20.02.2026

Бидъатдан сақланайлик (2-қисм)

Пайғамбаримиз алайҳиссалом давриларида бўлмаган ҳар бир амал ҳам ёмон бидъат бўлавермайди. Балки, шариатимизнинг умумий қоидаларига зид бўлган ёхуд унга асосланмаган ҳар қандай амал ёки эътиқод залолатга бошловчи бидъат саналади. Ҳар бир мусулмон айнан ушбу бидъатдан сақланиши лозим бўлади.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бир ишни кўрганда унга нисбатан бидъат ёки бидъат эмас деб ҳукм  қилишга шошилмаслик керак. Чунки бу борада уламолар томонидан жорий этилган қоида ва асослар бор. Шундан келиб чиқиб шуни айтамизки, юртимизда баъзи бир одатлар борки, гарчи шариатда у айни шу шаклда собит бўлмаган бўлса-да, шариатимизнинг умумий асосларга зид келмайди. Бунга мисол қилиб намоздан кейин қироат қилиш ва жамаовий дуо қилишни келтиришимиз мумкин. Мадомики, мусулмонлар бу одатларни албатта шундай шаклда собит бўлган деб эътиқод қилмасдан амалга оширсалар бидъат ҳисобланмайди. Шунинг учун бу одатлар юртимизда бир неча асрлардан бери уламолар тарафидан инкор этилмай давом этиб келмоқда.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам биз умматларини Ўз суннатлари (тутган йўллари)ни маҳкам ушлаш ва Расулимиздан кейин ўтган улуғ зотларнинг йўлларида бардавом бўлишга чиқириб, бундай деганлар:

 عَلَيْكُمْ بِسُنَّتِي وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ، تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذِ 

(رواه الإمام الترمذي عن عرباض بن سارية رضي الله عنه)

яъни: “Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар” (Имом Термизий ривоятлари).

Акс ҳолда суннатлар унутилиб, ҳар хил бидъат ва хурофотлар кўпаяди. Зеро, бу борада Амр ибн Авф разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар:

مَنْ أَحْيَا سُنَّةً مِنْ سُنَّتِي قَدْ أُمِيْتَتْ بَعْدِي فَإِنَّ لَهُ مِنَ الْأَجْرِ مِثْلَ أَجْرِ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنَ النَّاسِ لاَ يَنْقُصُ مِنْ أُجُورِ النَّاسِ شَيْئًا وَمَنْ اِبْتَدَعَ بِدْعَةً لاَ يَرْضَاهَا اللهُ وَرَسُولُهُ فَإِنَّ عَلَيْهِ مِثْلَ إِثْمِ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنَ النَّاسِ لاَ يَنْقُصُ مِنْ آثَامِ النَّاسِ شَيْئًا

яъни: “Мендан кейин унутилган суннатлардан бирини ким амалга тадбиқ қилса, сўнг унга одамлар амал қилсалар, у учун ўшанга амал қилган кишиларнинг савобича савоб бўлади ва бу уларнинг савобидан бирон нарсани камайтирмайди. Ким Аллоҳ ва Расули рози бўлмайдиган бир бидъатни пайдо қилса, у учун ўша бидъатга амал қилган кишилар гуноҳича гуноҳ бўлади, лекин бу уларнинг гуноҳидан бирон нарсани камайтирмайди” (Имом Ибн Можа ривоятлари). 

Вакт ўтиб, инсонлар дин қонун-қоидаларидан узоқлашган сайин илм сусайиб, жаҳолат ва нодонлик юзага келиши оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келади.

Ҳозирги кунда баъзиларнинг илмсизлик оқибатида турли бидъат-хурофотлар юзага келмоқда. Масалан, баъзи жойларда ўтганлар руҳини ёд этиш мақсадида шам-чироқ ёқиш, динда асли йўқ турли маърака-тадбирларни жорий қилиш. Шунингдек, янги уй ёки маркаб сотиб олганда бирор жонлиқ сўйиб, қонини уй ёки маркабнинг устидан оқизиш ҳам хорофотлардандир. Аёллар ўртасида “Мушкул кушод”, “Биби сешанба” каби тадбирларни ўтказиш ҳам айнан мана шундай бидъатлардан саналади. Шунингдек, халқ орасида “иккала ҳайит орасида никоҳланиш жоиз эмас”, “сафар ойида сафар қилиб бўлмайди”, “рўза ойида тухум еб бўлмайди”, “ўлик чиққан хонадонда сумалак, ҳалим пиширилмайди”, “ифторликка ҳамирсиз овқат тайёрлаш лозим”, “мавлид ўқилса, хонадон соҳиблари қатнашмайди”, “балиқ еса, жиғилдони тозаланиб, луқмаси ҳалол бўлади” қабилидаги эътиқодлар ҳам айни қораланган бидъатлар турига мансубдир. Бу каби ирим-сиримларга ишониш, унга “ихлос” билан амал қилиш Аллоҳ таолога яқинлаштирмайди, балки унинг ғазабига олиб боради. Аллоҳ бундан барчамизни асрасин! Шунинг учун ҳам обид зотлардан бири бўлмиш Абу Айюб Сихтиёний раҳимаҳуллоҳ: “Бидъатчи ўз бидъатида қанча тиришса, Аллоҳдан шунча узоқ бўлади”, – деганлар.

Демак, ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли шаръий асосга эга бўлмаган одат ва хурофотлардан сақланишимиз лозим бўлади.

 

 

Омонов Оллоёр – “Имом Термизий” ЎМИТМ Ўқув услубий бўлим бошлиғи

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar