19.10.2026

ИЛМ ВА ТАРБИЯ ФИДОЙИЛАРИГА ЭҲТИРОМ

"1-октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабати билан Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида устоз ва мураббийларнинг шарафли меҳнатини эъзозлаш, уларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишга бағишланган байрам тадбири ташкил этилди.

Тадбирда таълим муассасаси ректори Камол домла Исламов, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Сурхондарё вилояти вакили ўринбосари Абдуҳалил домла Абдуназаров, “Вақф” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилояти бўлими раҳбари Абдусалом домла Фатуллаев, шунингдек, таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва ходимлари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида устоз ва мураббийларнинг жамият маънавий ҳаётидаги ўрни, ёш авлодга илм-маърифат ва одоб-ахлоқ асосларини сингдириш йўлидаги фидокорона меҳнати алоҳида эътироф этилди. Устозларга самимий тилаклар билдирилиб, уларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятига юксак ҳурмат изҳор қилинди.

Шунингдек, тадбир давомида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан таълим муассасаларининг устоз ва ходимларига байрам муносабати билан эзгу туҳфалари тақдим этилди.

5 нафар фидойи ўқитувчига моддий ёрдам пуллари;
31 нафар ўқитувчи ва ходимга байрамона озиқ-овқат маҳсулотлари жамланмалари топширилди.

Байрам тадбири кўтаринки руҳда ўтиб, унда устозларга бўлган ҳурмат ва эҳтиром, уларнинг меҳнатини қадрлаш ҳамда қўллаб-қувватлаш каби эзгу қадриятлар яна бир бор намоён бўлди.

Имом Термизий номидаги ислом институти ҳамда “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасижамоаси устоз ва ходимларга кўрсатилаётган доимий эътибор, ғамхўрлик ва саховат учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбарияти ва барча мутасаддиларига самимий миннатдорлик билдиради.

Аллоҳ таоло барча устоз ва мураббийларимизнинг илм-маърифат йўлидаги хизматларини зиёда, меҳнатларини самарали ва баракали қилсин! Шогирдларининг камолини кўриб, эл-юрт ардоғида, ҳурмат-эҳтиромда юришларини насиб айласин!

“Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar