25.05.2023

Ҳизб ут таҳрирнинг аҳли сунна вал жамоа эътиқодига зид иддаоси

Ислом тарихига назар солар эканмиз, шу кунга қадар эътиқодий муҳим масалаларда тўғри йўлдан оғиб, адашган бошқаларни ҳам домига тортиб кетган кўплаб тоифа ва оқимларга гувоҳ бўламиз. Хавориж, шиа, жаҳмия, мўътазила, азориқа, қадария ва ҳоказо номларни келтириш мумкин. Адашган тоифалар тарафидан ҳар бир даврда турлича фитна иғво йўллари билан бу каби оқимлар ўртага чиқаверган, аҳли ҳақ олимлар томондан эса оммани уларнинг залолатларидан огоҳлантириш, уларга қарши илмий раддиялар ҳам изчил амалга ошириб борилган. Ва бу ҳол то даври қиёматгача давом этса ҳам ажабмас

Қабр азоби масаласида Aҳли сунна вал жамоа мазҳаблари билиттифоқ унинг содир бўлиши ҳақида бир тўхтамга келишган. Бу масалада жумҳур уламолар  Қуръон ва ҳадисдан далил келтирадилар.

النَّارُ يُعْرَضُونَ عَلَيْهَا غُدُوًّا وَعَشِيًّا ۖ وَيَوْمَ تَقُومُ السَّاعَةُ أَدْخِلُوا آلَ فِرْعَوْنَ أَشَدَّ الْعَذَابِ

“(У азоб қабрдаги бир) оловдирки, улар эртаю кеч унга тутиб турилурлар. Қиёмат қоим бўладиган кунда эса (дўзах фаришталарига) “Фиръавн зодагонларини энг қаттиқ азобга киритингиз” – (дейилур).” (Ғофир,46)

Мазкур оятни Ибн Касир шундай тафсир қилганлар: “Бу оят шубҳасиз Маккада нозил бўлган ва “Барзах ҳаёти” ўлимдан сўнг охиратгача бўлган вақт -  қабр азобига далолат қилади”. Шунингдек, фикрининг исботи ўлароқ Оиша (розияллоҳу анҳо)нинг қабр азоби ҳақидаги ҳадисини батафсил ёритиб берган. 

وَعَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهَا أَنَّ يَهُودِيَّةً دَخَلَتْ عَلَيْهَا فَذَكَرَتْ عَذَابَ الْقَبْرِ فَقَالَتْ لَهَا أَعَاذَكِ اللَّهُ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ فَسَأَلَتْ عَائِشَةُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنْ عَذَابِ الْقَبْرِ فَقَالَ: «نَعَمْ عَذَابُ الْقَبْر قَالَت عَائِشَة رَضِي الله عَنْهَا فَمَا رَأَيْتُ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بعد صلى صَلَاة إِلَّا تعوذ من عَذَاب الْقَبْر»

Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилинади: Бир яҳудий аёл унинг олдига кириб келди ва қабр азобини эслатди. Оиша онамиз: “Аллоҳ таоло сени қабр азобидан асрасин”- деди. Сўнгра Оиша онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қабр азоби ҳақида сўрадилар. Ул зот: “Ҳа, қабр азоби бор” дедилар. Оиша онамиз айтадиларки, шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намоз ўқисалар албатта қабр азобидан паноҳ сўрардилар.

Қуръони каримда келган бу хабар Фиръавн ва унинг қавми ҳамда уларга барзахда бериладиган оғир азоб ҳақидадир. Улар қиёмат куни ашаддий азобга киритилишдан аввал ҳам оловга тутиладилар. Бу оят аҳли сунна эътиқодига кўра барзах ҳаётидаги азоб, яъни қабр азобининг ҳақлигига далил бўлади. 

Умуман олганда бу масалада уламолар фикри уч қисмга бўлинади.

Биринчи қавл. Мазкур оят тафсирида бир гуруҳ уламолар қуйидаги нақлни қўллаб қувватлаганлар: “Фиръавн ва унинг қавмини руҳлари қора қушлар ичига солиниб, кечаю кундуз қиёматга қадар дўзах оловига тутиб турилади”. Имом Абдураззоқ ва Ибн Абу Ҳотим тафсирларида бу қавлни Ибн Масъуддан нақл қилганлар. Табарий шунга ўхшаш қавлни Ҳузайл ибн Шураҳбил, Суддий ва Авзоъийдан нақл қилган.  

 Иккинчи қавл. Мазкур оятни баъзи уламолар қуйидагича тафсир қилишган: “Фиръавн ва унинг қавми кечаю кундуз ўзларининг манзиллари (қабрлари) ўрнида оловга тутиб турилади”. Бу ривоятни Табарий, Мужоҳид ва Қатодадан ва бошқалардан ҳам ривоят қилган. 

Бу қавлни Ибн Касирдан ривоят қилинган бошқа бир ҳадис қувватлайди: “Уларнинг руҳлари қиёмат қоим бўлгунга қадар кечаю кундуз дўзах оловига тутиб турилади, қиёмат қоим бўлгач уларнинг руҳлари ва жасадлари дўзахда жамланади, шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло мазкур оятда азобнинг ашаддий ва оғир бўлишини таъкидламоқда” – деб, нақл қилади. 

Табарий бу икки қавлни нақл қилгандан кейин бу қавлларни авлоси ҳақида шундай дейди: Албатта, Аллоҳ таоло Фиръавн қавмини кечаю кундуз оловга тутишни хабарини беряпти. Бу дўзахга тутиш ҳолати Ҳузайлдан зикр қилганимиз  ва у кабилар айтганидек, Қатода ҳам шундай нақл қилган.  Бошқа хабар (мас, ҳадис) келмаса   ҳам ҳужжат қоим бўлади, чунки бундаги маъно Қуръон оятининг зоҳирий маъносида очиқ-ойдин маълум бўлиб турибти. 

Бу нақллардан маълум бўладики, жумҳур уламолар бу ҳолат барзах (қабр)да бўлшини иттифоқ қилганлар, фақатгина кайфияти (қандайлиги) ҳақида ихтилоф қилишган. 

Учинчи қавл. Бу ҳолат охиратда бўлади. Бу имом Фарронинг қавли. Унинг айтишича бу оятда “тақдим ва таъхир” қоидасига биноан оятнинг боши охирига охири эса бошига кўчган. (Яъни, Фиръавн қавмини ашаддий азобга киргизинг, улар оловга тутиладилар.)  

Табарий бу ихтилофларни бирма-бир зикр қилгандан сўнг хулосаи каломни айтади: “Жумҳур уламолар қавли саҳиҳ деб эътиборга олинади. Зеро, оят сиёқида очиқчасига қиёмат бўлишдан аввал қабр азобига исбот бўлувчи маъно бор. Аммо имом Фарронинг бадиъ ва маъоний илмидаги “тақдим ва таъхир” қоидасига биноан айтган қавлини исботи йўқдир”.

Лекин, мазкур далилларга  қарамасдан Ҳизб ут-таҳрир оқимидагилар турли важлар билан қабр азобини инкор қилишади. Уларнинг ғоявий раҳнамоси Тақийиддин Набаҳонийнинг “Кайфияту изолат ил-атриба” асарида “Қабр азобига ишониш мумкин, аммо эътиқод қилиш ҳаром”- деган гапи бор.

Уларнинг фикрича мазкур оятда “Қабр азоби” лафзи очиқ айтилмаган ҳамда уламолар ихтилофли фикрларни айтишган. Лекин масалага виждонан ёндашилса ҳаммаси очиқ-ойдин баён қилинганини кўриш мумкин. Шунга қарамасдан улар ишониш мумкин, лекин эътиқод қилиш ҳаром, деган фикрни айтишади. Ваҳоланки, оятни қўллаб қувватловчи қанчадан қанча саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Аслида “ишониш” ва “эътиқод қилиш” иборалари бир-бирига синоним бўлиб, бир хил маънони касб этади. Ишонамиз, лекин эътиқод қилмаймиз деган гап, “ишонамиз ва лекин ишонмаймиз” – деган гапга ўхшайди. Бу ибора умуман мантиққа тўғри келмайди. 

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ҳизб ут-таҳрир бир сиёсий фирқа бўлиб, уларнинг тутуриқсиз ғоялари Ислом эътиқодига умуман алоқадор эмас. Улар шунчаки, ўзларининг сиёсий ғояларини қўллаб-қувватлаш учун оят ва ҳадислардан дастак сифатида фойдаланишади холос. Аллоҳим! дининг билан ўйнашганларга ўзинг кифоят қил!   

 

 

Улжаев Умарали - Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази илмий ходими

 

Таълим муассасаси матбуот хизмати

 

Izoh qoldirish

Izohlar