19.10.2026

Таълим муассасада “Она тилим — фахрим” мавзусида маънавият соати ўтказилди

Бугун “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида “Маънавият соати” доирасида “Она тилим — фахрим!” мавзусида маънавий-маърифий дарс ташкил этилди.

Тадбирда таълим муассасанинг Маънавият-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Имомиддин домла Бобоқулов, талабалар турар жойи педагоги Саидбурхон домла Давутов ҳамда талабалар иштирок этди.

Дарс давомида она тилининг миллат ҳаёти, маънавияти ва маданиятидаги беқиёс ўрни, унинг халқнинг миллий ўзлиги, тарихи ва қадриятларини сақлашдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр юритилди. Шунингдек, ўзбек тилининг бой тарихи, бетакрор жозибаси, сўзлашув ва ёзув маданиятига риоя қилиш, адабий тил меъёрларига амал қилиш ҳамда она тилига ҳурмат билан муносабатда бўлиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда тилга эҳтиром кўрсатиш, уни асраб-авайлаш ва келажак авлодга соф ҳолда етказиш ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи экани таъкидланди. Айниқса, ёшларнинг нутқ маданиятини юксалтириш, ўз фикрини она тилида равон, аниқ ва мазмунли ифодалаш кўникмаларини шакллантириш муҳимлиги қайд этилди.

Шунингдек, талабаларга буюк аждодларимизнинг она тилимиз равнақига қўшган ҳиссаси, хусусан, Алишер Навоий ижодининг ўзбек адабий тили тараққиётидаги ўрни ҳақида тушунчалар берилди.



“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar