Қуръон аҳлининг рамазондаги мақоми ва машаққати
Рамазон ойи – Қуръони карим нозил бўлган, раҳмат ва мағфират эшиклари очиладиган, ибодатлар савоби бир неча баробар зиёда бўладиган муборак замондир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят, тўғри йўл ва ажратувчи далиллар бўлган Қуръон нозил қилинган ойдир” (Бақара сураси, 185-оят).
Ушбу ой Қуръон билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, айниқса Қуръон аҳлига – қориларга юкланган масъулият янада ортади.
Қорилар Рамазон ойида Аллоҳнинг каломини жамоат олдида тиловат қилиш, таровеҳ намозларида Қуръонни тўлиқ ёки катта қисмини ўқиб бериш шарафини адо этадилар. Бу хизмат улуғ неъмат бўлиши билан бирга, катта машаққат ва сабрни талаб этади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни бошқаларга ўргатганларингиздир” (Имом Бухорий ривояти), деб марҳамат қилганлар.
Ушбу ҳадис қориларнинг мақоми нақадар юксак эканини кўрсатади, аммо бу юксак мақом машаққатсиз берилмайди.
Рамазон кунлари қори рўза тутган ҳолатда кечаси бир неча соатлаб Қуръон тиловат қилади. Очлик ва чанқоқлик жисмоний ҳолатни заифлаштиради, айниқса овоз аппаратига салбий таъсир кўрсатади. Шунга қарамай, қори тажвид қоидаларига риоя қилиб, Қуръонни гўзал оҳангда ўқишга ҳаракат қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Қуръонни чиройли овоз билан ўқинглар, чунки гўзал овоз Қуръоннинг ҳуснини зиёда қилади” (Абу Довуд ривояти), деб таъкидлаганлар.
Аммо чанқоқлик ва сувсизлик ҳолатида буни адо этиш қанчалик оғир экани фақат қориларгагина аён.
Бундан ташқари, Рамазон ойида уйқу режими бузилади. Саҳарлик, бомдод, кундузги ибодатлар ва кечки таровеҳ орасида етарли дам олиш имконияти бўлмайди. Қори жисмоний чарчоқ билан бирга руҳий босимни ҳам ҳис этади. Чунки Қуръонни ёддан ўқиш юқори даражадаги диққатни талаб қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни ёдда сақлаш масаласида:
“Қуръонни доимий тиловат қилиб туринглар. Аллоҳга қасамки, у боғланган туядан ҳам тезроқ чиқиб кетади” (Бухорий ва Муслим ривояти), деб огоҳлантирганлар.
Шу боис қори Рамазон давомида хотирасини сақлаш учун икки баробар куч сарфлайди.
Қорилар дуч келадиган яна бир катта синов бу — масъулият ҳисси ва ички қўрқувдир. Жамоат олдида Қуръон ўқиш, айниқса таровеҳ намозларида, хато қилмаслик мажбурияти кучли руҳий босим туғдиради. Чунки Қуръон Аллоҳнинг каломи бўлиб, унга нисбатан эътиборсизлик ёки бепарволик кечирилмайди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Биз Қуръонни зикр учун осон қилдик. Бас, эслатма олувчи борми?” (Қамар сураси, 17-оят).
Бу оят Қуръонни ёдлашнинг енгиллигини билдирса-да, уни масъулият билан ўқиш зарурлигини ҳам англатади.
Рамазон ойида қорилар кўпинча ўз шахсий ҳаётларини четга сурадилар. Оила, фарзандлар ва кундалик юмушлардан кўра масжид ва жамоат хизматини устун қўядилар. Бу эса улардан чин ихлос ва фидойиликни талаб қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Амаллар ниятга боғлиқдир” (Бухорий ва Муслим), деганлар. Қорининг ушбу хизматлари фақат ихлос билан бўлгандагина Аллоҳ ҳузурида улуғ ажрга сазовор бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, Рамазон ойида қорилар бажарадиган вазифа ташқи томондан фақат тиловат бўлиб кўринса-да, аслида у жисмоний чарчоқ, руҳий босим ва катта масъулиятни ўз ичига олган улуғ ибодатдир. Бу машаққатлар қориларнинг даражасини Аллоҳ ҳузурида юксалтиради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон аҳлининг фазилати ҳақида: “Қуръон эгалари Аллоҳнинг аҳли ва Унинг хос бандаларидир” (Ибн Можа ривояти), деб марҳамат қилганлар. Шу боис Рамазон ойида Қуръон хизматида бўлган қориларни қадрлаш, уларга ҳурмат ва эътибор кўрсатиш уммат зиммасидаги муҳим вазифалардандир.
Ярашев Хабиб – Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳар “Мангузар” жоме масжиди имом ноиби
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar