Ўрта Осиё хаттотлик мактаблари ва уларнинг намояндалари (1-қисм)
Қўлёзмаларни китоб ҳолига келтириш эса мураккаб, машаққатли ҳамда масъулиятли жараён бўлиб, унда бир неча мутахассислар иштирок этганлар. Улардан биринчи даражадагилари – қоғозрез (қоғоз тайёрловчи), хаттот (хат ёзувчи), заҳҳоб (олтин ҳал берувчи), наққош (нақш чизувчи) лаввоҳ (сарлавҳа ва жадвалларни зийнатловчи), пош (олтин сувини юлдуз каби сочувчи), мусаввир (қўлёзмага миниатюралар ишловчи) ва саҳҳоф (муқовасоз).
Табиийки, бир неча моҳир усталар иштирокида вужудга келган қўлёзмалар бебаҳо мўъжиза даражасига кўтарилган ва ўз замонасида подшоҳлар, давлат арбоблари, буюк олимлар, шоирлар, умуман санъатсеварларга туҳфа этилган. Абдулқодир Муродий «Ўрта Осиё хаттотлик санъати тарихидан» (Тошкент, 1971) китобларида таъкидлаганларидек, XV-XIX асрлардаги Бухоро, Хива ва Фарғона сарой кутубхоналари, кўпинча энг қимматбаҳо бадиий қўлёзмалар ҳисобига бойиган. Бир қатор қўлёзмалар давлат бошлиқлари ҳамда санъат ҳомийларининг ташаббуслари билан дунёга келган ва юқори баҳоланган. Амирлар сарой кутубхонасига қабул қилинган ҳар бир қўлёзма олтин ва жавоҳир сингари хазина бойлиги деб қаралган. Дарҳақиқат, минглаб жилдлардан ташкил топган сарой кутубхоналари нафақат сарой аҳлининг балки бутун бир халқнинг, миллатнинг бебаҳо маънавий хазинаси бўлган.
Ўрта Осиёда қуйидаги йирик хаттотлик мактаблари бўлган:
- Ҳирот хаттотлик мактаби;
- Бухоро хаттотлик мактаби;
- Хоразм хаттотлик мактаби;
- Фарғона (Қўқон) хаттотлик мактаби;
- Самарқанд хаттотлик мактаби;
- Тошкент хаттотлик мактаби.
Ҳинд хаттотлик мактаби эса асосан Бухоро, Самарқанд, Ҳирот ва Табриз хаттотлик мактаби таъсирида тараққий этган.
Ҳирот хаттотлик мактаби. Ўрта Осиёда хаттотлик санъатининг кенг тараққиёти Амир Темур ва темурийлар давридан бошланади. Ҳуснихат санъати Хуросон пойтахти Ҳиротда ривожланиб, у ерда Султон Али Машҳадий бошлиқ йирик хаттотлик мактаби вужудга келади. Шоҳ Муҳаммад Котиб, Абдураҳим Ҳиравий шу мактаб вакилларидирлар.
Бухоро хаттотлик мактаби. Бу мактаб XVI–XVII асрларда тараққиётнинг янги босқичларига кўтарилади. Бу ерда хаттотлик санъати тез ривожланиб, зарринқалам улуғ хаттотлар етишиб чиқади. Айниқса, ҳукмронлик Шайбонийлар қўлига ўтиши билан Бухорода маданий ҳаёт маълум даражада тараққиёт пиллапоясига кўтарилади. Ҳирот хаттотлари ва мусаввирларидан бир қисми Бухорога келади. Бухоронинг ўзига хос бўлган янгича китобат ва ҳуснихат санъати ривож топади. XVI-XVII асрларда яшаб ижод этган Бухоро хаттотлари ўзига хос услуб – мактабни яратадилар. Тарих саҳифаларида Мир Али Ҳиравий Фатҳободий, Мирзо Исматуллоҳ Мунший, Содиқ Мунший Жондорий, Мир Маъсум Бухорий, Аваз Бадалий Бухорий, Ҳожи Ёдгор, Домло Бобобек, Абдулмажид Махдум Бухорий, Субҳонқули, Муҳаммад Ризо Намадий, Мирзо Мавлон Бухорий, Абдуллоҳ Савдо, Абдулваҳҳобхўжа, Абдулқодирхўжа, Мирзо Муҳаммаджон, Мирзо Исҳоқ каби зарин қалам соҳиблари – моҳир хаттотларнинг номлари тез-тез учраши бунинг ёрқин далилидир. Ўша даврда Бухорода кўфий, сулс, ғубор, насх, настаълиқ хатлари жуда ривожланади.
Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar