07.10.2026

ХАТМ КУТУБ АНЪАНАСИ ДАВОМ ЭТМОҚДА

Буюк муҳаддис Имом Термизий ва Термизий алломаларнинг ҳаёти, илмий фаолияти ҳамда бой маънавий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг бебаҳо асарларини ёш авлодга етказиш мақсадида Имом Термизий номидаги ислом институти томонидан маънавий-маърифий тадбирлар изчил давом эттирилмоқда.

Шу эзгу мақсадлар йўлида буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий ҳазратларининг ислом оламида юксак илмий аҳамиятга эга бўлган “Сунани Термизий” асарини таълим муассасасининг 3-босқич талабалари тўлиқ хатм қилиб якунладилар ҳамда ижозалар топширилди. Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда, 2-босқич талабалари ҳам “Сунани Термизий” асарини хатм қилишни бошладилар.

Мазкур саъй-ҳаракатлар доирасида таълим муассасаси талабалари устозлар — Имомиддин домла Бобоқулов, Муҳаммад Ходий домла Ахмедов ҳамда Ҳабибулло домла Жуманазаров раҳбарлигида Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида жойлашган буюк муҳаддис Абу Исо ат-Термизий ҳазратларининг қабрларини зиёрат қилдилар.

Зиёрат аввалида Қуръони карим тиловат қилиниб, аллома ва ўтган аждодлар ҳаққига дуолар қилинди. Шунингдек, буюк муҳаддиснинг ҳаёти, илмий мероси ва ҳадис илмининг ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида талабаларга маълумотлар берилди.

Зиёрат давомида талабалар алломанинг машҳур “Сунани Термизий” асаридан намуналар ўқиб эшиттириб, ундаги ҳадисларнинг мазмун-моҳияти, илмий ва тарбиявий аҳамияти ҳақида фикр алмашдилар. Бу каби амалий машғулотлар талабаларнинг ҳадис илми бўйича назарий билимларини мустаҳкамлаш, аждодларимизнинг илмий меросига бўлган ҳурматини янада ошириш ҳамда уларда илмга, китоб мутолаасига бўлган қизиқишни кучайтиришга хизмат қилмоқда.

“Хатм кутуб” анъанаси орқали талабалар нафақат буюк алломаларимизнинг асарларини мунтазам ўрганиб, уларнинг илмий меросидан баҳраманд бўлмоқдалар, балки аждодларимизга муносиб авлод бўлиш, илм ва маърифат йўлида изланиш ҳамда олган билимларини ҳаётга татбиқ этиш руҳида тарбияланмоқдалар.

Бундай эзгу ташаббусларнинг изчил давом эттирилиши ёш авлод қалбида илмга муҳаббат, китобга эҳтиром, аждодлар меросига садоқат ва миллий-маънавий қадриятларга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar