Ўзини ҳаромдан тийган толиби илм
Толиби илм – бу нафақат билим изловчи, балки ўз нафсини тарбияловчи инсондир. Илм олиш йўлига кирган киши, аввало, ўзини ҳаромдан тийиши, шубҳали ишлардан узоқ бўлиши лозим. Чунки қалб пок бўлмаса, олинган илм ҳам баракали бўлмайди. У ҳар бир сўзида, ҳар бир амалида ҳалолликни мезон қилиб олади.
Ўзини ҳаромдан тийган толиби илм кўзини ножоиз нарсалардан, тилини ёлғон ва ғийбатдан, қулоғини беҳуда сўзлардан асрайди. У биладики, гуноҳ қалбни қорайтиради, қалб қорайса илмнинг нури сўнади. Шунинг учун ҳам у нафақат дарсда, балки кундалик ҳаётида ҳам ўзини назорат қилади.
Бундай толиби илм илмни мансаб ёки бойлик учун эмас, балки Ҳақ розилиги учун ўрганади. Устозларига ҳурмат билан муносабатда бўлади, вақтини қадрлайди, одобни илмнинг ажралмас қисми деб билади. Чунки ҳақиқий илм инсонни камтарликка, гўзал хулққа ва тақвога етаклайди.
Дамашқда “Тавба” деб аталадиган катта масжид бўлиб, унинг ўзига хос гўзаллиги ва жозибаси бор эди. У масжидда етмишларга кирган олим бўлмиш Шайх Салим Мастутий деган киши бор эди. У жуда фақир бўлса ҳам ибоси, иззат нафси ва бошқаларга ёрдам бериши зарбулмасал бўлган эди. У масжиднинг бир хонасида яшарди. Икки кун егани ҳеч нарса топа олмади. Унинг егани на таоми ва на таом сотиб олгани пули бор эди. Учинчи кун келганда очликдан ўлар ҳолатга етди. Нима қилишини билмасди, ҳатто ўлимни эса ҳам унга жоиз бўларди. Масжид бир неча уйларга қўшилган бўлиб, бир уйнинг томидан бошқасига бемалол ўтса бўлар эди. У масжид томига чиқди ва бир уй томига чиқди. Уй ҳовлисида аёлларни кўриб кўзини қуйи солди ва ундан узоқлашди. Унинг ёнида ҳеч ким йўқ бир уйни кўрди. Уйдан пишаётган таомнинг ҳиди чиқарди. Унинг ҳидидан очлиги янада зиёда бўлди ва ўзига тортди. Уй бир қаватлиги учун томни тешди ва айвонга тушди. Ошхонага кириб қозоннинг қопқоғини очди. Унда қовурилган баклажон турарди. Биттасини олди ва очлигидан унинг иссиқлигини ҳам сезмасдан бир тишлади. Уни чайнамасидан ақли ва динини ўйлаб ўзига-ўзи: “Аллоҳдан паноҳ тилайман. Мен масжидда турадиган толиби илм бўлсам, уйларга кириб ўғирлик қилиш менга ярашадими?” деди. Қилган иши учун афсус чекди ва истиғфор айтди. Баклажонни олган жойига қўйди. Масжидга кириб шайхнинг дарс ҳалқасига ўтирди. Очликдан эшитган нарсасини фаҳмламасди. Дарс тугаб, одамлар тарқалгач, юзини ёпган бир аёл келди. У дарс берадиган шайхга оч қолган одам эшитмайдиган оҳангда гапирди, масжидда шайх ундан бошқасини кўрмади ва уни чақирди.
“Сен уйланганмисан?” деб сўради. У “йўқ”, деди. Шайх яна сўради: “Уйланишни хоҳлайсанми?” У жим қолди. Шайх саволини қайтараркан: “Эй шайх. Аллоҳга қасамки, менинг битта нонга етадиган ҳам пулим йўқ. Нимага уйланаман?” деди. Шайх айтди: “Бу аёл менга эри ўлганини айтди ва у бу шаҳарда ёлғиз экан. Бу ерда унинг бир амакисидан бошқа ҳеч кими ҳам йўқ экан. У ёлғиз қолмаслиги учун ўзига уйланадиган бирор киши топмоқчи экан. Сен унга уйланишни хоҳлайсанми?” У розилик билдирди. Шайх аёлдан: “Уни эринг деб қабул қиласанми?” деб сўраганида у ҳам розилик билдирди.
Шунда шайх аёлнинг амакисини ва икки гувоҳ чақириб шогирди номидан маҳрини тўлаб унга: “Аёлинг қўлидан тут”, деди. Унинг қўлидан тутди ва аёл уни ўз уйи томон бошлади. Уйига киргач, юзини очди. У ҳам ёш, ҳам чиройли эди. Уй эса ўзи томдан тушган уй эди. Аёл ундан овқат ейишини сўради. У ҳа, дегач, қозон қопқоғини очди. Баклажонни кўриб: “Қизиқ, ким уйга кириб бу баклажонни тишлаб кетди экан-а?” деди. Киши йиғлади ва бўлган воқеани айтиб берди. Аёл айтди: “Бу омонатнинг самарасидир. Сиз ўзингиз учун ҳаром бўлган баклажондан тийилдингиз ва Аллоҳ сизга уй, ундаги нарсаларнинг ҳаммаси ва ҳалол соҳибасини ҳам берди”.
Аллоҳ таолонинг фазлу карами ниҳоятда кенг. У Зот тавба қилувчи бандаларини яхши кўради. Яхши кўргач, уларга мукофотни дунёда ҳам, Охиратда ҳам улуғ қилиб беради.
Ғаниев Олим - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar