Ёшларни илмга йўналтириш - Динимиз талаби
Илм олиш динимизда энг улуғ ибодатлардан саналади. Чунки банда илм воситасида Раббисини танишга, У зотнинг буйруқларини бажаришга, шунингдек, барча мавжудотларга тааллуқли бўлган ҳақларни адо этишга муваффақ бўлади. Бирор бир дин илм олишга Ислом динидек тарғиб қилмаган. Шунингдек, Ислом дини жаҳолатга қарши илм-маърифат билан курашишга катта эътибор қаратган. Илк нозил бўлган ваҳийнинг “Ўқи” деб нозил бўлиши сўзимизнинг ёрқин далил бўла олади. Ўқиш – илмнинг калитидир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мусулмон киши илм олиши фарз экани ҳақида шундай деганлар:
. قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: طَلَبُ الْعِلْمِ فَرِيضَةٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ : عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، قَالَ
رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ
Яъни, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳар бир мусулмон кишига илм талаб қилиш фарздир”, дедилар”. Ибн Можа ривоят қилган.
Жаноб пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом айтдилар: «ҳар бир мусулмоннинг илм талаб қилиши фарздир». Маълумки, ҳар бир ишнинг илмини билиш, уни охирига етказиш ва мукаммал адо этишга асосий омил бґлади. Мўътабар манбаларда машойихларимиз: «Илмнинг афзали ҳол илмини билмоқдир»,- деб таъкидлаганлар. Бундан ҳамма илмларни ўрганиш фарз бўлмаслигини тушуниш мумкин. Балки, хозир бажарилиши лозим бўлган амалнинг илмини билмоғи инсонга буюрилади. Шунда қиладиган иши нуқсон ва камчиликлардан ҳолий ва илм билан бўлгани сабабидан мукаммал бўлади.
Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Жаҳолатдан-да кўра зарар берувчироқ нарса ҳам йўқ. Али розияллоҳу анҳу айтган экан: “Инсонларнинг энг қадри ози – илми озидир”, деганлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”, деган маънода машҳур сўзлари ҳам бор.
Шундай экан, илм ҳалқасига қўшилиш ва доимий илм излаш лозим бўлади. Чунки илм ўқиган киши Аллоҳнинг паноҳида бўлади. Шунингдек, илмдан юз ўгириш Аллоҳдан юз ўгириш экан. Аллоҳнинг ҳузуридан бошпана топмоқчи бўлсак, унутмайликки, бу нарсага илмсиз эришиб бўлмайди.
Пирназаров Раҳматуллоҳ - Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси 1-босқич талабаси
Таълим муассасаси матбуот хизмати
Izohlar