ЁШЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ИЛЛАТЛАРДАН АСРАШ - ДИНИМИЗ ТАЛАБИ!
Маълумки, жамиятнинг ривожи ёшларимизнинг ақлий, илмий ва жисмоний салоҳиятига боғлиқдир. Айниқса, аҳолисининг салмоқли фоизини ёшлар ташкил этадиган юртимизда бу масаланинг аҳамияти янада катта. Албатта, Ватанимизнинг тараққиётига ҳисса қўша оладиган ёшлар ўз-ўзидан етишиб чиқмайди. Балки уларнинг тарбияси, таълими билан шуғулланиш, уларни билим-маърифатга қизиқтирадиган шароитлар яратишимиз керак бўлади. Шу билан бирга, уларни олий мақсадлардан чалғитувчи ёмон иллатлардан ҳимоя қилиш ҳам шаръий бурчимиздир.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси шарифларининг бирида шундай деганлар:
"Яхши ҳамсуҳбат билан ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушки анбар сотувчи билан темирчининг босқонига ўхшайди. Мушки анбар сотувчи атридан совға қилиши ёки ундан сотиб олишингиз, ҳеч бўлмаса, унинг хушбўйидан баҳра олишингиз мумкин. Аммо темирчининг босқони эса, ё кийимингизни куйдиради, ҳеч бўлмаса, тутуни димоғингизни ачитади" (Имом Бухорий ривояти).
Қуйида ёшларимизни ҳимоя қилишимиз керак бўлган бир нечта иллатларни санаб ўтамиз:
Вақтни бекор ўтказиш. Инсон умри унинг энг қимматли бойлигидир. Мана шу бойлигини исроф қилган, ундан унумли фойдаланмаган киши икки дунёда ҳам обрў топмайди. Албатта, Аллоҳ таоло инсонга эслатма-ибрат олгудек умр беради, лекин бу умрни бекорга совуриш охирида қаттиқ пушаймонликка сабаб бўлади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:
وَهُمْ يَصْطَرِخُونَ فِيهَا رَبَّنَا أَخْرِجْنَا نَعْمَلْ صَالِحًا غَيْرَ الَّذِي كُنَّا نَعْمَلُ أَوَلَمْ نُعَمِّرْكُمْ مَا يَتَذَكَّرُ فِيهِ مَنْ تَذَكَّرَ وَجَاءَكُمُ النَّذِيرُ
яъни: "Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқача яхши амалларни қилайлик!» — деб фарёд қилурлар. Ахир, Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантирувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку!.." (Фотир сураси, 37-оят).
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ёшлик кишининг камолот касб этадиган, кўп ютуқларга эришадиган вақти эканини таъкидлаб, шундай дейдилар:
اغتنم خمسا قبل خمس: شبابك قبل هرمك وصحتك قبل سقمك وغناك قبل فقرك وفراغك قبل شغلك وحياتك قبل موتك (رواه الإمام الترمذي)
яъни: "Беш нарсани беш нарсадан олдин ғанимат билинг: кексаликдан олдин ёшликни, касалликдан олдин саломатликни, камбағалликдан олдин бойликни, бандликдан олдин бўш вақтни, ўлимдан олдин тирикликни ғанимат билинг!" (Имом Термизий ва Имом Байҳақийлар ривоят қилганлар).
Демак, ёшларимиз ҳаётининг баҳори бўлган даврни турли бекорчи ўйин-кулги ва гуноҳ ишлар билан эмас, балки билим-маърифат ва касб эгаллаш, ибодат ва савобли ишлар билан ўтказиши керак. Тарихда ном қолдирган барча улуғлар ёшлигини ғанимат билган, ўша даврда керакли билим ва малакани ўзлаштирган зотлардир.
Қимор ва турли ақлни кетказувчи (маст қилувчи) нарсаларни истеъмол қилиш. Барчамизга маълумки, ичкилик, гиёҳванд моддалар ва қимор — ёшларимизнинг келажагини барбод қилувчи нарсалардандир. Қандай қилиб бўлса ҳам, ичишга, чекишга ва қиморга пул топиш пайига тушган киши ҳар қандай разилликка қўл уриши мумкин. Кўпинча, бу иллатларнинг охири ўз жонига ёки ўзганинг жонига қасд қилиш билан якунланади.
Мазкур иллатларнинг барчаси Қуръони каримнинг битта оятида ҳаром қилинган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا إِنَّمَا الْخَمْرُ وَالْمَيْسِرُ وَالْأَنْصَابُ وَالْأَزْلَامُ رِجْسٌ مِنْ عَمَلِ الشَّيْطَانِ فَاجْتَنِبُوهُ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
яъни: "Эй имон келтирганлар! Албатта, май (маст қилувчи ичимликлар), қимор, бут-санамлар ва (фол очадиган) чўплар шайтоннинг ишидан иборат ифлосликдир, ундан четланингиз! Шояд (шунда) нажот топсангиз" (Моида сураси, 90-оят).
Кейинги пайтларда интернет (ижтимоий тармоқлар)да қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Қимор ўйнаб хонавайрон бўлган, боши берк кўчага кирганлар талайгина. Бу кишилар бошқаларга ибрат бўлиши керакки, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларнинг охири войдир!
Шу ўринда ижтимоий тармоқларда зўр бериб қиморни тарғиб қилаётган блогерларга эслатамизки, уларнинг рекламаси сабаб ким қиморга қўшилса, уларнинг гуноҳига ўша блогерлар ҳам тенг шерик бўладилар.
Маънавий бузуқликлар. Авваллари содда кўринишда бўлган маънавий бузуқликлар бугунги кунда замонавийлашиб, ижтимоий тармоқда кенг тарқалиб кетди. Ёш авлодни фаҳш домига осонгина тортадиган турли сайт ва каналлар мавжуд. Ёшлигидан бундай виртуал зинога мубтало бўлган ёшларнинг онгидан бу разолатнинг чиқиб кетиши жуда қийин бўлади. Зино сабаб жамиятнинг асоси бўлмиш оилага путур етади. Насл-насаб бузилади. Шу сабабли динимизда бу катта гуноҳ ҳисобланади. Бирорта илоҳий динларда зино ҳалол бўлган эмас.
Набий алайҳиссалом зино ҳақида шундай деганлар:
لا يزني الزاني وهو مؤمن
яъни: "Зинокор мўмин ҳолида зино қилмайди" (Имом Муслим ривояти).
Фарзандларимизни бу балодан қутқаришнинг энг яхши йўли — уларни доим назорат қилиб туриш, ёмон кимсалар қўшилиб қолишдан сақлаш, солиҳ инсонлар билан дўстлашишига ёрдамлашиш ва бўш вақтларини турли фан ва спорт тўгаракларида ўтказишдир.
Шафқатсизлик ва қотиллик. Кейинги пайтларда ёшлар орасида муштлашув, пичоқбозлик, бир-бирини шафқатсизлик билан калтаклаш ва жонига қасд қилиш ҳолатлари вақт-вақти билан учраб турибди. Бу ишларни гуруҳ-гуруҳ қилиши салбий оқибатларга олиб келмоқда.
Динимиз эса нафақат инсон, балки ҳайвонларга ҳам меҳр-шафқат билан ёндашишга буюради. Аллоҳ таоло машриқ ва мағрибдаги барча мўмин-мусулмонларни "диндош ака-укалар" деб эълон қилган. Агар улар ўзаро келишмай қолсалар, уларнинг ўрталарини ислоҳ қилиш савобли иш бўлиб, мўминларнинг нажот топишига сабаб бўлади.
Қуръони каримда шундай дейилади:
إِنَّمَا الْمُؤْمِنُونَ إِخْوَةٌ فَأَصْلِحُوا بَيْنَ أَخَوَيْكُمْ وَاتَّقُوا اللَّهَ لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ
яъни: "Албатта, мўминлар динда ўзаро биродарлардир. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд раҳм қилинсангиз" (Хужурот сураси, 10-оят).
Фарзандларимизни мўмин-мусулмонларга кечиримли, шафқатли, дўст бўлиб ўсиши учун керакли тарбия ва эътиборни беришимиз керак. Чунки динимизда Аллоҳ йўлида дўст-биродар бўлиш — савобли ишлардан ҳисобланади.
Қуръони каримда мўмин бандани қасддан ўлдиришнинг жазоси жаҳаннам экани баён қилинган:
وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا
яъни: "Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва улкан азобни тайёрлаб қўйгай" (Нисо сураси, 93-оят).
Демак, икки мусулмонни гиж-гижлаш, уларни уруштириш эмас, балки уларни ўрталарини келиштириш ва яраштириш мақтовга сазовор ишдир.
Динни нотайин кишилардан ўрганиш. Сўнгги йилларда ёшларимизни тўғри йўлдан адашишига сабаб бўлган омиллардан бири — ижтимоий тармоқларда нотайин шахслардан илм олишларидир. Дин илми ҳар кимдан олинмайди. Уни насл-насаби маълум, устози, мазҳаби ва эътиқоди тайин шахслардан олиш керак. Гапираётган гапи бошқа, мақсади бошқа одамлар умматга катта зарар келтиради, мусулмонларни фирқаларга бўлиб ташлайди.
Яқинда қўл телефонида мусулмонларни фитнага солаётган Абу Салоҳ ва Абдуллоҳ Зуфар исмли шахсларнинг маърузаларини сақлаш ва тарқатишнинг жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантириш берилди. Бундан хулоса чиқариб, жавобгарликка сабаб бўладиган ишни қилиб, ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам ташвишга солмаслик керак.
Айтиш жоизки, баъзи шахслар келган хабарга қизиқиб, номлари зикр қилинган кишиларнинг видео ва аудиоларини топиб кўришмоқда. Бу хато устига хатодир. Асло бундай қилмаслик керак. Динни ишончли, эътиборли, барча эътироф қилган устозлардан ўрганиш тўғри йўлдир.
Ҳозирги кунда баъзилар фарзандларини ўқитиш мақсадида чет элларга олиб бориб, уларни ўзга юртларда қаровсиз ҳолда ташлаб кетмоқдалар. Натижада, фарзандлари илм олиш ўрнига бефойда ишлар ва номаълум шахслар билан қимматли вақтини сарфламоқда.
Фарзанд баркамол ва эл-юртга хизмат қила олиши учун унинг устози тўғри йўлда ва эътиқодда адашмаган бўлиши ҳамда соҳада мутахассислар томонидан эътироф қилинган шахс бўлиши катта аҳамиятга эга. Агар устознинг ўзи тарбия ва насиҳатга муҳтож бўлса, ундан таълим олган шогирддан яхши натижа чиқиши жуда қийин. Сир эмаски, ҳозирги кунда тўғри йўлдан адашган устозлардан таълим олган фарзандлар, ўз ота-оналарини ҳурмат қилмасдан: "Ота-онам фақат мени дунёга келишимга сабаб бўлган холос", деяётган бўлса, баъзилари ота-онасини имонсизликда айбламоқда. Баъзилари туғилиб ўсган юртига қарши чиқиб, бир қанча муаммоларга сабаб бўлмоқдалар.
Ёшларимиз ижтимоий тармоқлардан фойдаланиб, билимларини оширишмоқчи бўлишса, расмий сайтларга мурожаат қилишсин, расмий масжидлар ва имом-домлаларимизнинг каналларига аъзо бўлишсин. Зеро, ижтимоий тармоқларда ғаразли мақсадлар билан фаолият олиб борадиган сайт, канал ва шахслар жуда кўп. Улар жамиятимиз ва ёшларимиз тарбиясига катта таҳдид бўлиб, фирқаланиш, динда ғулувга кетиш ва мазҳабсизлик уруғларини сочмоқдалар.
Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшлар тарбияси ва камолоти мақсадида юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганига ўзингиз гувоҳ бўлмоқдасиз. Ёшлар орасида китобхонликни ошириш учун жойларда янги кутубхоналар ташкил этилаётгани, мусобақалар ўтказилаётгани, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун жойларда тўгараклар, технопарклар очилаётгани, ёш олимлар учун берилаётган турли имтиёзлар шулар жумласидандир. Зеро, имон-эътиқоди мустаҳкам, илм-маърифатли, жисмонан соғлом ёшлар юртнинг буюк келажаги гаровидир.
Хулоса шуки, ёшларнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси, илм-маърифати билан ҳар бир ота-она ва масъуллар шуғулланса, келажакда бизнинг фарзандларимиздан ҳам Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Ибн Сино, Фарғоний, Алишер Навоий каби буюк олиму алломалар чиқади, иншоАллоҳ.[1]
Эшбоев Шаҳзод – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
[1] Ishmatbekov H. Hasanboyev O‘. Xolboyev G‘. Diniy-ma’rifiy suhbatlar. – Toshkent: “Shamsiddin Boboxonov” NMIU, 2021. – 240 b.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar