Закот – ислом устунларидан бири! (3-қисм)
Закот берган кишининг моли покланади. Закот бермаган кишининг эса ичида ҳақдорларнинг моли ҳам аралашган мол сифатида нопок бўлиб туради. Қачон закотини берса покланади бўлмаса, йўқ. Закоти берилган молга барака киради, у шунингдек, кўпайиб ўсади. Шунда ўсиш маъносини ўзида акс эттирган бўлади.
Шаръий истеълоҳда эса:
“Закот махсус молдан, махсус жузни махсус шахсга Аллоҳнинг розилиги учун, шариатда тайин қилингандек мулк қилиб беришдир”.
Энди ушбу умумий таърифдаги истеълоҳлар билан танишиб чиқайлик:
“Махсус мол” дейилганида ўша берилаётган мол берувчининг мулкидан ажралиб чиқиши кераклигидир. Мисол учун, бир кишига “ушбу уйда бир йил ўтириб туришнинг сенга закот”,-деб бўмайди.
“Махсус шахс” закот олишга ҳақли, шахс дегани.
“Аллоҳнинг розилиги учун” дегани закот чиқариш миқдори шариатда кўрсатилган миқдорда тўғри келиш керак. Озгина садақа бериб, шу закот, деб бўлмайди.
“Мулк бериш” дейилгани ўша берилаётган мол олувчига мулк бўлмагунича закот бўлмайди деганидир.
Закот исломнинг 5 рукнидан бири бўлиб, шариат фарз қилган амалдир. Аллоҳ таъоло айтади:
Пайғамбаримиз с.а.в айтадилар: Ислом 5 нарсага бино бўлгандир: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва Муҳаммад Унинг қули ва расули эканига гувоҳлик бермоқ, намозни тўкис адо этмоқ, закотни бермоқ. (Имом ал-Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари).
Закот Мадинаи Мукаррамада 2-ҳижрий санада рамазондан олдин фарз қилинган. Закот Қуръони каримнинг 27 жойида намоз билан зикр қилинган. Бу эса, ўз навбатида намоз билан закот бир бирига чамбарчас боғлиқ нарсалар эканини кўрсатади. Мусулмонлар жамики асрларда ва ўлкаларда закотнинг фарзлигига ижмў қилишган яъни, бир овоздан закот “фарз”, деб айтишган.
Закот тўғрисида кўплаб олиму – уламолар китоб ёзганлар. Ҳар бирлари закотни ўз услубларида ўрганишган ва ўзгатишган. Мисол учун Ҳужжатул ислом Абу Ҳамид Ғаззолий закотни ўрганишда уни тўрт фаслга бўлаганлар:
| 1-фасл | Закотнинг турлари ва вожиб бўлиш сабаблари ҳақида. |
| 2-фасл | Закотнинг ботиний ва зоҳирий шартлари. |
| 3-фасл | Закот олувчи, унинг ҳақлилик шартлари ва олиш одоблари тўғрисида. |
| 4-фасл | Ихтиёрий садақа ва унинг фазилатлари ҳақида. |
Закотнинг фарз бўлиш сабаби ҳақиқий ёки ҳукман нисобга етган мол-мулкка эга бўлмоқдир. Яъни бу мулк тижорат ёки бошқа соҳаларда ишлатилса кўпайиши мумкин бўлган, аммо эгаси ишлатмай сақлаётган олтин ва кумушга ўхшаш бойликлардир. Бундай бойликлар кўпайиши қобилиятига эаг бўлгани учун, ҳукман кўпаювчи моллар дейилади.Кўпгина китобларда закот намоздан кейин зикр этилган. Шундан ҳам билиш керакки, закот намоздан кейинги ибодатларнинг афзалидир.
Закотлар алоқадорлик эътибори билан олти турлидир.
Закот тўгрисидаги ҳукмлар Аҳли суннат вал-Жамоа мазҳабларида бир-биридан фарқ қилади. Бизга оддий кўринган, аммо аҳамиятга эга бўлган масалаларда мазҳаббошилар турли ҳукмларни чиқаришган. Улар ўз ҳукмларини далиллар ёрдамида изоҳлаб, ўз фикрларини янада ёритишга уринишган. Уларнинг ҳукмларини билиш янада осонроқ бўлиши учун уларнинг сўзларини жадвал тарзида тузиб чиқдим.
Қуръони Каримда намоз билан закотни 27 жойда бирга зикр қилинган, қуйидаги “Ва намозни қоим қилинглар ва закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилсангиз-у,”-деган.оят бунга бир далилдир. Аллоҳ таоло намоз ўқишга қандоқ амр қилган бўлса, закот беришга ҳам, Набий (с.а.в)га итоат қилишга ҳам ўшандоқ амр қилмоқда. Демак, намоз қандоқ фарз бўлса, закот ҳам шундай фарз, Набий(с.а.в) га итоат қилиш ҳақидаги амр қанча кучга эга бўлса, закот бериш ҳақидаги амр ҳам шунча кучга эга.
Саҳобаи киромлар закотни бермай, уни ман қилганларга қарши иттифоқлик ила уриш қилганлар. Ким закотнинг фарзлигини инкор қилса кофир бўлади. У уч марта тавба қилишга чақирилади. Тавба қилса, қолди, бўлмаса муртад деб ҳукм қилинади.
Мол ва молиявий алоқалар инсонлар ҳаётида, ҳусусан, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутишини ҳеч ким инкор қила олмайди. Қайси бир шаҳс, қайси бир жамият молиявий масалани, яъни иқтисод масаласини тўғри ҳал этсалар жамиятдаги кўпгина муаммолар ҳал этилаган бўларди.
Намоз ўқишни, Набий(с.а.в)га итоат қилшини, шунингдек, закот беришни ҳам инкор қилган банда кофир бўлади.
Намоз ўқишда, Набий(с.а.в)га итоат қилишда камчиликка йўл қўйган одам осий бўлганидек, закотни адо этишда камчиликка йўл қўйган одам ҳам осий бўлади.
Намозни адо этиб, Набий(с.а.в)га итоатда бўлган киши чин мусулмонлик амалларини адо этган ҳисобланганидек, закотни адо этган одам ҳам чин мусулмонлик амалини адо этган ҳисобланади. Намозни адо этган, Набий(с.а.в)га итоат этган одам жаннатга эришганидек, закотни адо этган одам ҳам жаннатга эришади.
Аллоҳ таоло “Уларнинг молларидан садақа ол, сен у билан уларни поклайсан ва тозалайсан. Уларга намоз ўқи, албатта, сенинг намозинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ ўта эшитувчи ва ўта билувчи Зотдир”-деган.
Аллоҳ таолло ушбу оятда Пайғамбаримиз (с.а.в) га амир қилиб, моли нисобга етган мусулмонларнинг молларидан закот олишга буюрмоқда.
Закотнинг бир номи садақадир –Бизда “садақа” сўзи хайр-эҳсонга нисбатан айтилса ҳам, арабчада “закот”ни билдиради. “Закот”ни “садақа” дейиш, “садақа” сўзида тасдиқ маноси борлиги учундир. Чунки ўз молидан иймон-ихлос билан закотни чиқариб бериш одамнинг иймони ҳақиқий эканининг тасдиғидир.
Биз “намоз” деб таржима қилган лафз намоз ва дуо маъноларини англатади. “Салот” сўзи ана ўша икки маънони ўз ичига олгандир. Кўпроқ намоз маъносида ишлатилса ҳам гоҳида дуо маъносида ишлатилиб қолади. Ушбу оятда ҳам дуо маъносида келган. Демак, бу оят ҳам закотнинг фарзлигини очиқ–ойдин кўрсатиб турибди. Аллоҳ таоло закот олиш мусулмонлар учун поклаш ва тозалаш учун зарур эканини таъкидламоқда.
Биз “поклайсан” деб таржима қилган сўз арабчада моддий, жисмоний тозалашга ишлатилади. “Тозалайсан”, деб қилган калимамиз эса руҳий, маънавий тозалаш маъносида ишлатилади. Бундан закот мусулмолар учун ана шундоқ катта фойдалар келтиришини билиб оламиз.
Аллоҳ таоло “Сизлардан иймон келтирганлар ва инфоқ қилганларга катта ажр бордир”,деган.
Шарҳ: Иймон билан инфоқ бирга бўлганида кишига катта фойда келтирар экан. Бу оятда мўминларни закот ва бошқа молиявий ибодатларга чорлаш бор.
1085. Ибн Аббос р.а дан ривоят қилинади: “Набий с.а.в Муъоз ибн Жабалга уни Яманга юбораётиб қуйидагиларни айтганлар:
“Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурида борасан. Бас, қачон уларнинг ҳузурига етиб борсанг, уларни “Ла илаҳа иллаллоҳу ва Муҳаммадан расулуллоҳ”, деб шаҳодат беришларига даъват қил. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, Аллоҳ уларга биз кеча кундузда беш вақт намозни фарз қилганимизнинг хабарини бер. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, Аллоҳ уларга уларнинг фойдаларидан олиниб, фақирларга қайтариладиган садақани фарз қилганини хабар қил. Агар улар сенга бунда итоат қилсалар, яхши молларини олишдан ҳазир бўл. Мазлумнинг дуосидан қўрқ. Чунки у (дуо) билан Аллоҳнинг орасида парда йўқдир”, дедилар. Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в) ўнинчи ҳижрий санада, Видолашув ҳажидан аввал Муъоз ибн Жабал (р.а)ни Яманда волий, қози ва муаллим этиб юборганлар. Бу ҳодиса жуда машҳур бўлиб, кўпгина ҳадислар бу ҳақда турли маънодаги баёнларни ифода этган. У ҳадисларнинг ҳар бири ислом давлати раҳбари томонидан чет вилоятларга волий, қози ва муаллим ёбориш ишининг намунаси, қўлланмаси бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг буюк раҳбарлик услублари, ўз вакилларини юбораётган юрт ва унинг шароитлари, одамларнинг маълумотларини ҳисобга қандай олганликлари очиқ ойдин кўриниб турибди.
Давутов Саййидбурхон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar