26.08.2026

Юксак эътироф — фидокорона меҳнатнинг муносиб қадри!

Юртимиз ҳаётидаги энг улуғ ва қадрли байрам — Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги кенг нишонланаётган ушбу қутлуғ кунларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби диний-маърифий йўналишда ҳам амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ва эришилаётган ютуқлар алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мустақиллик йилларида халқимизнинг бой маънавий-диний меросини асраш, буюк аждодларимизнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш ва ёш авлодни миллий қадриятлар руҳида тарбиялаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.

Айниқса, сўнгги йилларда диний соҳа вакиллари, устоз ва мураббийларнинг фидокорона меҳнатини муносиб қадрлаш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ана шундай юксак эътибор ва эътирофнинг яна бир ёрқин намунаси сифатида бугун 

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоаси учун ҳам қувончли воқеа юз берди.

 "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги" муносабати билан, таълим муассасаси директори Камол домла Исламов, муассаса ўқитувчилари Ғайрат домла Ризаев, Жўрахон домла Мамаюсупов ҳамда Бобошер домла Пармонов ўзларининг узоқ йиллик самарали меҳнатлари, таълим-тарбия ва диний-маърифий соҳадаги фидокорона фаолиятлари учун кўкрак нишонларини Сурхондарё вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари Абдурасул Носиржонович томонидан тантанали равишда топширилди. 

Ҳоким ўринбосари ўз сўзини давом эттириб: “Бу каби юксак эътироф ва рағбатлар Юртбошимиз томонидан таълим тизими, хусусан, диний соҳа ҳамда унда фаолият юритаётган фидойи инсонларга қаратилаётган юксак эътибор ва ишончнинг ёрқин ифодаси эканини алоҳида таъкидлади”.

 Шубҳасиз, бундай эътироф устоз ва ходимларимизни бундан буён ҳам янада катта масъулият, юксак шижоат ва фидойилик билан фаолият юритишга ундайди. Зеро, халқимиз маънавиятини юксалтириш, ёш авлодга аждодларимизнинг бой илмий-маърифий меросини етказиш ва уларни юртга садоқат, эзгулик ҳамда маърифат руҳида тарбиялаш бугунги куннинг энг шарафли ва масъулиятли вазифаларидан биридир.

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси жамоаси номидан юксак эътирофга сазовор бўлган устозларимизни самимий муборакбод этамиз! 

Уларга келгусидаги илмий-педагогик ва маърифий фаолиятларида улкан зафарлар, мустаҳкам соғлик ва янги муваффақиятлар тилаймиз.

 Юртимиз тинч, халқимиз фаровон, мустақиллигимиз абадий бўлсин!

️“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar