20.10.2026

Талабалар турар жойининг куз-қиш мавсумига тайёргарлиги кўздан кечирилди

Бугун “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида куз-қиш мавсумини муносиб ва беталафот ўтказиш, талабаларга қулай ҳамда хавфсиз шароит яратиш мақсадида талабалар турар жойининг ҳолати кўздан кечирилди.

Жараёнда таълим муассасаси директори Камол домла Исламов, директор ўринбосари Имомиддин домла Бобоқулов, таълим муассаса коменданти Аҳмад Абдураҳмоновлар талабалар турар жойидаги мавжуд шароитлар билан яқиндан танишиб, бинонинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўргандилар.

Кўздан кечириш давомида хоналарни иситиш тизимлари, электр жиҳозлари, ётоқхоналарнинг санитария-гигиена ҳолати ҳамда талабаларнинг яшаши учун яратилган шароитларга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, совуқ кунларда иссиқлик таъминотининг барқарорлигини таъминлаш, электр ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш, мавжуд камчиликларни ўз вақтида бартараф қилиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Масъулларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш, зарур тайёргарлик ишларини ўз вақтида амалга ошириш ҳамда талабалар учун қулай, шинам ва хавфсиз яшаш шароитларини яратиш бўйича тегишли вазифалар белгилаб берилди.

Мазкур ишлар куз-қиш мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, талабаларнинг саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш ҳамда таълим муассасасида яратилган шароитларни янада яхшилашга хизмат қилади.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar