25.06.2026

Таълим муассаса талабаларига ижоза топширилди

▪️Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким умматимга дини билан алоқадор қирқта ҳадис ёдлатса, Аллоҳ таоло уни қиёмат куни фақиҳлар ва олимлар гуруҳига киритади», деб марҳамат қилганлар.

Ушбу муборак анъанага мувофиқ равишда Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси Ҳадис фани ўқитувчиси Ҳабибуллоҳ домла Жуманазаров бошчилигида 3-курс талабалари томонидан Имом Нававий раҳимаҳуллоҳнинг машҳур “Ал-Арбаъин ан-Нававийя” (“Қирқ ҳадис”) асари тўлиқ ўзлаштирилди.

Талабалар ҳадисларни нафақат ёд олдилар, балки уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб, шарҳлари билан бирга устозларига мутолаа қилиб бердилар. Ушбу жараён давомида ҳадис илмининг аҳамияти, ривоят усуллари ҳамда ҳадисларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мўтабар ижоза анъаналарига мувофиқ равишда асарни тўлиқ ўқиб тамомлаган ва белгиланган талабларни муваффақиятли бажарган талабаларга устозлари томонидан ҳадис ривояти ва таълими силсиласининг давомийлигини ифодаловчи “Ижоза” ҳужжати топширилди.

Тадбир давомида ижозанинг мазмуни, унинг илмий ва маънавий аҳамияти, қайси шартлар асосида берилиши ҳамда ушбу шарафли омонатни кейинги авлодларга ишончли тарзда етказиш масалалари ҳақида батафсил тушунчалар берилди. 
Шунингдек, талабалар ҳадис илмини эгаллаш ва уни бошқаларга етказиш йўлида масъулият, ихлос ва илмий одобнинг нақадар муҳим экани борасида қимматли насиҳатлар олдилар.

Аллоҳ таоло ушбу илмий-маърифий саъй-ҳаракатларни қабул айлаб, талабаларимизни ҳадис илмининг хизматкорлари ва Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларининг тарғиботчиларидан қилсин.

✍️“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar