19.10.2026

“ИСЛОМ ТАРИХИ” ФАНИДАН ОЧИҚ ДАРС

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси Абдулбосит домла Хамидов томонидан 401-гуруҳ талабалари учун “Ислом тарихи” фанидан “Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг ҳаёт йўллари” мавзусида очиқ дарс машғулоти ўтказилди.

Очиқ дарс давомида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ислом тарихидаги ўрни, насл-насаби, Ислом динини қабул қилиши, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган садоқати ҳамда Макка давридаги фаолияти ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, у зотнинг ҳижратдаги ҳамроҳлиги, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан сўнг мусулмонларга раҳбар этиб сайланиши ва халифалик давридаги муҳим фаолиятлари ҳақида сўз юритилди. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг садоқат, сабр-тоқат, фидойилик, адолат ва қатъият каби юксак фазилатлари ҳаётий мисоллар асосида ёритилди.

Дарс жараёнида талабалар мавзу юзасидан савол-жавоб ва муҳокамаларда фаол иштирок этиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар. Машғулот якунида мавзу бўйича хулосалар қилиниб, талабаларга Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг ибратли ҳаёт йўлларидан ўрнак олиш, илм ва одобни биргаликда эгаллаш муҳимлиги таъкидланди.

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar