02.07.2025

2-июл — Ўзбекистон Республикаси давлат Герби қабул қилинган кун

Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат Герби қабул қилинганлигига 33 йил тўлди.

1992-йил 2-июл куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир.

 Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби гуллаган водий узра чарақлаб турган қуёш тасвиридан ҳамда сўл томонида буғдой бошоқлари, ўнг томонида очилган пахта чаноқлари суврати туширилган чамбардан иборат.

Гербнинг юқори қисмида республика жипслигининг рамзи сифатида саккиз қиррали юлдуз тасвирланган: саккиз қирра ичида жойлашган ярим ой ва юлдуз мусулмонларнинг қутлуғ рамзидир.

Гербнинг марказида ҳиммат, олижаноблик ва фидойилик тимсоли бўлган афсонавий Хумо қуши қанотларини ёзиб турибди. Ушбу рамз ва тимсоллар халқимизнинг тинчлик, яхшилик, бахт-саодат, фаровонлик йўлидаги орзу-умидларини ифодалайди.

 Гербнинг пастки қисмида республика Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бандига “Ўзбекистон” деб ёзиб қўйилган.

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar