Юртимиздан етишиб чиққан буюк ҳанафий фақиҳ – Фахриддин Қозихон (раҳматуллоҳи алайҳ) (1-қисм)
Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратларининг тўлиқ исмлари Аллома Фахриддин Абул Маҳосин Ҳасан ибн Мансур ибн Абул Қосим Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзгандий Фарғонийдир. Туғилган ерлари Фарғонанинг Ўзган шаҳридир. Қайси санада туғилганликлари тўғрисида маълумотлар йўқ. У киши ўз замонасида етук аллома, имом, фақиҳ, мужтаҳид, фаҳми кучли олим, шариат султони, тариқат бурҳони бўлганлар.
У киши ҳаётлик чоғларида Фарғона, Бухоро каби шаҳарларда илм ўрганиб, таълим олиб, илм ўргатиб, дин хизматида бўлган зотдир. У киши дастлабки илмларини ўз она шаҳарларида олганлар. Сўнгра боболарининг шогирди Заҳириддин Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз Марғинонийдан таълим олади. Бундан ташқари бу ерда яна бир қанча устозлардан таълим олади. Фарғонада анча таълим олганларидан кейин ўз даврида илм ўчоғи бўлган шаҳар Бухорога илм йўлида сафар қилади. У ерда бошқа устозлардан таълим олади. Сўнг ўша ерда ҳаётларининг охиригача китоблар тасниф қилиб, шогирдларга таълим бериб ўтадилар.
Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари ҳижрий 592-йил (милодий 1196-йил) Рамазон ойининг 15-санаси душанба кечасида вафот этганлар. Еттита қозиларнинг ёнига дафн қилинганлар[1].
Бошқа бир китобда у кишининг вафот этган саналари бошқача келтирилади:
“Аллома, ҳанафийлар шайхи Абул Маҳосин Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Бухорий Ҳанафий Ўзгандий. Қатор китоблар муаллифи.
Имом Заҳириддин Ҳасан ибн Али ибн Абдулазиз, Иброҳим ибн Усмон Саффорий ва бошқалардан кўп ҳадис эшитганлар.
Кўп мажлисларда ҳадис ёздирганларини кўрганман.
Шогирдларидан бири аллома Жамолиддин Маҳмуд ибн Аҳмад Ҳасирий у кишидан ҳадис ривоят қилганлар.
Қозихон 589-йилда вафот этганлар. Шу йили ҳам китоб ёзганлар.
Қозихоннинг чоп этилган тўрт жилдлик “Ал-Фатаво” ва бошқа китоблари бор”[2].
У кишини юқорида етти қози ёнига дафн қилинган дейилди. Етти қозининг мозори эса Бухородалиги маълумдир. Шу сабабли у кишининг қабрларини топиб, зиёрат қилиш мақсадида Бухоро шаҳрига сафар қилдик. У ерга бориб, Қозихоннинг қабрларини сўраб-суриштирган эдик, барча у кишининг қабрларини бир маҳалланинг ичида “Чор минор” минораси ҳамда “Хўжа Қурбон” мадрасаси яқинида, “Меҳтар Амбар” кўчасида эканлигини айтишди[3]. Биз айтилган манзилга борган эдик, у ерда бошқа зот – Имом Қозихоннинг мақбаралари бор экан[4]. Биз қидираётган Фахриддин Қозихоннинг мақбаралари эмас экан. Лекин халқ орасида Қозихоннинг қабри дейилса, шу кишининг қабрлари маълум ва машҳур экан. Ҳамда мана шу ҳазрат Имом Қозихоннинг бу мақбаралари давлат муҳофазасида экан. Фахриддин Қозихоннинг қабрлари эса халқ орасида машҳур эмас экан.
“Алжавоҳирул музийя фий тобақотил ҳанафийя” китобидаги у кишининг қабрлари етти қозининг олдида эканлиги тўғрисидаги маълумотга асосланиб[5], Бухоронинг Чор Бакр мажмуасига бордик[6]. Чор Бакр зиёратгоҳи Бухоро шаҳридан 6 км ғарбда жойлашган бўиб, бу ҳудуднинг қадимий номи Сумитандир. Тўртта буюк авлиё – ҳазрат Абу Бакр Саъд Яманий (ваф. 970), ҳазрат Абу Бакр Ҳомид (ваф. 937), ҳазрат Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл (ваф. 991), ҳазрат Абу Бакр Тархон (ваф. 945) шарофатларидан бу мавзе Чор Бакр, яъни тўртта Бакр деб аталган.
Чор Бакр мажмуаси хонақоҳ, мадраса ҳамда масжиддан иборатдир. Мана шу учта бинонинг рўпарасида кичкинагина минора ҳам бордир. Шунингдек, Чор Бакр мажмуасида Жўйборий хожаларнинг мангу хилхоналари, даҳма ва хазиралари мавжуд[7].
Етти қозилар – Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Дабусий Бухорий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Амр ибн Сулаймон Шуабий, Абу Иброҳим Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ Мустамлий Бухорий, Заҳириддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Умар Бухорий, Аҳмад ибн Амр ибн Мусо ибн Абдуллоҳ Бухорий, Бадиуддин Бухорий ҳамда Абдурраҳим ибн Абдулазиз ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Садидий Завзанийлардир. Чор Бакрларнинг хазираси мазкур мажмуанинг энг четроғида – Мирдўстимбой даҳмасидан олдинги Мозори дарвоз йўлагининг охирида ўнг қўлда жойлашган экан. Бу хазирада 15 нафар улуғ зотларнинг қабрлари жойлашган экан. Мазкур хазиранинг бошқаларидан яна бир фарқи ҳеч бир хазирада бирорта дарахт экилмаган экан. Лекин бу хазирада бир нечта дарахтлар бор экан. Чор Бакр хазирасида тўрт Бакр, етти қози, Фахриддин Қозихон ҳамда яна бир нечта улуғ зотларнинг қабри бор экан[8].
Имом Фахриддин Қозихон ХИ-ХИИ асрларда яшаб ўтдилар. У киши яшаган шаҳарлар бу асрларда бир неча ҳукмдорлар қўл остида бўлган. ХИ аср бошларида Фарғона водийси Сомонийлар давлати ҳудудига кирган. Лекин ўша пайтда Қорахонийлар давлати Мовароуннаҳр ҳамда Хуросонни эгаллаш мақсадида эди. Мовароуннаҳрни қўлга киритганидан сўнг, Сомонийлар давлати барҳам топди.
Қорахонийлар энди Хуросонни ҳам ўз давлатига қўшиб олиш учун ҳаракат қиладилар. Орадан кўп вақт ўтмай қорахонийлар ва ғазнавийлар ўртасида шиддатли урушлар бошланади. 1006-1008-йилларда қорахонийлар Хуросон устига икки марта қўшин тортадилар. Лекин Маҳмуд Ғазнавий қорахонийларга зарба бериб, Хуросонни ўз давлати тасарруфида сақлаб қолишга муваффақ бўлади.
Бу даврда салжуқийлар ғазнавийларга хавф сола бошлайди. Салжуқийлар билан жиддий кураш бошланади. Бундан фойдаланган қорахонийларнинг маҳаллий ҳукмдори «буғрохон» унвонини олган.
Иброҳим Бўритегин 1038-йилда Амударё бўйи вилоятлари – Хутталон, Вахш ва Чағониённи ғазнавийлардан тортиб олади. Кўп вақт ўтмай, у Мовароуннаҳрни ва Фарғонани ўзига бўйсундириб, мустақил сиёсат юрита бошлайди. Натижада қорахонийлар икки мустақил давлатга ажралиб кетади. Бири пойтахти Болосоғунда бўлган Шарқий қорахонийлар, иккинчиси маркази Самарқандда бўлган Мовароуннаҳрдаги Қорахонийлар давлати эди.
Қорахоний ҳукмдорлари гарчи бу даврда ҳали ўтроқ ҳаётга кўчмаган бўлсалар ҳам, деҳқончилик воҳалари ва шаҳарларнинг маданий аҳамиятини яхши англар эдилар. Улар Боласоғун, Қошғар, Тароз, Ўзган, Самарқанд ва Бухоро каби шаҳарларни давлат ёки вилоят пойтахтига айлантириб, шаҳарлар билан алоқа боғлашга ҳаракат қиладилар[9].
Бу давлатга ўртада ғазнавийлар ҳам, салжуқийлар ҳам, қорахитойлар ҳам ҳужум қилишади. Охири Хоразмшоҳлар давлати қўлига ҳам ўтади. Хуллас, Мовароуннаҳр ҳамда Хуросон ХИ-ХИИ асрларда бир неча ҳукмдорлар – сомонийлар, ғазнавийлар, салжуқийлар, қорахонийлар, қорахитойлар, хоразмшоҳлар каби ҳукмдорлар ўртасида талаш бўлади.
Лекин шунга қарамай ХИ–ХИИ асрларда шаҳарлар кенгаяди, аҳоли сони кўпайиб, улар янада гавжумлашади. Самарқанд, Бухоро, Термиз, Ўзган, Тошкент каби шаҳарлар ички ва ташқи савдо учун хилма-хил ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ҳамда чақа-тангалар воситаси билан олиб бориладиган бозор тижоратининг марказига айланади. Шаҳарлар марказида шоҳона саройлар, масжид, мадраса, минора ва ҳаммом каби кўплаб маҳобатли иморатлар қад кўтаради. ХИ–ХИИ асрнинг сирли кошинкор ва қабартма нақшли сопол идиш ва товоқлари, рангдор шиша буюмлари, нақшинкор мис идишлари ўзининг хилма-хиллиги ва юқори даражада нафислиги билан ажралиб туради.
Ҳунармандчиликнинг тараққий этиши ҳамда ички ва ташқи савдонинг кенгайиши билан бозор тижоратида пулга талаб ошади. Натижада кумуш ва мисдан кўплаб чақа ва тангалар зарб қилинади. Ўша вақтларда Болосоғун, Тароз, Ўзган, Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва бошқа шаҳарларда пул ишлаб чиқарадиган зарбхоналар бўлган[10].
Бу даврларда меъморчилик ҳамда санъат ҳам анча ривожлангандир. Бу даврларда ўлкада марказлашган йирик давлатларнинг шаклланиши ва уларнинг ривожи давлатчиликнинг мустаҳкамланиши, ма'навий ҳаёт, илм-фаннинг ривожланишигагина эмас, балки моддий маданиятнинг ҳам ривожланишига асос бўлди. Самарқанд, Бухоро, Урганч, Термиз, Ўзган ва Марв каби шаҳарларда саройлар, масжид, мадрасалар, миноралар, мақбаралар, гумбаз ва карвонсаройлар қурила бошланди.
Бу давр Ўрта Осиё ме'морчилигида ижтимоий шароитдан келиб чиқиб, қурилиш материали сифатида пахса, хом ғишт ва пишиқ ғишт, боғловчи элемент сифатида ганчдан фойдаланиш кенг йўлга қўйилган эди. Бу вақтда синчдан қуриладиган уй-жойлар ва умумаҳамиятга эга бўлган бинолар, саройлар, масжидлар, мадрасалар қурилишида ёғоч ҳам муҳим ўрин эгаллар эди.
Х асрларда бинокорликда қурилиш тартиби ҳам ўзгара бошлади. Маҳобатли қурилишда томи гумбаз билан ёпилган куб шаклидаги бинолар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бухорода қурилган Исмоил Сомоний қабри устига пишиқ ғишт билан қурилган гўзал мақбара фикримизга мисол бўла олади. Бу бино тўртбурчак шаклида бўлиб, томи гумбаз қилиб ёпилган. Тўртбурчакдан найзали равотлар ёрдами билан саккиз қиррали шаклга ўтилган. Шу билан бирга, бу бино тўрт фасадли. Унинг тўрттала томони ҳам бир хил, олд томонидек безатилган. Оддий қилиб айтганда, бинонинг олди, ёни ва орқа томони йўқ. Ҳамма томони бир хилда безатилган. Исмоил Сомоний мақбарасини қуришда ва безатишда араблардаги ўша давр учун хос бўлган ме'морий хусусиятлардан ҳам кўп фойдаланилган.
ИХ-Х аср ме'морчилиги услублари сақланиб қолганлигини кўплаб масжидлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Ёзма манбаларда қайд қилинишича, сомонийлар давридаги кўпгина масжидлар ўз вақтида арабларгача бўлган ибодатхоналарнинг масжидга мослаштириш асосида қурилган. Улар бир хонали бўлиб, масжиднинг томи устунга таяниб турган. Масжидларнинг томи гумбаз шаклида бўлган. Масжидларда, айниқса, меҳроблари шаклли, ёзувли қилиб безатилган ғиштлар, ўйма ганчлар тилла сув билан безатилган. Бу даврга оид масжидлар тўғрисида сўз юритилганда, Бухородаги Мағоки Атторон, Пойканд масжиди, Термиздаги Чорустун, Шаҳристондаги Чилдухтарон масжидларини қайд қилиш мумкин. Бу ёдгорликлар Ўрта Осиёда диний ме'морчиликнинг ривожланиш йўлларини намоён қилади.
Наршахийнинг ёзишича, амир Наср ибн Аҳмад Бухоро Регистонида ўзи учун катта сарой қурдирган ва унинг қурилишига кўп маблағ сарфляган. Бу сарой ғоят гўзал бўлган. Саройнинг олдида эса девонлар учун бинолар қурилган. Амир ва ҳокимлар саройи Нишопур, Марвда, Самарқанд каби шаҳарларда ҳам бўлган. Бу саройлар катталиги ва гўзаллиги билан ажралиб турган. Кўп ҳолларда бундай саройлар хушманзара жойларда, боғларда бунёд этилган. Саройларнинг гўзаллигини Термиз шаҳридаги сарой мисолида кўриш мумкин. Сарой шаҳар мудофаа деворларидан ташқарида, боғ ичида 10 гектарга яқин майдонни ташкил этган. Сарой ўзининг маҳобатлилиги, серҳашамлиги ва бағоят гўзал, нафис безаклари билан одамни ўзига жалб қилади.
Сомонийлар даврига оид шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг уйлари тўғрисида ҳозир археология анча ма'лумотларга эга. Бу борада қадимий Самарқанд-Афросиёб, Хорашкент-Канка, Бинкент, Термиз, Марв, Деҳистон каби ўнлаб ёдгорликларда олиб борилган изланишларнинг натижаси диққатга молик.
Қорахонийлар Ўрта Осиёни босиб олгандан сўнг бу ердаги маданий ҳаётда ҳам катта ўзгаришлар рўй берди. Шаҳарлар тараққий этди, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ ривожланди. Шаҳар аҳолиси ҳам кўпайиб борди. Сомонийлар давридаёқ, йирик шаҳарлар бўлган Самарқанд, Бухоро, Термиз, Марв Қорахонийлар даврида янада кенгайди. Бу шаҳарлар энди уч қисмдан — арк, шаҳристон, работдан иборат эди. Уларда янгидан-янги ҳашаматли иморатлар пайдо бўлиб, бу бинолар тузилиши ва нақшлари билан ажралиб турарди.
Қорахоний ҳукмдори Шаме ул-Мулк Бухоро яқинида сарой барпо этди. Ҳазара қишлоғи яқинида Дингарон масжиди, унинг ёнида Работи Малик номи билан машҳур бўлган карвонсарой қурдирди. Бухоро шаҳрида 1127-йилда Қорахоний Арслонхон томонидан машҳур иморат — Минораи Калон барпо этилди. Вобкентда ХИИ асрнинг охирида Бухоро садри Абдулазиз ИИ томонидан қурилган минорани, Жарқўрғонда (Сурхондарё вилояти) Қорахонийлар томонидан 1108-1109-йилларда барпо этган минорани, шунингдек, Бухородаги Номозгоҳни ва Атторий масжидини алоҳида та'кидлаб ўтиш мумкин.
Термиз шаҳри ХИ-ХИИ асрларда анча ривожланди, янги мустаҳкам мудофаа девори қурилди, бу ерда барпо этилган Термиз ҳукмдорлари саройи, айниқса, машҳур. Бу саройни қазиб очган археологлар турли идишлар билан бирга афсонавий ҳайвонлар тасвирини ҳам топишди. ХИ-ХИИ аср бошларида Хоразмда ҳам кўпгина бинолар қад кўтарди, жумладан, Урганчдаги Фахриддин Розий ва Шайх Шариф мақбарасини, кўплаб карвонсаройларни, Буронқал'а, Наифқал'а ва бошқаларни айтиб ўтиш мумкин.
Бу даврда бир неча сув иншоотлари қурилган, унда йўнилган тош, пишиқ ғишт, сувга чидамли қурилиш қоришмаларидан бандлар, новлар, кўприклар, сардобалар ва коризлар қурилган. Бу иншоотлар фан ва ишлаб чиқариш ғоятда ривожланганидан далолат беради. 1,5 млн. м³ сувни тўплаш имконига эга Хонбанди сув омборининг қурилиши фикримизнинг далилидир. Манбалардан ма'лум бўлишича, бундай сув иншоотларини қуриш учун сувнинг вертикал ва горизонтал босим кучларини ҳисоблаш лозим бўлган. Сув иншоотлари тоғда қурилганлиги учун ернинг тез-тез қимирлаб туриш кучларини ҳам математик йўл билан ҳисоблаб чиқиш лозим бўлган, бу иш муваффақиятли амалга оширилган.
Бу даврда ме'морчиликка боғлиқ бўлган наққошлик ва тасвирий сан'ат ҳам жадал ривожланди. Иморатларни ўймакор устун ва тўсинлар, деворларни эса, ганчкор нақшлар билан безаш кенг расм бўла бошлади. Наққошлик сан'атида илгаригидек одамлар ва ҳайвонларни тасвирлагандан кўра, мураккаб геометрик ва гулли нақшларга ўтила бошланди.
Наққошлик сан'ати қадимги Термизда жуда ривожланган эди. Бу борада Ҳаким Термизий мақбараси давридан сақланиб қолган ўйма нақш парча, айниқса, қимматлидир. Унда Самарқанд усулини эслатувчи себарча шаклидаги ўзига хос услублар мавжуд. Бу даврда хаттотлик сан'ати китобларни кўчиришдагина эмас, балки биноларни безашда ҳам кенг қўлланила бошланди.
ИХ-ХИИ асрларда маданий ҳаётнинг яна бир таркибий қисми — мусиқа сан'ати ҳам ривожланди. Албатта, марказлашган йирик давлатларда иқтисод, халқларнинг турмуш тарзи яхшилана боргани сари илм-фан, ме'морчилик, тасвирий сан'ат билан бирга мусиқа ҳам ривожлана бошлайди. Ҳар ердагидек бу ерда ҳам байрамлар, тўйлар, халқ сайиллари мусиқа ва қўшиқларсиз ўтмаган. Бу ҳақда Маҳмуд Қошғарийнинг “Девони луғати турк” асарида келтирилган ма'лумотлар диққатга сазовор. Бу даврда: уд, танбур, қубуз, рубоб, най, сурнай, карнай, қўшнай каби ғоят торли, зарбли ва пуфлаб чалинадиган хилма-хил чолғу асбобларидан кенг фойдаланилган. Бу даврда ҳатто янги созлар ихтиро этилган. Масалан, Рудакийнинг замондоши Абу Ҳифз Суғдий найга монанд шоҳруд номли торли асбоб яратган.
Бу даврда ше'рият ғоятда тараққий этганлигини қайд қилган эдик. Ше'рият мусиқа билан, ўз навбатида, мусиқа мусиқашунослик фани билан узвий боғлиқ ҳолда ривожланади. Ўша даврнинг буюк алломаларидан Ал-Форобий, Абу Али ибн Синолар мусиқа ва мусиқашуносликка катта э'тибор бериб, нодир асарлар яратдилар.
Биз аждодларимиз қолдирган буюк меросни, ИХ-ХИИ асрларда мамлакатимиз ҳудудида юз берган чуқур ижобий ўзгаришлар, илм-фан, маданият ривожланишини ўрганар эканмиз, уларнинг яратилишида буюк ҳиссаларини қўшган улуғ алломалар, олим-у фузалоларнинг жаҳон сивилизатсияси ривожланишига қўшган улушларини алоҳида та'кидлаймиз. Жаҳон маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган алломаларимиз мероси ёш авлодни миллий ғоя, миллий мафкура, Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашда катта рол ўйнади.[11]
ИХ–ХИИИ аср маънавий ҳаётда Ислом дини муҳим ўрин эгаллайди. Бу даврда мусулмон Шарқида кенг тарқалиб, жаҳон дини даражасигача кўтарилган Ислом дини халқ ҳаётида муҳим ўрин эгаллайди. Мовароуннаҳр аҳолиси Ислом динини қабул қилиб, шариат аҳкомларини бажаришга, араб тили ва ёзувини ўрганишга киришди. Марказий шаҳарларда қатор масжид ва мадрасалар қад кўтарди.
ХИИ асрда эса Бухоронинг Дарвозаи Мансур маҳалласида ҳатто қонуншунослар учун махсус «Фақиҳлар мадрасаси» қурилган. Бундай олий дорилфунун асосан ислом дини таълимотининг асосий манбалари: Қуръони карим, ҳадиси шариф ва араб тилини мукаммал ўрганишга катта эътибор берган. Шариат аҳкомларини ҳар томонлама чуқур ўргатишда «Тафсир»– Қуръони каримнинг шарҳлари жуда бой ва қимматли манба ҳисобланган. Фиқҳ фани (Ислом ҳуқуқшунослиги) ахлоқ ва шариат аҳкомлари борасида мукаммал маълумот беради.
Ислом дини таълимотининг равнақи ва тарғиботининг кенгайишида, айниқса Бухоро шаҳри марказга айланди. Бухоро мадрасаларидан жуда кўп етук фиқҳшунос олимлар, қозилар, имомлар етишиб чиқади. Шу боисдан Бухоро ИХ асрдан бошлаб «Қуббат ул-ислом» – «Ислом динининг гумбази» номи билан шуҳрат топади.
Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари ҳам мана шундай файзли давр ҳамда шаҳарларда яшаб, ижод қилиб ўтганлар. У кишининг ҳам мана шу шаҳарларнинг ўша пайтдаги ҳамда ҳозирги кундаги довруғига қўшган ҳиссалари алоҳида ўрин тутади.
Бу зотнинг уламолар орасида ўзларига яраша ўринлари бордир. Фахриддин Қозихон кучли фақиҳ, мужтаҳид бўлганлар.
Имом Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ)нинг даражалари мутлақ мужтаҳид ва мазҳаб ичидаги мужтаҳидлардан кейинги ўринда турган.
Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратлари бундай даража ҳамда мансабга эришишларида, албатта, у кишига таълим берган устозларининг ўрни жуда ҳам катта ва беқиёсдир. Бу киши Имом ибн Исҳоқ ибн Исмоил ибн Абу Наср Сафарий Ансорий, Имом Нуриддин Абул Ҳасан Али ибн Абдулазиз Марғиноний, Низомиддин Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Али Марғиноний каби устозлардан фиқҳ илмини ўрганган[12]. У кишининг фиқҳ илмидаги силсиласи мазҳабимиз асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифа (роҳматуллоҳи алайҳ)га бориб уланади. Бу силсила Фахриддин Қозихон (роҳматуллоҳи алайҳ) ҳазратларидан Имоми Аъзамга ўнта восита орқали уланади, ўн биринчиси эса Имом Аъзам (роҳматуллоҳи алайҳ)дир.
Эшбоев Шаҳзод - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Aljavohirul muziyya fiy tobaqotil hanafiyya. 2-juz. Muhyiddin Abu Muhammad Abdulqodir ibn Muhammad Qurashiy Hanafiy. – Hajar; 1993. – 94-bet.
[2] Siyaru a’lamin nubalo. Imom Shamsiddin Zahabiy. // Mashhur daholar siyrati. Azizxo‘ja Inoyatov tarjimasi. – Toshkent: Hilol-Nashr; 2017. – 428-bet.
[3] 1-ilovaga qarang.
[4] 2-ilovaga qarang.
[5] 3-ilovaga qarang.
[6] 4-ilovaga qarang.
[7] 5-ilovaga qarang.
[8] 6-ilovaga qarang.
[9] O‘zbekiston tarixi: 7-sinf uchun darslik. Qayta ishlangan ikkinchi nashr / Muall. A. Muhammadjonov. — Toshkent: Sharq, 2013. – 63-64-bet.
[10] O‘zbekiston tarixi: 7-sinf uchun darslik. Qayta ishlangan ikkinchi nashr / Muall. A. Muhammadjonov. — Toshkent: Sharq, 2013. – 66-bet.
[11] O‘zbekiston tarixi. Mualliflar guruhi. – Toshkent: Akademiya; 2010. 161-bet.
[12] Aljavohirul muziyya fiy tobaqotil hanafiyya. 2-juz. Muhyiddin Abu Muhammad Abdulqodir ibn Muhammad Qurashiy Hanafiy. – Hajar; 1993. – 93-94-bet.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar