29.08.2025

Кенгаш йиғилиши № 1

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасида 2025–2026 ўқув йили бошланиши муносабати билан мударрислар кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишга таълим муассасаси директори К.Исламов, Маънавий-маърфий ишлар бўйича директор ўринбосари И.Бобоқулов, бўлим бошлиқлари, ўқитувчи ва ходимлар иштирок этдилар.

Йиғилиш аввалида таълим муассасаси директори К.Исламов, мадрасанинг одоб-ахлоқ қоидалари, талабалардан кутилаётган тартиб-интизом ва масъулият ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, янги ўқув йилида ушбу қоидаларга қатъий риоя қилиш муҳимлигини таъкидлади.

Сўнгра таълим муассасаси Маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари И. Бобоқулов ўтган бир йил давомида амалга оширилган маънавий-маърифий фаолиятлар, талабалар ўртасида ўтказилган турли тадбирлар ҳамда эришилган ютуқлар ҳақида ҳисобот берди. Шунингдек, келгусида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Шундан кейин ўқув-услубий бўлим мутахассиси А. Вайдуллаев сўз олиб, ўтган ўқув йилида дарс жараёнида эришилган натижалар, педагогик тажрибалар ва камчиликлар юзасидан таҳлилий маълумот берди. У янги ўқув йилида дарс машғулотларини янада самарали ташкил этиш, замонавий услуб ва технологиялардан кенг фойдаланиш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, йиғилиш давомида Қуръон курслари фаолиятини ривожлантириш, талабалар турар жойида маънавий-маърифий муҳитни кучайтириш, тартиб-интизом ва ободончиликка алоҳида эътибор қаратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Якунда кенгаш иштирокчилари янги ўқув йилини самарали ва мазмунли ташкил этиш, муассасада таълим-тарбия жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш бўйича аниқ режа ва вазифаларни белгилаб олдилар.

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar