МУСТАҚИЛЛИК - БУЮК ҚАДРИЯТ, ЮКСАК ЭЪТИРОФ ВА КЕЛАЖАК САРИ МАСЪУЛИЯТ
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги - халқимиз ҳаётидаги энг улуғ, энг қадрли ва тарихий саналардан биридир. Бу сана бизга Ватанимизнинг босиб ўтган мураккаб ва шарафли йўлини яна бир бор ёдга олиш, мустақилликнинг қадр-қимматини чуқур англаш ҳамда келажак олдидаги масъулиятимизни ҳис этиш имконини беради. Зеро, мустақиллик - бу шунчаки давлат байрами эмас, балки халқмизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, миллий қадриятлари ва анъаналарини эркин ривожлантириши, фарзандларининг келажагини ўзи бунёд этиши учун берилган буюк имкониятдир.
Бугун биз мустақил давлат фуқаролари сифатида ўз тарихимиз, тилимиз, динимиз, маданиятимиз, урф-одатларимиз ва миллий қадриятларимиз билан фахрланиб яшаяпмиз. Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотлар, таълим ва илм-фанга қаратилаётган эътибор юртимиз тараққиётининг муҳим омилларидан бўлиб хизмат қилмоқда.
Айниқса, ёш авлодга яратилаётган имкониятлар мустақилликнинг энг катта неъматларидан биридир. Бугунги кунда ёшлар замонавий билимларни эгаллаши, хорижий тилларни ўрганиши, турли касб ва ҳунарларни эгаллаши, илмий изланиш олиб бориши ҳамда ўз истеъдодини намоён этиши учун кенг имкониятларга эга. Бу имкониятлардан унумли фойдаланиш эса ҳар бир ёшнинг ўз олдига қўйган мақсадига, интилишига ва меҳнатига боғлиқ.
Мустақиллик йилларида таълим соҳасига берилаётган эътибор мени ҳам бефарқ қолдирмади. Чунки таълим - жамият тараққиётининг энг муҳим пойдеворларидан биридир. Билимли, маърифатли ва мустақил фикрлайдиган ёшлар қанча кўп бўлса, мамлакатимизнинг келажаги ҳам шунчалик порлоқ бўлади. Шу сабабли ёшларнинг таълим олиши, хусусан, хорижий тилларни ўрганиши, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишига ўз ҳиссамизни қўшиш биз учун ҳам шараф, ҳам масъулиятдир.
Мен учун Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан боғлиқ яна бир муҳим ва унутилмас воқеа юз берди. Шу қутлуғ сана муносабати билан “Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирландим. Ушбу эътироф мен учун катта қувонч ва фахр бағишлади. Шу билан бирга, бу мукофотни келгусидаги фаолиятим учун катта масъулият ва ишонч сифатида қабул қиламан.
Ҳар қандай мукофот инсон учун қувончли воқеа бўлиши табиий. Аммо Ватанимиз мустақиллигининг 35 йиллиги каби тарихий сана муносабати билан берилган эсдалик нишонининг мен учун маъноси янада чуқурроқдир. Чунки бу нишон нафақат бирор фаолиятнинг эътирофи, балки мустақиллик йилларида амалга оширилаётган эзгу ишларга муносиб ҳисса қўшишга бўлган ишонч рамзидир.
Мен ушбу мукофотни шахсий ютуғим сифатида эмас, балки меҳнат қилаётган барча инсонларга берилаётган рағбат ва эътиборнинг бир кўриниши сифатида қабул қиламан. Чунки ҳар қандай натижанинг ортида кўплаб инсонларнинг дуоси, қўллаб-қувватлаши, меҳнати ва ишончи туради. Шу сабабли менга билдирилган ишончни қадрлаш ва уни ўз фаолиятим билан оқлашни муҳим вазифа деб биламан.
Инсон ҳаётида шундай лаҳзалар бўладики, улар унга ўтган йўлини сарҳисоб қилиш ва келажакдаги мақсадларини қайта кўриб чиқиш учун туртки беради. “Мустақиллигимиз 35 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган куним ҳам мен учун ана шундай унутилмас кунлардан бири бўлди. Бу эътироф менга эришилган натижалар билан кифояланиб қолмаслик, аксинча, янада кўпроқ изланиш, меҳнат қилиш ва янги мақсадлар сари интилиш кераклигини эслатди.
Бугунги кунда Ватан равнақи фақатгина катта давлат лойиҳалари ёки йирик бунёдкорлик ишлари билан эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ўз касбига сидқидилдан ёндашиши, ҳалол меҳнат қилиши ва жамиятга фойдали бўлиши билан ҳам белгиланади. Ўқитувчи ўз шогирдига сифатли таълим берса, шифокор ўз беморига виждонан хизмат қилса, тадбиркор янги иш ўринлари яратса, ёшлар илм олишга интилса - буларнинг барчаси Ватан тараққиётига қўшилган ҳиссадир.
Мен ҳам ўз фаолиятим орқали, айниқса, таълим ва ёшлар билан ишлаш йўналишида юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйганман. Ёшларнинг билимга бўлган қизиқишини ошириш, уларга хорижий тилларни ўрганишда кўмаклашиш, ўз устида ишлашга ундаш ва келажакдаги мақсадларини аниқ белгилашига ёрдам бериш - мен учун оддий иш эмас, балки катта масъулиятдир.
Зеро, бугун биз таълим берган ёки йўл кўрсатган ёшлар эртага жамиятимизнинг турли соҳаларида фаолият юритади. Уларнинг ҳар бир муваффақияти, аввало, оиласи, устозлари ва Ватанимиз учун қувончдир. Шу маънода, ёшлар таълимига қўшилган ҳар қандай ҳисса келажак учун қилинган сармоядир.
Мустақиллик бизга эркинлик билан бирга катта масъулият ҳам берди. Озод ва мустақил давлатда яшаш - унинг келажагига бефарқ бўлмасликни, юрт тинчлигини қадрлашни, халқ манфаатини ўйлашни ва ўз имкониятимиздан Ватан равнақи йўлида фойдаланишни талаб қилади. Шунинг учун мустақилликни асраш фақат давлат ёки айрим инсонларнинг вазифаси эмас. Бу барчамизнинг умумий бурчимиздир.
Бугунги тинч ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, ота-оналаримиз ва аждодларимизнинг меҳнатини қадрлашимиз, тарихимизни чуқур ўрганишимиз ва келажак авлодга муносиб Ватан қолдиришимиз керак. Айниқса, ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур, масъулият ва бунёдкорлик руҳини шакллантириш жуда муҳимдир.
“Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги” эсдалик нишони мен учун ана шу қадриятларни янада чуқурроқ ҳис этишимга сабаб бўлган эътирофдир. Ушбу нишон менга ўз олдимдаги вазифаларни янада катта масъулият билан бажариш, янги марраларни кўзлаш ва Ватанимиз учун фойдали ишларни кўпайтириш зарурлигини эслатиб туради.
Мен ушбу юксак эътироф учун миннатдорчилик билдираман. Менга билдирилган ишончни келгусидаги меҳнатим, изланишларим ва эзгу ташаббусларим билан оқлашга ҳаракат қиламан. Чунки инсон учун энг катта мукофот - унинг меҳнати эл-юрт томонидан қадрланиши, қилган эзгу ишлари жамиятга наф келтириши ва ортидан яхши ном қолдиришидир.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги барчамиз учун яна бир бор ўзимизга савол берадиган, келажак ҳақида ўйлайдиган ва янги мақсадларни белгилайдиган улуғ сана бўлсин. Юртимиз тараққиёти йўлида ҳар биримиз ўз ўрнимизда фидойилик билан меҳнат қилайлик. Зеро, буюк келажак катта-катта орзулардан эмас, балки бугунги кундаги ҳалол меҳнат, илм, интилиш ва эзгу амаллардан бунёд бўлади.
Фурсатдан фойдаланиб, барча юртдошларимизни Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, халқимиз фаровон бўлсин. Ҳар бир хонадонда осойишталик ва файз-барака ҳукм сурсин. Ёшларимиз билимли, маърифатли, ватанпарвар ва юртимиз келажаги учун муносиб авлод бўлиб вояга етсин.
Мамаюсупов Жўрахон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar