11.07.2022

Ўзбекистон халқига Қурбон ҳайити табриги

Муҳтарам ватандошлар!

Мана шу файзли дамларда Ер юзидаги жами мусулмон уммати қатори қалби шукуҳга тўлиб турган сиз, азизларни – нуроний отахон ва онахонларимизни, қадрли ака-ука ва опа-сингилларимизни, навқирон ёшларимизни, иймон-эътиқодли халқимизни улуғ айём – Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклаб, энг эзгу тилакларимни билдираман.

Ушбу саодатли онларда ҳаммамиз аввало Ийд ал-адҳо байрамига эл-юртимиз билан биргаликда тинчлик-омонлик ва сиҳат-саломатликда етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтишимиз табиийдир.

Барчамизга аёнки, ислом дини аввало тинчлик, эзгулик ва инсонийлик динидир.

Муқаддас Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган, хусусан, “Бақара” сурасида: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!” – дея марҳамат қилинган.

Ҳозирги ғоят мураккаб ва таҳликали замонда тинчлик ва осойишталикнинг қадрига етиш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ва мустаҳкамлашдек ўткир талаблар юртимизда яшаётган ҳар бир мўмин-мусулмон, ҳар бир инсон учун ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ишонаманки, бу эзгу ва муқаддас вазифа Ўзбекистонда яшаётган ҳар бир фуқаронинг қалб даъвати ва инсоний бурчига айланиб, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч, эркин ва фаровон ҳаётини, фарзандларимизнинг ёруғ келажагини таъминлаш йўлида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

 

Ҳурматли дўстлар!

Аллоҳ таоло томонидан азиз ва мукаррам қилиб яратилган инсонни, унинг шаъни, қадр-қиммати ва ҳурматини улуғлаш каби муқаддас тушунчаларни ўзида акс эттирган ушбу байрам юртимизда инсон қадрини юксалтириш, халқимизни ҳаётдан рози қилиш борасида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларимизнинг маъно-мазмунига ҳар томонлама уйғун ва ҳамоҳанг экани билан ҳам айниқса эътиборлидир.

Кейинги йилларда мамлакатимизда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантиришга ҳар томонлама эътибор қаратилмоқда. Табаррук зиёратгоҳ ва қадамжолар, кўҳна масжид ва мадрасаларни обод қилиш, буюк аждодларимизнинг бебаҳо маънавий-маърифий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасида олиб бораётган ишларимиз халқимиз ва дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилаётгани барчангизга яхши маълум.

Айниқса, фуқароларимизнинг диний эътиқод борасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланиб, мўмин-мусулмонларимиз ибодат амалларини эмин-эркин бажармоқдалар.

Бу ҳақда сўз юритганда, икки йиллик коронавирус пандемияси чекловларидан сўнг бу йил 12 минг ватандошимиз муқаддас ҳаж амалларини бажариш имконига эга бўлгани, кейинги 6 ойда 40 мингга яқин юртдошимиз умра зиёратини адо этганини таъкидлаш лозим.

Сўнгги йилларда шаклланган эзгу анъанамизга мувофиқ, Қурбон ҳайити муносабати билан эълон қилинган дам олиш кунлари юртдошларимизга бу айёмни ўз оиласи ва яқинлари бағрида янада мазмунли ўтказиш, гўзал ва бетакрор юртимиз бўйлаб кўнгилли саёҳатларни амалга ошириш учун қулайлик яратади.

Биз табаррук динимиз ва ўлмас қадриятларимиз, ўзаро ҳурмат, меҳр-мурувват, саховат ва ҳамжиҳатлик, сабру қаноат ва шукроналик сингари улуғ фазилатларни мустаҳкамлаб келаётган муборак Қурбон ҳайитининг барҳаёт анъаналари асрлар оша инсонларни, турли халқлар ва элатларни бирлаштирувчи беқиёс маънавий куч бўлиб хизмат қилаётганидан фахрланамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида яшаётган мусулмон дўст ва биродарларимизни, хорижий ҳамкорларимизни ушбу мўътабар айём билан қутлаб, уларга бардавом тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаймиз.

 

Азиз юртдошлар!

Барчангизни муқаддас Қурбон ҳайити байрами билан яна бир бор табриклайман.

Эл-юртимизнинг бу муборак ойда қилган ибодатлари, эзгу ниятлари ижобат бўлсин!

Аллоҳ таоло гўзал диёримизни, олижаноб ва бағрикенг халқимизни ҳамиша ўз паноҳида асрасин!

Азиз Ватанимизда тинчлик ва барқарорлик ҳамиша бардавом бўлсин!

Эзгу ишларимиз, интилишларимизда Яратганнинг Ўзи доимо мададкор бўлсин!

 

Шавкат Мирзиёев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти

 

 

https://president.uz/uz/lists/view/5326

Izoh qoldirish

Izohlar