Интернет ва ижтимоий тармоқларда “Экстремизм жамият хафсизлигига таҳдид” ва “Жиҳод тушунчасини сохталаштираётганлардан огоҳ бўлайлик!”
Тарихдан маълумки, инсон учун энг хавфли таҳдид бу маънавий таҳдиддир. Дарҳақиқат, бугун энг катта хавф сифатида диний экстремизм ва терроризм тилга олинмоқда. Терроризм биринчи галда инсоният учун энг муҳим ва қимматли бўлган бойлик, яъни тинчлик, кўнгил хотиржамлиги, мамлакат тараққиётининг муҳим тарихий омили бўлган фуқаролараро ҳамжиҳатликка рахна солувчи асримизнинг энг хавфли ижтимоий иллати сифатида тилга олинмоқда.
Бу каби хатарларга қарши республикамизда қатор тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Мазкур ташвиқотлар нафақат, ОАВлари орқали балки, турли ташкилотлар, айниқса, ўқув юртларида семинар-тренинг, “давра суҳбатлари” кўринишида ҳам намоён бўлмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасасида Интернет ва ижтимоий тармоқларда “Экстремизм жамият хафсизлигига таҳдид” ва “Жиҳод тушунчасини сохталаштираётганлардан огоҳ бўлайлик!” мавзусида ташкил этилди.
Тадбирни таълим муассасаси директори Ш.Умаров ўз кириш сўзида мамлакатимиз азалдан инсоний қадриятлар юксак баҳоланган ва улар диний қарашлар билан уйғунлашиб кетган диёр саналиши, шу аснода, ота-онага бўлган юксак эҳтиром, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат кўрсатиш, нафақат яқинлар балки, бегоналарга ҳам яхшилик қилиш каби азалий қадриятлар қон-қонимизга сингиб кетганини тилга олди. Шунингдек, у юқорида таъкидланган миллатимизнинг ўзига хос жиҳатлари муқаддас динимиз саналмиш - ислом ақидаларига мутаносиб келиши, ислом дини инсониятни ҳамжиҳатлик ва эзгуликка чорловчи дин эканлиги, тинчлик ва барқарорлик эса иқтисодиётнинг энг муҳим омили саналишини алоҳида тилга олди.
Шунингдек, таълим муассасаси ўқитувчиси Н.Тўхтаев, диний экстремизм ва терроризмнинг бутун дунёга солаётган хавфи ҳақида алоҳида тўхталиб, экстремистлар ва террористларнинг ғайри инсоний ва ғайри диний ҳаракатлари бизни доимо ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ҳақиқий диний қадриятларни уларнинг сохта ва ўта ғаразли талқинларидан кескин фарқлашга ёрдам берадиган билимларни эгаллашга ундаши, терроризмнинг бугунги кунда ўта хавфли сиёсий ҳодисага айланиб бораётганлигини тилга олди.
Таълим муассасаси директори Ш.Умаров йиғилганларга диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек диний-екстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 244/1-моддасига мувофиқ тақиқланиши, ушбу ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд олти ойгача қамоқ ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилангани эслатиб ўтилди.
Хулоса қилиб айтганда, глобал муаммо сифатида эътироф этиб келинаётган “Диний экстремизм ва терроризмга қарши” курашда фуқароларнинг мафкуравий иммунитетини ошириш ва маънавиятини юксалтириш долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шундай экан мана шундай оғир бир таҳликали даврда фарзандларимизни ёвуз кучларнинг қўлига бериб қўймаслигимиз, уларни ўзимиз тарбиямизга олишимиз, ҳамда оила - маҳалла - таълим муассасаси ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз, ота-оналаримизни ўз фарзандларининг тарбиясига алоҳида эътибор берган ҳолда, уларни доимо назорат қилиб боришимиз жуда муҳим ҳисобланади. Зеро, фарзандларининг келажакда етук, комил инсон бўлиб етишиши уларнинг ҳаётда берган тарбияларига боғлиқ.
Тадбир сўнгида 2022-2023 ўқув йилининг биринчи якуний имтихонларини аъло баҳоларга топширган таълабалар таълим муассасаси томонидан пул мукофоти билан тақдирланди.
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar