан хатоликка йўл қўйган.Жумладан, Ҳасан ибн Али Халлолдан Имом Насоий ҳадис ривоят қилмаган деган, лекин бу ровийдан “Олти китоб” соҳибларининг ҳаммаси ҳадис ривоят қилишган. Шунингдек, Абу Бакр Муҳаммад ибн Нофеъ ҳақида маълумоти йўқлигини айтган, аммо асарнинг бошқа бир ўрнида “Ўн кунда қилинадиган амаллар борасида келган ҳадислар боби”да бу ровий ҳақида маълумот берган.

Абдурраҳмон Муборакфурий аҳли ҳадислардан бўлиб, салафийлик йўналишига моил саналади. Унинг ҳанафийларга қарши, хусусан, Анвар Шоҳ Кашмирийнинг “ал-Арфу-ш-шазий” асаридаги айрим қарашларига раддиялари мавжуд. Ўрни келганда шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ҳозирда “Ҳадийяту-л-аҳвазий” (هدية الاحوذي) номли асар “Сунани Термизий”га ёзилган энг сўнги шарҳлардан ҳисобланади. Ушбу асарнинг муаллифи Мавлоно Аршад Маданий бўлиб, муаллиф ҳозирда Ҳиндистоннинг Девбанд Дорул-улум университетининг мудири ва Ҳинд уламолари жамиятининг раиси ҳисобланади. Мавлононинг ёзган шарҳи 6 жилдда бўлиб, 2021 йил нашр этилган. Муаллиф “Ҳадийяту-л-аҳвазий” асарини “Туҳфату-л-аҳвазий” асаридаги муҳаддис Абдурраҳмон Муборакфурий томонидан ҳанафийларга, хусусан, Анвар Шоҳ Кашмирийга қарши айтилган гаплар ва қарашлардан ҳимоя қилиш ҳамда Муборакфурийга раддия бериш мақсадида ёзган.

Ушбу мақолада “Туҳфату-л-аҳвазий” асарининг ўзига хос услуб ва хусусиятлари, шунингдек бу асар ҳақидаги уламоларнинг қарашларини қисқача ўрганилди.

 

Ҳошимжон Низомиддинов - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати


 

[1] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Туҳфату-л-аҳвазий би шарҳ Жомеъ ат-Термизий дироса нақдийя. – Малайзия: Ал-Жомеъа ал-исломийя ал-оламийя, 2002. – Б. 204.

[2] Абдуллоҳ ибн Рафдон. Манҳаж ал-Аллома Ал-Муборакфурий фи Туҳфату-л-аҳвазий. – Ар-Риёд: Дор ан-нашр жомеъату Уммул Қуро, 1997. – Б. 92-93. 

[3] Абдурраҳмон Муборакфурий. Туҳфату-л-аҳвазий. – Байрут: Дор ал-фикр, 1995. – Ж. 1. – Б. 442.

[4] Ўша манба. – Ж. 1. – Б. 70.

[5] Ўша манба. – Ж. 7. – Б. 37.

[6] Саййид Абдулмажид Ғоврий. Туҳфатул аҳвазий би шарҳ Жомеъ ат-Термизий дироса нақдийя. – Малайзия: Ал-Жомеъа ал-исломийя ал-оламийя, 2002. – Б. 217.

[7] Абдурраҳмон Муборакфурий. Туҳфату-л-аҳвазий. – Байрут: Дор ал-фикр, 1995. – Ж. 1. – Б. 49-51.

[8] Ўша манба. – Ж. 1. – Б. 496.

[9] Ўша манба. – Ж. 1. – Б. 498.

Izoh qoldirish

Izohlar