20.10.2026

Китоблар орасида дунёга келган аллома

Кишининг аввали унинг келажагидан дарак бериши мумкин. Халқимиз орасида ёшлигиданоқ ўзининг иқтидори, зеҳни ва ажойиб хатти-ҳаракатлари билан ажралиб турган болаларни кўрганимизда: «Бўладиган бола бўлади-ёв», деган иборани кўп эшитамиз.

Тарих саҳифаларида ҳам ёшлигидан илмга муҳаббати, заковати ва тиришқоқлиги билан ажралиб турган буюк зотлар талайгина. Уларнинг ҳаёт йўлларига назар ташлар эканмиз, айрим воқеалар кишини ҳайратга солади, қалбини ҳаяжонга тўлдиради ва илм йўлида янада ғайратли бўлишга ундайди.

Ана шундай ибратли воқеалардан бири буюк муҳаддис, муфассир ва сермаҳсул асарлар муаллифи Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳнинг дунёга келишлари билан боғлиқ.

Аллома Шайх Абдулфаттоҳ Абу Ғудда раҳимаҳуллоҳ ўзларининг

«Уламолар наздида вақтнинг қадри» номли асарларида кўплаб буюк олимларнинг илмга бўлган муносабати, вақтни қадрлашлари ва ҳаётларидан ибратли лавҳаларни келтирадилар. Ана шу зотлар орасида тафсир илмининг машҳур намояндаларидан бири — Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ ҳақида ҳам сўз юритадилар.

Имом Суютийнинг тўлиқ исмлари Абдураҳмон бўлиб, у зот Жалолиддин номи билан машҳур бўлганлар. Манбаларда у кишининг «Ибнул-кутуб», яъни «Китоблар фарзанди» деган лақаб билан танилганлари ҳам зикр қилинади.

Абдулқодир Айдарусий нақл қилган ривоятга кўра, бу лақабнинг ўзига хос тарихи бор.

Имом Суютийнинг оталари ҳам ўз даврининг илм аҳлидан бўлиб, китоб мутолаасига алоҳида муҳаббат қўйган эдилар. Бирор китоб мутолаасига берилиб кетганларида, унинг мазмунини чуқур ўрганишга шу қадар шўнғирдиларки, ўзларини мутолаадан ажратиш осон бўлмасди.

Кунларнинг бирида оталари бир китобга эҳтиёж сезиб, ҳомиладор аёлларидан кутубхонадан ўша китобни олиб келишларини сўрадилар. Оналари китобни олиб чиқаётган пайтларида тўлғоқ бошланиб, бўлажак аллома айнан китоблар орасида дунёга келган эканлар.

Шу тариқа Имом Суютийга «Ибнул-кутуб» — «Китоблар фарзанди» лақаби берилгани нақл қилинади.

Албатта, бу воқеа тарихий манбаларда келтирилган ривоят сифатида баён қилинади. Аммо ундаги рамзий маъно кишини ўйга толдиради: гўё умр бўйи китоблар билан ҳамнафас яшайдиган, илм йўлида улкан мерос қолдирадиган зотнинг ҳаёт йўли китоблар орасидан бошланган эди.

Ёшлигидан илмга ташналик

Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ ҳижрий 849-йилда, милодий 1445-йилда Мисрнинг Қоҳира шаҳрида дунёга келганлар. Ёшлигидан илм муҳитида вояга етган аллома Қуръони каримни саккиз ёшларида тўлиқ ёд олганлар.

Шундан сўнг фиқҳ, усул, ҳадис, тафсир ва араб тили каби илмларни чуқур ўрганишга киришганлар. У зотнинг ёшлигиданоқ юксак илмий салоҳият кўрсатганлари тарихий манбаларда қайд этилади.

Имом Суютий араб тилидаги машҳур назмий асарлардан бири — Ибн Моликнинг «Алфийя»сини ҳамда бошқа муҳим илмий матнларни ёд олганлар. Бу эса у зотнинг хотиралари кучли, илм олишга бўлган иштиёқлари эса ниҳоятда юқори бўлганидан далолат беради.

Аллома ҳали жуда ёш бўлган чоғларидаёқ асарлар ёзишга киришганлар. Манбаларда дастлабки илмий асарларини ўн етти ёшларида ёзганлари зикр қилинади.

Бу ёшдаги кўпчилик ҳали илмнинг бошланғич босқичларини ўрганаётган бир пайтда, Имом Суютий ўз билимларини бошқаларга етказиш ва илмий мерос яратиш йўлига кирган эдилар.

«Тафсири Жалолайн» - улкан илмий мерос

Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳ номлари бугунги кунда ҳам мусулмон оламида кенг танилган. Бунинг асосий сабабларидан бири — у зотнинг тафсир фанидаги таълиф этган асари «Тафсири Жалолайн» дир. 

Мазкур тафсир икки буюк олим — Жалолиддин Маҳаллий ва Жалолиддин Суютий томонидан ёзилган. Асарни дастлаб Жалолиддин Маҳаллий бошлаб, унинг бир қисмини ёзганлар. Кейинчалик Имом Суютий устозлари бошлаган ишни давом эттириб, тафсирни якунлаганлар.

Имом Суютий бу асарни жуда ёш — йигирма икки ёшларида якунлаганлари ҳақида маълумотлар келтирилади.

Бу ҳолат у зотнинг илмий салоҳияти, кенг билими ва меҳнатсеварлигини яққол намоён этади.

Имом Жалолиддин Суютий раҳимаҳуллоҳнинг ҳаётлари илмга муҳаббат, вақтни қадрлаш, тиришқоқлик ва умрни фойдали ишларга бағишлаш борасида биз учун катта ибратдир.

«Ибнул-кутуб» — «Китоблар фарзанди» лақаби билан боғлиқ ривоятнинг ўзиёқ кишини чуқур мулоҳазага чорлайди. Китоблар орасида дунёга келгани нақл қилинган бу зот кейинчалик бутун умрларини китоб мутолааси, илмий изланиш ва асарлар ёзишга бағишладилар. Уларнинг илмий мероси эса орадан асрлар ўтса-да, ҳануз ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ.

Аллоҳ таоло Имом Жалолиддин Суютий ва бошқа барча илм аҳлларидан рози бўлсин, бизларга ҳам илмни севиш, вақтни қадрлаш ва ўрганганларимизга амал қилишни насиб этсин. 

 

Ураимжонов Диёрбек – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 2-босқич талабаси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar