Намознинг одоблари ва комиллиги
Тасаввур қилинг, сиз бутун коинотнинг Яратувчиси, барча подшоҳларнинг Подшоҳи бўлган Аллоҳ таолонинг олий даргоҳига юзланмоқдасиз. У зот сизни эшитадиган, дуоларингизни ижобат қиладиган ва сизни гуноҳлардан поклайдиган Зоддир. Мана шу айтиш жоиз бўлса сизнинг Аллоҳ билан учрашувингиз-муроожаатингиз, намоздир. Намоз шунчаки кунлик мажбурият ёки қуруқ жисмоний ҳаракатлар йиғиндиси эмас. У — банданинг Роб таоло билан боғланишидир. Бироқ, бу учрашувнинг ўзига хос илоҳий қоидалари ва одоблари борки, уларсиз ибодатнинг ҳақиқий лаззатини ҳис қилиб бўлмайди. Намознинг қалбимизга шифо, ҳаётимизга нур бўлиши унинг ташқи ва ички одобларига қанчалик риоя қилишимизга боғлиқ. Аслида намознинг фазилатлари ва унга доир турли хил масалани баён қилиш учун озгина сўз кифоя қилмайди. Ислом тарихида ёзилган фиқҳий асарларда “намоз боби” ёки “намоз китоби” деб намозга доир масалалар алоҳида ёритилади. Деярли барча фиқҳий китоблар энг аввал намозга алоқадор бўлган поклик ёки таҳорат қисмидан бошланади ва намоз боби билан давом этади. Шундай бўлсада, сиз азизларга эслатма сифатида энг муҳим деб билган баъзи бир фикрларимизни баён қилишимизга ижозат бергайсиз!
Қуйида намозни оддий одатдан, юксак ибодат даражасига кўтарувчи энг гўзал одоб-қоидаларини қисқача баён этамиз. Токи намозимиз бизнинг мажбуиятимиз эмас роҳатимизга айлансин. Намоз ибодати учрашув жойига келишдан олдин — таҳорат билан бошланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳоратнинг намоз учун қанчалик буюк пойдевор эканини шундай таърифляганлар:
«Агар бирортангизнинг эшиги олдидан ариқ оқиб ўтса ва у унда ҳар куни беш маҳал ювинса, унинг баданида кир қоладими?» Саҳобалар: «Йўқ», дейишди. У зот: «Беш вақт намоз ҳам шунга ўхшайди, Аллоҳ у сабабли хатоларни ўчиради» дедилар (Саҳиҳул Бухорий).
Гўзал, покиза кийимлар кийиш ва хушбўйланиш намознинг зоҳирий одоби бўлса, қалбни гина-кудурат ҳамда дунё ташвишларидан ювиш унинг ботиний одобидир. Аллоҳ таоло Қуръонда: «Эй Одам болалари, ҳар бир сажда жойида зийнатингизни олинг» («Аъроф» сураси, 31-оят) деб буюрган. Қиёмга турган инсон нафақат танаси, балки бутун диққат-эътибори ва холис нияти билан Қиблага юзланиши, риё ҳамда хўжамкўрсиндан буткул узоқ бўлиши лозим.
Бундан ташқари намозда қалбнинг ҳозир бўлиши, яъни Аллоҳнинг буюклигини ҳис қилиб, Ундан қўрқиш ва умид қилиш туйғуси билан мамоз ўқиш керак. Аллоҳ таоло Қуръони каримда нажот топувчи мўминларни биринчи навбатда айнан шу сифат билан таърифлаган:
«Батаҳқиқ, мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида хушуъ қилгувчилардир» («Мўминун» сураси, 1–2-оятлар).
Такбири таҳрима («Аллоҳу акбар») айтиб намозга киришгач, дунёдаги барча ташвишларни ортда қолдириб, Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш керак. Қиёмга саждагоҳга, рукуда оёқ учларига, саждада бурун юмшоқларига ва қаъдада тиззаларга қараш ҳамда бармоқларни беҳуда ўйнамаслик хушунинг шартларидир. Хушу билан намоз ўқиш мана шу — Яратган билан ҳақиқий боғланишдир. Замонавий дунёнинг энг катта муаммоси — шошқалоқлик. Афсуски, бу иллат намозларимизга ҳам таъсир қилмоқда. Руку, сажда ва қиёмларни шошмасдан, ҳар бир аъзо ўз жойига жойлашгунча кутиб бажариш намознинг фарз ва вожибларидандир. Намозни қуш дон чўқигандек тез ўқиш одобга буткул зиддир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидга кирдилар. Бир киши ҳам кириб намоз ўқиди, сўнг келиб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга салом берди. У зот саломга алик олдилар ва: "Ортангга қайт ва қайтадан намоз ўқи, чунки сен намоз ўқимадинг", дедилар». Бу ҳолат уч марта такрорлангач, ҳалиги киши намозни қандай ўқишни ўргатишни сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга руку ва саждани, қиёмни ҳар бир аъзо ўз жойида тўхтагунча, шошилмасдан қилишни ўргатдилар (Саҳиҳул Бухорий).
Ибодат асносида кийимларни тўғрилаш, соатга қараш ёки баданни беҳуда қашиш каби ортиқча ҳаракатлардан тийилиш ҳам намознинг шонига лойиқ гўзал одоблардандир. Намоз фақатгина жойнамоз устида тугаб қоладиган амал эмас. Намознинг энг буюк қоидаси ва натижаси — унинг инсон ҳаётини, хулқ-атворини ўзгартира олишидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Албатта, намоз фаҳш ва мункар (ишлар)дан қайтарур» («Анкабут» сураси, 45-оят).
Агар ўқиётган намозимиз бизни ёлғондан, бировнинг ҳақини ейишдан, ғийбат ва ёмон хулқдан тўса олмаётган бўлса, демак, биз намознинг фақат шаклини бажаряпмиз, унинг руҳини ва яширин одобларини топа олмаяпмиз. Жойнамоз устида Роббиси олдида эгилган қалб, ҳаётда ҳеч қачон ноҳақлик ва зулм олдида эгилмайди. Намозимизни гўзал қилайлик— шунда бутун ҳаётимиз ва охиратимиз гўзаллашади. Аллоҳ таоло барчамизнинг ибодатларимизни гўзал тарзда қабул айласин!
Баҳодиров Аъзамхон - Имом Термизий номидаги ислом институти 1-босқич талабаси
Имом Термизий НИИ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar