Заҳириддин Муҳаммад Бобур — миллат фахри ва юксак маънавият тимсоли
Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, давлат арбоби, подшоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур миллатимизнинг энг ёрқин сиймоларидан биридир. Илм ва адабиёт осмонида порлаган юлдузларнинг энг нурлиларидан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва унинг авлодлари — Бобурийлар сулоласи барчамиз учун фахр ва ифтихор манбаидир.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1483 йил 14 февралда Андижон шаҳрида, Фарғона улусининг ҳокими Умар Шайх Мирзо оиласида таваллуд топган. Довюраклиги ва жасурлиги туфайли у ёшлигидан “Бобур” (“Шер”) лақабини олган.
Адабиёт, нафис санъат ва табиат гўзаллигига ёшлигидан меҳр қўйган Заҳириддин барча темурий шаҳзодалар каби бу илмларнинг асосларини отаси саройида, етук устозлар раҳбарлигида эгаллади. Бироқ унинг беташвиш ёшлиги узоққа чўзилмади. 1494 йилда отасидан етим қолди. Бу даврда Марказий Осиё ва Хуросонда турли ҳокимлар, ака-укалар, тоғалар, жиянлар ва амакиваччалар ўртасида ҳокимият учун, яъни улуғ бобоси Амир Темур барпо этган йирик давлатга эгалик қилиш учун кураш ниҳоятда кескин тус олган эди.
12 ёшида отаси ўрнига Фарғона улусининг ҳокими этиб кўтарилган Бобур қаламни қиличга алмаштириб, Андижон тахти учун рақибларга қарши курашишга мажбур бўлди. У укаси Жаҳонгир Мирзо билан муроса қилиш мақсадида Фарғона улусини иккига бўлиб, ярмини унга топширишга қарор қилди ва ўзи Самарқанд учун олиб борилаётган курашга киришди. Бир неча йил давом этган бу кураш қирғин-баротдан бошқа натижа бермади. Катта ҳарбий куч билан аралашган Шайбонийхон устун келди ва Бобур Самарқандни тарк этишга мажбур бўлди.
Шайбонийхон Андижонни ҳам эгаллагач, Бобур жануб томон йўл олди ва Кобул улусида ўз ҳокимиятини ўрнатди. У Марказий Осиёга қайтиш учун бир неча бор уриниб кўрди, аммо бу ҳаракатлар натижасиз якунланди. Шундан сўнг у ўз мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида 1519–1525 йиллар давомида Ҳиндистонни эгаллаш учун бир неча жанглар олиб борди ва ниҳоят Ҳиндистонда ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, Бобурийлар сулоласига асос солди. Бу сулола Ҳиндистонда 300 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилди.
Қисқа вақт ичида Бобур Ҳиндистонда сиёсий муҳитни барқарорлаштириш, ерларни бирлаштириш, шаҳарларни ободонлаштириш, савдо-сотиқни ривожлантириш ва боғлар барпо этиш ишларига катта эътибор қаратди. Кейинчалик унинг ўғиллари ва авлодлари даврида меъморий ёдгорликлар, боғлар, кутубхоналар ва карвонсаройлар қурилиши кенг миқёсда давом эттирилди. Ҳиндистон санъати ва меъморчилигида Марказий Осиё услубининг таъсири яққол намоён бўла бошлади.
Бобур ва унинг авлодлари ҳузурида ўша даврнинг илғор олимлари, шоирлари, мусиқашунослари ва давлат арбобларини бирлаштирган юксак маънавий муҳит шаклланди. Бобурийлар давлатидаги маданий муҳитнинг Ҳиндистон тараққиётидаги аҳамияти ҳақида Жаваҳарлал Неру шундай ёзган эди:
«Бобур Ҳиндистонга келгандан кейин катта силжишлар юз берди ва янги рағбатлантиришлар ҳаётга, санъатга, архитектурага тоза нафас бахш этди. Маданиятнинг бошқа соҳалари эса бир-бири билан уйғунлашиб кетди».
Ўз замонасининг йирик давлатларидан бирига подшоҳ бўлганига қарамай, Ватан соғинчи унинг қалбини умрининг охирига қадар тарк этмади. Тақдир уни ўз юртига қайтишдан маҳрум қилди, унга ўзга юртда шоҳ бўлиш қисмати битилган эди. Бу ҳолатни Бобур Мирзо ўз шеърларида шундай ифода этган:
Толе йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Не ишки айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Бобур асарларида Аллоҳга муҳаббат, Ватан ва халққа садоқат туйғулари кенг акс этган. У инсонпарварликни мўминликнинг асосий белгиларидан бири деб билган:
Ҳар кимки, вафо қилса, вафо топқусидур,
Ҳар кимки, жафо қилса, жафо топқусидур.
Яхши киши кўрмагай ямонлик ҳаргиз,
Ҳар кимки, ямон бўлса, жазо топқусидур.
Бобурнинг инсоний фазилатларини ўрганар эканмиз, унинг ислом динига содиқ ва фидойи шахс бўлгани яққол намоён бўлади. Амир Темур каби, у айниқса Ҳиндистонда бўлган даврида уламолар ва фузалолар билан диний мавзуларда суҳбатлашишни хуш кўрарди. Ҳар пайшанба куни фиқҳ масалалари бўйича баҳс-мунозаралар уюштирар эди.
Бобур Мирзонинг “Мубаййин” асари унинг исломий илмларни чуқур эгаллаганини, фақиҳ сифатида ҳам юксак салоҳиятга эга бўлганини кўрсатади.
Бугунги кунда юртимиз бўйлаб Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни кенг нишонланиб, “Бобурхонлик” кечалари ўтказилмоқда. Унинг бой адабий меросидан халқимиз, айниқса ёш авлод кенг баҳраманд бўлмоқда.
Юртимизнинг фахри бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини чуқур ўрганиш, ундаги ватанпарварлик руҳини ёшларга намуна сифатида кўрсатиш — барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.
Холмурод Чоршанбиев – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси АРМ бош мутахассиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar