“ЙИЛНИНГ ЭНГ ЯХШИ АРАБ ТИЛИ ВА БАЛОҒАТИ ФАНИ ЎҚИТУВЧИСИ” ТАНЛОВИНИНГ РЕСПУБЛИКА БОСҚИЧИ МУСОБАҚАСИ
Юртимизда диний таълим тизимида фаолият юритаётган педагог-ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини ошириш, илғор тажрибаларни кенг оммалаштириш ҳамда таълим сифатини янада юксалтириш мақсадида қатор нуфузли танлов ва беллашувлар ташкил этиб келинмоқда.







Ана шундай муҳим тадбирлардан бири — Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ўтказиладиган “Йилнинг энг яхши Араб тили ва балоғати фани ўқитувчиси” танловининг республика босқичи жорий йилнинг 28-апрел куни “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида юқори савияда бўлиб ўтди.
Танлов анъанага мувофиқ Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Шундан сўнг “Имом Термизий”ўрта махсус ислом таълим муассасаси директори, устоз Камол домла Исламов кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим домла Муҳаммадсиддиқов сўзга чиқиб, муфтий ҳазратларининг самимий саломларини етказди ҳамда иштирокчиларга муваффақиятлартилаб, уларнинг касбий салоҳияти ва илмий даражаси юксалишида бундай беллашувларнинг ўрни беқиёс эканини қайд этди.







Шундан сўнг танлов иштирокчилари қуръа ташлаш йўли билан чиқиш тартибини аниқлаб олдилар. Мусобақа давомида улар 4 та муҳим шарт асосида ўзаро баҳс олиб бордилар.
Ҳар бир чиқиш малакали ва тажрибали ҳакамлар ҳайъати томонидан холисона баҳолаб борилди.
Танлов жараёни юқори савияда, қизғин ва муросасиз руҳда ўтди. Иштирокчилар ўз билим ва тажрибаларини намоён этиб, томошабинлар ва ҳакамлар эътиборига сазовор бўлдилар. Якуний натижаларга кўра энг муносиб иштирокчилар аниқланиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан тақдирландилар.













Якуний натижаларга кўра қуйидагилар ғолиб деб топилди:
1-ўрин: "Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Караматдин домла Нажиматдинов эгаллади. У 1-даражали диплом, “Ҳаж” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан мукофотланди.
2-ўрин: Тошкент ислом институти ўқитувчиси Комилхон домла Боқиев 2-даражали диплом, “Умра” сафари йўлланмаси ва смарт телевизор билан тақдирланди.
3-ўрин: "Ҳидоя" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Аъзам домла Саминовга эса 3-даражали диплом ва замонавий музлатгич тақдим этилди.
Шунингдек, "Хадичаи Кубро" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Моҳира Нигматова танловнинг фаол иштирокчиси деб топилиб, диплом ва смарт телевизор билан тақдирланди.









Танловда иштирок этган барча педагог-ўқитувчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Маълумот ўрнида, ушбу танлов Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус диний таълим муассасалари педагог-ўқитувчилари ўртасида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar